Саналар
04.12.2024
Баннер
Баннер
Қонхўр “қаҳрамонлар”. Тарихда “Георгий лентаси”ни кимлар таққан?
Муаллиф:    30.09.2023 21:13    PDF Босма E-mail

Кейинги йилларда 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида жойларда “Георгий лентаси”ни тарқатиш, машиналарга тақиб юришдек бир манзара кўнгилни хижил қилмоқда. Хўш, бу тасманинг Иккинчи жаҳон урушига дахли борми? Йўқ! Негаки, тасманинг келиб чиқиши рус ҳукмдори Екатерина ИИ томонидан 1769 йил рус-турк уруши пайтида таъсис этган авлиё Георгий орденига бориб тақалади. Ушбу орден қора-сариқ ранглардан иборат тасма билан безатилган эди. Шундан сўнг рус ҳарбийларининг орденлари ана шу боғич билан безатиладиган бўлди. Кейинчалик рус армияси Хива, Қўқон хонликлари, Бухоро амирлигини забт этиб, унда қатнашган зобит ва генералларни ҳам “Георгий ордени” билан тақдирлайди. Ва, албатта, бу орденларнинг боғичи бугун айримлар фахр билан тарқатиб юрган “георгий лентаси” билан безатилган эди. Ушбу мақолада юртимизга бостириб келиб, тинч аҳолини, аёллар ҳамда болаларни шафқатсизларча ўлдиргани учун “Георгий ордени” билан мукофотланган айрим “қаҳрамонлар” ҳақида ҳикоя қилинади.

Тошкент шаҳрини сувсиз қолдириб, портлатган “қаҳрамон” генерал

ХИХ аср ўрталарига келиб Ўрта Осиёни босиб олиш ҳар кеча рус генералларининг тушларига ҳам кирадиган бўлди. Шундайлардан бири М.А.Черняев эди. У Авлиёота ва Чимкентни босганидан кўп ўтмай, яъни 1864 йилнинг 27 сентябрида, 8 та рота, 12 та замбарак, 100 нафар казак, 1500 аскар ва 400 нафар қозоқ кўнгиллилари билан Тошкентга юзланади. 1864 йил 2 октябрда эрталабдан ҳар икки томонда тўплардан ўқ отилади. Шундан кейин подполковник Обух 2 та рота аскари ва 4 та тўпи билан ҳужумга ўтиб деворни тешишга эришади. Бу ҳақида тарихчи Муҳаммад Солиҳ Тошкандий “Ўруслар олға чопиб зовурга ўзларини урдилар; уларнинг иккинчи гуруҳи ёрдамга келмоқда эди. Шу онда девор устидаги шертабиат ва довюраклар ўзларини пастга ташлаб, зовур ичида ўруслар билан ёқама-ёқа ушлашиб, уларни ханжар билан ўлдира бошладилар. Ҳатто баъзи кишилар қочиб кетаётган душман орқасидан қувиб бориб, ханжар ва қилич билан жанг қилдилар. Зовур ичидаги ўруслардан уруш ва талаш билан 72 кишининг боши кесилиб, яроғ-аслаҳалари ғозийларга бўлиб берилди”, деб ёзади.
Алалхусус, бу тўқнашувдан сўнг генерал шармандаларча чекиниб, 4 октябрда Чимкентга қайтиб кетди. 1865 йил апрель ойида Черняев яна Тошкентга юриш бошлайди. Аммо бу уриниши ҳам беҳуда кетгач, зарурий чораларни кўради. У аввало, Тошкентга келадиган асосий сув йўлини тўсиб қўяди ва амирнинг бошкентга юришидан чўчиб, Чиноз қалъасини эгаллаб олади. Руслар вақти-вақти билан шаҳарни тўплардан ўққа тутиб туришади. Бу орада шаҳар ҳимоячиларининг ишонган тоғи, хоннинг лашкарбошиси – Алимқул додхоҳ қорнидан ўқ еб, жангда шаҳид бўлади. Бу орада руслар айрим хоинлар ёрдамида Ўрда ичидаги порох ва қурол-аслаҳа сақланадиган махфий омборни аниқлаб, портлатиб юборишади. Устига устак, Камолон дарвозасидан бостириб кирган душман ўз тўпларини Шайхонтоҳур, Бешоғоч ва бошқа даҳаларга қўйиб, таслим бўлишмаса, бутун шаҳарни вайрон қилишлари билан пўписа қилади. Шундан сўнг ҳеч қайдан мадад ва ёрдам ололмаган, узоқ муддат сувсиз ва озиқ-овқатсиз қолган шаҳар оқсоқоллари таслим бўлишга қарор қилган.
Тошкент истилоси дунё миқёсида, айниқса, Англия ва Туркияда норозилик ҳамда шов-шувларга сабаб бўлган. Генералнинг ўйламай қилган қалтис ишини оқлаш ва шов-шувни юмшатиш мақсадида рус матбуоти гўё тошкентликлар ихтиёрий равишда таслим бўлгани, керак бўлса, бу ҳудудда Тошкент хонлигини тузиш режаси ҳақида мақолалар уюштирган. Аммо ажабки, хонлик ташкил этиш ҳақида фикрлар айтила туриб, айни вақтда шаҳарда ҳарбий истеҳком қуриш ва қўшинни жойлаштириш чоралари кўрилган. Шаҳарни Россия таркибига киритиш тарафдори бўлган Черняев ўз бошлиғи Крижановскийнинг “Мустақил Тошкент хонлигини” ташкил этиш ҳақидаги кўрсатмасига очиқдан-очиқ қаршилик кўрсатади. Натижада лавозимидан четлатилган Черняев 1882 йилдагина Туркистон генерал-губернатори этиб тайинланди. У бу лавозимда атиги 2 йил ишлай олади. Чунки унинг рус шовинистларига хос феъли, жанжал ва можароларга мойил табиати раҳбариятнинг ҳам жонига текканди. Бу шуҳратпараст генералда бошқарув лаёқати ҳам, кадрларни танлаш ва жойига қўйиш салоҳияти ҳам йўқ эди. Шунга қарамай, Черняев 1964 йилда Чимкентни ишғол этгани учун 3-даражали авлиё Георгий ордени билан тақдирланган. 1965 йилда эса “Тошкентни эгаллагани учун” деган бриллиант ёзувли олтин қилич билан мукофотланган. Бироқ ярамас феъли ва юқоридаги сабаблар туфайли лавозимидан четлатилган собиқ генерал-губернатор 1898 йилда ўз қишлоғида довруқсиз ва шон-шарафсиз дунёдан ўтган.

