Саналар
03.12.2024
Баннер
Баннер
Вадуд Маҳмуд. Фузулий Бағдодий (1925)
PDF Босма E-mail

Фузулий ўнинчи аср ҳижрийда Ироқ Арабида яшағон бир шоирдир. Бағдод теваракида — Карбалода, бир ривоятга қарағонда Ҳуллада тўққузинчи асри ҳижрийнинг охирларида туғулмишдир. Оти Муҳаммаддир. Отаси Сулаймон деган олим бир зотдир. Аслининг бири турк, бири форс бўлғониға доир икки ривоят мавжуддир. Фақат ўзининг сиёқи турклик томониға оғирлиғини кўрсатадир.
Форс девонининг муқаддимасида шундай дейдир: «Гоҳи ба ашъори арабий пардохтам ва фусаҳои арабро бафунуни този филжумла маҳзуз сохтам ва он бар ман осон буд, зиро забони мубоҳиси илмий ман буд ва гоҳи дар майдони туркий саманди табиат давондам ва зарифони туркро билатойифи гуфтори туркийи таматту расондам, он низ ташвишам надод, чун ба салиқаи аслий ман мувофиқ афтод. Гоҳи бариштаи иборати форси гуҳар кашидам ва аз он шохсор меваи коми гул чидам (Баъзан арабий шеърларга қўл урдим ва араб фусаҳоларини ажамларга таништирдим. Бу менга осон эди. Зеро, бу менинг илмий тилим эди. Гоҳо туркий майдонда табъим отини елдирдим ва турк зарифларини (тилни нозик сезувчилар, тушунувчиларини) туркийгўйлик латойифлари билан (таматгу) қойил қилдим. Бу ҳам менга ташвиш келтирмади. Зеро, менинг аслимга мувофиқ тушди. Гоҳо форсий ибратлар ипига гавҳар тердим ва шохидан кўнглим тилаги мевасини тердим)».
Туркчанинг асли сатеқасига тўғри келганини айтадирким, она тилининг туркча эканини билдирадир. Форсча ҳақида «аз он шохсор меваи коми гул чидам» - ул буюк шохдан кўнгил тилаги мевасини тердим дейдирки, форс тилининг нозуклиги ва дилбарликига ишорат қиладир ва ўзининг ундан завқ олғонини билдирмак истайдир.
Асри икки буюк ислом давлатининг чоришмаси ва икки ислом мазҳабининг - шиа ва суннийнинг бир-бировига ҳужумининг энг кескин давридир. Ислом уламо ва фузалоси икки жабҳага бўлинган, икки тарз тафаккур воситаси-ла икки тарз сиёсатга олат бўлғон, бу икки давлат теваракиға йиғилғонлар олим бўлсалар бир-бировларига илмий ҳужумларда, шоир бўлсалар ҳажвиялар билан мунозаада эдилар.
Ўрта аср ислом маданияти давридан икки юз йилча кейин у маданиятнинг юксалган шохқа (энг баланд тоғ тепаси)ларининг кулагалари ҳоло давом этган бир давр эди. 5 ва 6-нчи асри ҳижрий ислом илмининг иккинчи мартаба қўзғолғон ва янги руҳ, янги жон билан майдонға отилғон асри эди. Энг буюк ислом ҳаким ва олимларининг ҳар жиҳатдан ягоналик туғини кўтарган вақтлари шу асрга тўғри келадир.
Бир ёқдан арабнинг Мааррий каби шоирлари асарларининг энг тарқалғон вақти, иккинчи жиҳатдан форс шеърининг энг ёруқ, юзининг ниҳоят хафиф, икки асрлик бир парда билан ўратулган бўлса ҳам ҳали баҳорнинг хазондан узоқ бўлғон чоғи; учунчи ва энг муҳими турк ёзма адабиётининг Шарқда Навоий, Лутфий, Ғарбда Аҳмад ва Ошиқ Пошолар даврига ворис бўлғон туркда Фузулий, форсда муҳташам Коший асри эди.
Фузулийнинг туғилғон жойи Ироқ уч буюк: араб, форс, турк тил ва адабиётининг учрашқон майдони эди.
Бағдод ислом маркази бўлиш эътибори билан Аббос халифалари замонидан бери араб, форс, туркнинг умумий муштарак маркази ҳолига кирган эди.
Фузулийнинг асли Бағдоднинг Куфрий қасабаси живорида яшайтурғон туркларнинг Бот отлиқ аширатидан экани айтиладир. Шу ҳол ва шу мавқеда ўсган Фузулийнинг қандай тарзи тафаккурга мансуб ва қандай руҳда бир шоир бўлишини белгилаш кўб қийин эмас. Отаси ҳам замонанинг олим - муфтийларидан бири ва устоди Жабибий замонининг шоирларидан бири бўлғони маълумдир. Устоди ҳам бир турк шоиридир. Фузулийнинг унинг ғазалларига мухаммас боғлағони маълумдир.
Бу унинг тахмисларидандир:

