Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Ҳожи Муин. Тил масаласи (1918)
PDF Босма E-mail

Ҳозирда бизлар учун энг муҳим масалалардан бири, шубҳасиз, тил масаласидир. Биз Туркистон турклари она тилимиз бўлғон туркий тил билан бирга яшарға ва туркий тилимизни ўз ҳаётимиз ва ўз ҳуқуқимиз билан баробар муҳофаза этарга тевишмиз.

Эски ҳуқумат замонинда биз туркистонлилар ҳукуматнинг расмий идора ва мактаблари нари турсин, ўз мактабларимизда ҳам она тилимизда илм ва фан ўқумоққа комили ихтиёрли эмас эдик. Чунки ул мустабид ҳукуматнинг чин муддаоси бизларни ва ҳам ғайри русларни руслаштурмоқ бўлғонлиғи сабабли бизларни ҳар жиҳатдан қисарға, эзарга тиришиб тура эди.

Энди Худоға шукрлар бўлсинким, ондай сиқинтилиқ ва шиканжалардан қутилдиқ. Ҳозирда ҳар ерда она тилимизға сўйларга, ибтидоийдан ўрта ва олий даражадаги мактабларимизда она тилимизда таҳсили илм этмакка ихтиёрли бўлдиқ, ўшандоқ расмий идораларимизда қарорнома, тазкира ва буйруқдек расмий коғозларимизни туркча тилда ёзарға ва тарқатурға эрклимиз. Шунинг учун эндиликда шундай мусоидли замин ва замондан истифода этиб, туркий тилимиз ва адабиётимизнинг такомилиға тиришмагимиз ва туркий тилимизнинг Туркистонда расмий ҳукумат тили қилурға ҳаракат этмагимиз лозимдир. Чунки мухториятли Туркистон ўлкасининг 95 прусентини ташкил этган биз, турк мусулмонлармиз. Шул сабабли ҳозирги замонда туркий тилимизни рус тили билан ҳуқуқда баробар этарга ва расмий ҳукумат тили ясарға ҳаққимиз бордир.

Ғазеталарда ўқуғонимизга кўра яқинда Тошкандда бўлиб ўтган болшевик коммунистлар съездида Тобулин афанди тарафиндан мусулмон тилини рус тили билан ҳуқуқда баробар этмак масаласи қўзғатилғон. Тобулин афанди ўз нутқинда айтганким: «Ҳозиргача рус тили расмий ҳукумат тили ҳисоб этилиб кедди. Биз мухториятли Туркистоннинг асл эгалари мусулмонлар бўлғонлиғини хотиримиздан чиқармасға, шунинг учун аларға ўз тилларинда маром ва мақсадларини англатурға йўл очарға керак, яъни маҳаллий туркий тилни расмий ҳукумат тили ҳисоб этиб рус тили билан бир ҳуқуқца юритурга, истеъмол этарга керак».

Мана, ушбу муҳим масалани бошлаб қўзғатмоқ вазифаси тил эгаси бўлғон биз мусулмонларға лозим экан. Билъакс, ани қўзғатиб, ўртаға отмоқ шарафи бошқаларға насиб бўлди. Энди бизларға, хусусан иш бошинда турғон улуғларимизға, ёшларимизға ва матбуотимизға лозимдирки, фурсатни ўткармасдан тездан ушбу масаланинг ҳаллиға тиришгайлар.

Ушбу муносабат билан биз шуни айтиб ўтмакни тевиш кўрамизким, Туркистондаги мусулмон шўролари билан мусулмон расмий ташкилотлари идорасиндаги барча дафтарлар билан мусулмон идоралариға юборилатурғон расмий коғозлар туркий тилинда ёзилғай. Аммо мусулмон идоралариндан рус идоралариға юборилатурғон расмий коғозлар ёнинда русча нусхаси билан бирликда туркча ёзилиб юборилгай. Ўшандоқ рус идоралариндан мусулмон идоралариға юборилатурғон расмий коғозлар туркча нусхаси ила бирликда русча ёзилғай.

Илова суратинда ҳам айтамизким, ҳозирда Самарқанд мусулмон шаҳар думахонаси билан мусулмон шўроси ўз тарафлариндан мусулмон идоралариға юборилатурғон расмий коғозларини фақат русча ёзиб юбормакдадирларки, бу иш ўз тилимиз ҳақинда бир жиноятдир. Шунинг учун муҳтарам шўро ва баладия идорасиндан ўтинамизким, бу масалаға аҳамият бериб, бу тўғрида тезроқ тадбир кўрарға киришгайлар.

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1918 йил, 16 июль

* * *

Мундан бир неча кунлар илгари Тошкандда бўлиб ўтган болшевик коммунистлар қурултойинда Туркистон жумҳуриятинда туркий тилни расмий давлат тили этарга қарор берилганлиги хабари ила баробар шул хусусда ғазетамизда бир мақола ёзиб ва ўшандан бери бу тўғрида марказий ҳукуматнинг буйруғини кутиб тура эдик.

Сўнг кунларда ушбу ҳақда муқаддима ўлароқ Туркистон марказий қўмитасинда юқоридаги буйруқ чиқаридди.