Қирғин учун икки “Георгий ордени”

Туркистонда қилич ўйнатган яна бир генерал Николай Никитович Головачев 1823 йилда туғилган. 1867 йил унга генерал-майор унвони берилиб, Сирдарё вилояти ҳарбий губернаторлигига тайинланган. 1868 йил Головачев Бухоро амирлигига қарши урушга кириб, Миёнкол водийси ва Самарқанддаги қонли жангларда иштирок этади. Бу ҳудудлар ишғолидан кейин Чўпонота тепаликлари ва Зирабулоқ урушларида минглаб ўзбекларнинг қони тўкилади. Генерал Головачев бу юришлардаги шонли “жасорати” учун 4-даражали Георгий ордени билан мукофотланади.
1873 йилги Хива юриши вақтида Уч ўчоқда Головачев бир гуруҳ чегара ҳимоячиларини қириб ташлайди. Шайхариқ кечувида эса артиллерия ёрдамида Хива аскарлари штабини бомбардимон қилади. Бу шонли юриш учун ҳам у 3-даражали “Георгий ордени”ни олади. Шундан сўнг Россияга товон пул (контирибуция) тўлашдан бош тортган ёвмитларни жазолаш ҳам унга юклатилади. Генерал ёвмит ва бошқа туркман уруғлари билан жанг қилиб, тинч аҳолини Қорақум бағрига қувғин қилади. Айниқса, 10 мингдан зиёд туркманлар билан бўлган қақшатқич Чандир жангида кўп қон тўкилади, Головачев эса бошидан яраланади. Кетма-кет қилинган ғалабалар сабаб унга империянинг ишончи ортиб борарди. Шунинг учун у 1875 йилда Қўқонда кўтарилган халқ исёнини бостиришга сафарбар этилган. Бу ерда ҳам қуролсиз аҳоли қиличдан ўққа тутилади, қўрқувдан ўзини дарёга ташлаб ғарқ бўлган туркийларнинг эса саноғи йўқ эди. Кейинчалик Головачев Сирдарё области ҳарбий губернатори лавозимида ишларкан, порахўрлиги учун ишини судга оширишни императорнинг ўзи буюрсада, икки “Георгий ордени” ва “ҳарбий жасорат”лари инобатга олиниб, жазодан қутулиб қолган.