То жунун рахтин кийуб дутдим фано мулкин ватан,
Аҳли тажридим қабул этмам қабоу пираҳан,
Ҳар қабоу пираҳан кийсам мисоли ғунчабан,
«Гар санинг-чун қилмасам чок, эй бути нозук бадан»,
«Гўрим ўлсун ул қабо, эгнимда пираҳан кафан».

Шу тахмисда ҳам кўрилгани каби, Фузулий тасаввуф руҳи билан анчагина суғорилғон бир шахсиятдир. Бу табиийдир. Чунки ундан илгари келган фикрий жараён дин эди. Ва унинг жавҳари бўлғон исломий тасаввуф унинг руҳи эди.
Форсдан ўқуғон шоирлари ва энг яхши кўрганлари достончи бўлиш эътибори ила Низомий, ғазалсаро бўлиш эътибори-ла Ҳофиз бўлиши табиий эди. Низомийни «Хамса»сида устод деб хитоб қиладир:

Биллоҳки, на хуш деюб Низомий,
Бу бобда хатм эдуб каломи.
Асбоби сухан нишоту ноз аст,
Зин ҳар ду сухан баҳонасоз аст.
Майдони сухан фирох бояд,
То табъ дар ў ҳунар намояд.
Дар гармийи регу сахтийи куҳ,
То чанд сухан равад баандуҳ.
Бир ишки қилур шикоят устод,
Шогирда ўлур ружуи бедод.

Форсийнинг энг буюк ғазал шоири Ҳофиздир. Фузулийнинг табиати бу икки шоирдан мутаассир бўлгондир ва буларнинг маслаки бўлгон тасаввуфни шу эътибор ила ўзлаштиргандир.
Тасаввуфда Фузулийнинг анча русухи бор. Бу тўгридаги маълумотини тафсир ва ҳадис ўқуш билан ортдирди. Бунинг устига у зотан дардли ва ошиқ бир юрак соҳиби бўлғонидан, бу ишқнинг руҳи унга уйғун келди. Ва илмнинг қуруқлиги унга ҳеч нарса бермади, барча мутасаввуфлар билан бирга мадрасага қарши шу сўзларни ёзди:

Илм касби-ла пояи рифъат,
Орзуйи маҳол эмиш онжоқ,
Ишқ эмиш ҳар на ворса оламда,
Илм бир қийлу қол эмиш онжоқ.

Ва тасаввуфнинг энг сўнги бўлғон фано мартабаси унинг суйгани эди.

Эйки, аҳли ишқа сўйларсан маломат таркин эт,
Сўйлаким, мумкинмидир тағйири тақдири Худо?!
Ишқ килки чекди хати ҳарф вужуди ошиқа,
Ким ўла собит ҳақ исботинда нафйи моадо.
Эй Фузулий, интиҳосиз завқ бўлдинг ишқдан,
Бўйладир ҳар ишқ Ҳақ оди-ла қилсанг ибтидо.

Фузулийнинг диндорлиғи ва шаръ йўли билан бориш таманноси ва бундан мақсад «ризойи Худо» эканини шу ғазал очиқ кўрсатадир:

Ё Раб, ҳамиша лутфинги қил раҳнамо банго,
Густарма ул тарийқки, етмас санго, банго.
Қатъ айла ошнолиғим унданки, ғайрдир,
Онжоқ ўз ошноларинг эт ошно банго.
Бир ерда собит эт қадами эътиборими
Ким раҳбари шариат ўла муқтадо банго.
Бан билмазам банго керакин, сан ҳакимсан,
Манъ айла, верма ҳар на керакмаз санго банго.
Улдир банго муродки, улдир санго мурод,
Ҳошоки сандин ўзга аввало муддао банго.
Ҳибси ҳавода қўйма Фузулийсифат асир,
Ё Раб, ҳидоят айла тариқи фано банго.