«Улуғ Туркистон» рафиқимизнинг ёзғониға кўра, 8нчи авғустда Марказий Туркистон комитетининг биносинда Туркистон мусулмонлари учун давлат тили тайин этгувчи комиссиясининг Знчи йиғилиши бўлғон. Сулкин тахти раёсатинда рус ва мусулмон жамоат ходимларининг иштироки ила ясалғон бу мажлисда «Туркистон мусулмонлари учун давлат лисони туркий тили бўлур» деб қатъий қарор чиқарилғон. Шунинг ила баробар ўрниға қараб бу тилда ўзбек, қозоқ ҳам туркман шевалариндан бириси олдин тутилур деган бир талаб ҳам киргузилган. Туркий тилнинг ҳукумат маҳкамаларинда, пўчта, телеғроф, банк, хазинахона ва бошқа шундай давлат муассасаларининг қаюсинда воқе равишда имлога қўйилмоғи ҳақинда лойиҳа тузмак иши Кўчарбоев билан С. Лиқушин афандиларға тобшурулғон. Бу лойиҳанинг ҳозирланиб тамом бўлиши билан туркий тили Туркистон учун давлат лисони этилиб фармон чиқарилур ва бутун маҳкамаларда бу тилда ариза, коғоз ва телеғромлар қабул этарга амр берилур экан.

Ушбу яхши хабар биз Туркистон мусулмонларини бир ёқцан қанча шодлантирса ҳам, иккинчи ёқдан кўб қийинлиқлар олдинда шоштириб қўюр. Чунки туркий тилимиз давлат тили бўлиб, Туркистон жумҳуриятиндаги барча ҳукумат мусулмонлариға киргузилганда бу ўринларда етишарлиқ мирзо ва таржимонлар тил билмайдирки, мунинг учун зўр мушкулот олдинда шошиб қолурмиз. Ҳозирги мирзоларимиз бўлсалар, ўзлари турк ўғли турк бўлиб туркий тилнинг қоидаларини ва ёки имлони билмайдирларким, буларнинг ёзғон ва ёзатурғон нарсалари умум ва кўча тилиндан озгина тафовутлидир. Мунга илова, бу сўнг йилларда (бохусус Русия инкилобидан кейин) бизнинг мирзолар орасинда ёмон бир одат жорий бўла бошладики, булар туркий тилимизга русча сўзлар қўшиб ёзатурғон бўлдилар. Русча ўқуғон зиёли ва таржимонларимизга келганда, булар (аксарият ила) русча ва туркчани яхши билмаганликлари сабабли таржималари очиқ ва дуруст чиқмайди. Булардан русчани яхши билатурғонлари туркчани дуруст билмайдирлар.

Биз туркча қоидаларни билмаганлари учун ҳозирги мирзо ва таржимон биродарларимизни айблай олмаймиз, алар бу тўғрида маъзурдирлар. Чунки алар ва бизларнинг ҳеч қайсимиз мунтазам мактабларда ўқуб чиқмағон. Тил қоидаларининг таълими мунтазам мактабларда бўладир-ки, мундай мактаблар ҳануз Туркистонимизда очилғон эмас. Ҳозиргача давом этиб келган янги мактабларимизда бўлса туркий тилимизнинг сарф ва наҳви ўқутила бошлағони йўқ. Бизнинг туркий тилимиз ишланмағон бир тил бўлиб, мунинг сарф ва наҳвиға оид ҳануз бирор турли рисола босилиб чиқғон эмас. Бизнинг муаллим афандиларимиз тил қоидаларини яхши билмайдирларки, ушбу кунгача баъзилари тарафиндан ёзилғон мактаб китоблариндан маълумдир.

Хулоса, бир тарафдан тилимизнинг ҳануз ишланган бир ҳолға келмаганлиги, иккинчи тарафдан бу кунги ишларимизға етишарлик миқдорда тил билатурғон мирзо ва таржимонларнинг топилмаслиғи масаласи биз Туркистон халқини оғир ва қийин бир вазиятда қолдирадирки, мунинг тахфифи учун бирор турли тадбир ва чора кўрмакимиз лозимдир.

Бизнинг фикримизча, бу мушкилотнинг бир даража олдини олмоқ ва ўз орамиздан яхши мирзо ва таржимонлар етиштирмоқ учун ҳозирдан бошлаб Туркистон ўлкасидаги ҳар бир шаҳарда ҳукумат ҳисобиндан тил курслари очилсун. Бу курслар икки шўъбадан иборат бўлуб, биринчи шўъбасинда ҳозирги мирзоларимиз билан мирзоликка ҳаваскор кишиларға туркий тил қоидалари ва дафтардорлиқ усуллари ўргатилсун. Иккинчи шўъбасинда ҳозирги таржимонларимиз билан таржимонликка ҳаваскор одамларға туркча ва русча тиллари ва таржима этмак усуллари ўргатилсун. Мундан сўнг шундай курслардан мирзоликка ёки таржимонликка шаҳодатнома олиб чиқғон кишиларгина хидматга олинсунлар.

Мана ушбу тадбирни ихтиёр этган тақцирдагина биз юқорида айтилган қийинлиқлардан бир даража қутулғон бўлурмиз.

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1918 йил, 20 август

 
Баннер