Хива ва Бухородаги оммавий босқин

Ўтган аср бошларида Туркистонда миллий озодлик ҳаракатини бостиришда фаол иштирок этган қонхўр босқинчилардан бири С.М.Будённий эди. Унинг отлиқ армияси Хива хонлиги ва Бухоро амирлигини ағдаришда катта хизмат кўрсатган. Аммо Туркистонда қаршилик ҳаракати тобора кенг ёйилиб, Будённийнинг отлиқ аскарларига ҳужум қилар, тинкасини қуритарди. Бунга жавобан будённийчилар қишлоқлардаги барча эркакларни оммавий қирғин қилишга ўтади. Қатллар шу қадар ваҳшиёна бўлганидан шўро ҳукмронлиги йилларида даврида ҳам туркистонликлар Будённий номини тилга олишга жирканарди. Аммо унинг ўзи бу “жасоратли” юришлари учун “Георгий ордени” билан тақдирланган.

Қонхўр генерал

М.Д.Скобелев Туркистондаги энг қонхўр чор генералларидан бири бўлган. Унинг ҳар бир қадамидан қон ҳиди анқиб туради, десак хато бўлмайди. Ўз ҳарбий таржимаи ҳолини зулмга қарши кўтарилган поляклар исёнини қонга ботиришдан (1864) бошлаган. Ушбу “хизмати” учун у 4-даражали авлиё Анна нишони билан тақдирланган. Хива юриши бошланишидан аввал у ўртоқларига “Бу гал, албатта, “Георгий крести”ни оламан!” дея мақтанган экан.
Хива хони Муҳаммад Раҳимхон генерал Кауфманга чопар йўллаб, таслим бўлганини билдиргач, ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилади. Шунга қарамай, полковник Скобелев ва граф Шувалов бошчилигида мингга яқин рус қўшини Шохобод дарвозасини портлатиб, йўлда дуч келган одамни қириб, хон ўрдасига бостириб боради. Бундан мақсад эса кўпроқ ўлжа ва юқори мартаба, нишон олиш бўлган.
Қўқон хонлигида юз берган исённи бостиришда Скобелев алоҳида “жасорат” кўрсатади. Қонхўр генерал йўлида учраган барча қишлоқларни култепага айлантириб, 1876 йил 8 январда Андижон остонасига етади. Қақшатқич жангларда андижонликлардан 20 минг нафар одам ўлдирилади. Скобелевнинг ёвузи қилмишлари ҳақида тарихчи олима Зинаида Кастелская “Туркистон ўлкаси тарихидан” номли китобида шундай ёзади: “Жазо отрядига бошчилик қилган Скобелев қўшинлари исёнчиларга қарата тўплардан ўт очиб, уларни чекинтирди. Скобелев Андижонни ёндириб, Қорадарё воҳасидаги қишлоқларнинг ҳаммасини йўқ қилиб ташлади”. Жангдан сўнг генерал бошлиқ ҳарбийлар хароб этилган қишлоқни тарк этаётган бир тўда тинч аҳолига дуч келади. Скобелев аксарияти кекса чоллар, аёллар ва болалардан иборат қочқинларни қириб ташлашни офицерлар – Наливкин ва Ионовга топширади...
1876 йил Скобелев бошлиқ чор аскарлари оила аъзолари ва мол-мулклари билан Қоратегинга кетишга чоғланган 5 000 “исёнчи” жойлашган Учқўрғон қишлоғига бостириб киради. Ҳужум кутилмаганда бўлгани сабабли “исёнчи”ларнинг бирортаси тирик қолмайди. Ўз халқи озодлиги учун курашган 33 ёшли Пўлатхон ҳам асир олиниб, дорга тортилади. Скобелев Қўқон хонлигида кўрсатган ушбу жасоратлари учун 3-даражали “Георгий ордени” билан тақдирланган. Қонхўр генерал 1882 йил Россия меҳмонхоналаридан бирида сирли равишда ўлим топган.
“Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир”, деб ёзганди Абдулла Қодирий. Аслида ҳам шундай. Чунки ўтмишини унутган халқ қилинган хатоларни қайта ва қайта такрорлашга маҳкум. Биз бугун қилаётган ҳаракатларимиз билан кимга шараф айтяпмиз – юрт озодлиги йўлида қурбон кетган аждодларимизгами ё уларни ваҳшийларча қириб юбориб, кўксига қўша-қўша “Георгий тасмаси”ни таққанларгами? Мақоладан мақсад, шуни англатиш эди. Чипор тасманинг иккичи жаҳон урушига умуман алоқаси йўқлиги каби, уни тақиш юрт озодлиги йўлида босқинчилар томонидан ўлдирилган аждодларимизга нисбатан ҳақорат ҳам, бизнингча.

Абдумажид АЗИМОВ
Oyina.uz

 
Баннер