Яратилиш тўғрисида фикри мутасаввуфларнинг ваҳдатларидан бошқа нарса эмас эди:

Ҳаққоки, ҳамин вужуд бирдир,
Бир зота вужуд мунҳасирдир.
Аксидир онинг вужуди ағёр,
Маънида йўқ эътибор ила вор, —

дер эди. Ва ўзини етиштирган асарларининг маюумаи фикрнясига мансублигин кўрсатар эди.
Фузулий дин, тасаввуфдан бошқа илмлар билан ҳам шуғулланди, ҳикматга, тибга кенг бир йўсунда воқиф эди. Тибга оид «Чор унсур» отли бир асари бордир. Арабча яхши билар эди. Қасидалари араблар орасида тақдирлар ила ўқулур эди. Форсийда ҳам бир девони, бир неча қасида ва маснавиёти бордир. Фақат булар туркчаси қадар самимий, санъаткорона ва гўзал эмасдир. Буда Фузулийнинг аслан турклигига кучли бир далил бўла олур.
Фузулий турк шеърида, форсийда Ҳофиз қадар лирик-рубобийдир. Туркда Фузулий каби дардли ва ўтли бир шоир йўқдир. Форс ва туркда достончилилардан икки киши бордир — Низомий ва Фузулий. Низомий ҳақиқатан нозик, зариф, санъаткор ва олим бир шоирдир. Фузулий уиинг шогирдидир, фақат бу кўб дардли, ўтли бир ошиқдир.
Фузулий ўзининг эътирофича, аввалда қасида айтишга рағбат этган, сўнгра достон ва ғазалчиликка киришган ва шу икковига ҳақиқатан муваффақ бўлғондир. «Мистер Гип»лар қадар жасорат соҳиби бўлолмасақ ҳам, форс ва турк достончилик оламида Низомийдан сўнг биринчи ўриини Фузулийга беришдан тортинмаймиз. Фузулий бу ўринга ҳақиқатан лойиқдир. «Мистер Гип»нинг:
«Шарқнинг шарқ бўлғонидан бери етишдирган шоирлари орасида энг самимий ва энг ҳассоси Фузулийдир» (Озарбойжон адабиёт жамияти томонидан чиқорилғон «Фузулий» мажмуаси; Бакир Чўбонзода мақоласи, саҳифа 97), деган ҳукмини бир оз муболағали ҳисоб қиламиз. Фузулийга Низомийдан кейин биринчи ўрин бериш энг мувофиқ ва энг шарафли бир ўрин беришдир. Чунки Низомийга эргашиб бу кунгача юзларча шоир достон айтгандир, лекин булардан ёлғиз Фузулий муваффақбўла олғондирким, бунинг осон бўлмағони шундан ҳам маълумдир.
Шоирлиғини кўрсатмак учун бир ғазали ва «Лайли-Мажнун»дан бир парча тақдим қиламиз:

Манимтак ҳеч ким зору паришон ўлмасун, ё Раб,
Асири дарди ишқу доғи ҳижрон ўлмасун, ё Раб.
Дамодам жаврлардур чекдиким бераҳм бутлардан,
Бу кофирлар асири бир мусулмон ўлмасун, ё Раб.
Кўруб андешаи қатлимда ул моҳи будир дардим—
Ки, ул андишадин ул маҳ пушаймон ўлмасун, ё Раб.
Чиқармоқ истаса тандин чекуб пайконин ул сарвинг,
Чиқон ўлсун дили мажраҳу пайкон ўлмасун, ё Раб.
Жафоу жавр ила мўътадим унларсиз нўлур ҳолим,
Жафосина ҳадду жаврина поён ўлмасун, ё Раб.
Деманким, адли йўқ ё зулми чўқ, ҳар ҳол ила ўлса,
Кўнгил тахтина ундан ўзга султон ўлмасун, ё Раб.
Фузулий бўлди ганжи офият майхона кунжинда,
Муборак мулкдир ул, мулки вайрон ўлмасун, ё Раб.

* * *

Фалак айирди бани жавр ила жононимдан,
Ҳазар этмазми ажаб, нолау афғонимдан.
Ўда ёндирсам агар шуъла ила нафларни,
На батар оташи оҳи дили сўзонимдан.
Ғами пинҳон бани ўлдирди, бу ҳам бир ғамким,
Гулруҳим ўлмади огаҳ ғами пинҳонимдан.
Оҳ эди ҳамнафасим, оҳки ул ҳам охир
Чиқди игроҳ қилуб кулбаи аҳзонимдан.
Бан на ҳожатки қилам доғи ниҳоним шарҳин,
Оқибат зоҳир ўлур чоки гирибонимдан.
Ҳақ билур, ёр дагил жону дилимдан ғоиб,
Нўла гар ғойиб эса дийдаи гирёнимдан.
Жон агар чиқса танимдин асари меҳр ила,
Асари меҳрини сонмонгки, чиқар жонимдан.
Лутф эдубсан магар, эй бод, букундан бўйла,
Верасан бир хабар ул сарви хиромонимдан.
Эй Фузулий, ғами ҳажр ила паришондир ҳол,
Кимса огоҳ дагил ҳоли паришонимдан.

Маснавийсидан парча:

Соқий, карам айла, жом гездир,
Дурма, қадаҳи мудом гездир.
Даврона чўқ эътибор қилма,
Гездир қадаҳи, қарор қилма.
Тўк олуб ала кумуш сароҳи,
Зар соғара руҳбахш роҳи.
Сарф айла риоятимда алтоф,
Танҳолиғими гўр, айла инсоф.
Шуғлим бу бисот ичра чўқдир,
Сандин ўзга мададчи йўқдир.
Ҳамдамлигим ила ор қилма,
Бандан нафрат шиор қилма,
Гар билмаз эсангки, бан на зотам,
На зулмати чашмаи ҳаётам.
Файзи ҳунарим шаробидан сўр,
Сўзи жигарим кабобидан сўр.
Тутсанг алини бани фақиринг,
Ҳақ ўла ҳамиша дастгиринг.
Ман шоири Мусовий каломам,
Соҳирлара мўьжази тамомам.
Бан соҳири Боблийи нажодам,
Ҳоруна бу ишда устодам.
Сўз даркина сарф эдуб фаросат,
Амлокина бўлмишам раёсат.
Гаҳ тарза қасида айларам соз,
Шаҳбозим ўлур баландпарвоз.
Гаҳ даъба ғазал ўлур шиорим,
Ул даъба равон верар қарорим.
Гаҳ маснавия ўлуб ҳаваснок,
Ул баҳрдан истадим дури нок.
Ҳар дилдаки вор ахди розим,
Мажмуи фунуна ишқбозам.
Пуркоргарам ҳазор пеша,
Жонлар чекуб истарам ҳамеша.
Дўконим ўла ривожи бозор,
Ҳар истадигин бўла харидор.
Соқий, на эди бу жоми кулгун
Ким айлади ҳолими дигаргун.
Сармаст ўлубам сўзим ҳабодир,
Ҳар лофки айларам хатодир.
Таъсири солиб димоға ташвир,
Ташвири мизожим этди тағйир.
Ман қандану лофи лутфи гуфтор,
Ким, сўз демага ўлам сазовор.
Ўлсайди банам сўзимда бир ҳол,
Албатта ўлурдим аҳли иқбол.
Соқий, тут алимки, хаста ҳолам,
Ғам раҳгузаринда поймолам.
Сансан мани мубталоя ғамхор,
Сандан ўзга дахи кимим вор?!
Мушгул иша душмишам, мадад қил,
Май ҳарзи ила баломи рад қил.
Ҳал айлая гўр бу мушкилоти —
Ким, этма қулингдан илтифоти.

Асарлари

Илми каломга оид «Матлаъ ул-эътиқод», «Ҳадиси арбаьийн» таржимаси, арабий, форсий ва туркий уч девони. «Ҳақиқат ус-суадо», «Банг ва Бода» (Исмоил Ҳикмат «Банг ва Бода»ни 14 яшарлиқда ёзилғон дейдирки (Озарбойжон адабиёт жамияти томонидан чиқарилғон «Фузулий», Исмоил Ҳикмат мақоласи), бунга далил ўлароқ Шоҳ Исмоилга тақдим қилғонлиғини ва унинг эса 914 да Бағдодни фатҳ этганини кўрсатадир. Локин бу далил бўла олмайдир. Шоҳ Исмоилга тақдим қилмоқ билан 14 яшарлиқда ёзилиш лозим келмайдир. Аввало, Шоҳ Исмоил 914 дан 940 гача Бағдодда тургондир. Иккинчидан, «Банг ва Бода»никг мундарижаси ва услуби 14 яшар бир бола кучидан кўб юқори турадир. Бизча, унинг ёзилиши 914 билан 940 орасидадир), «Лайли ва Мажнун», «Чор унсур» (Сиҳҳат ва мараз рисоласи), «Лайли-Мажнун» ёзилиш тарихи 942 ҳижрийдирки, агар таваллуди 900 бўлса, уни 42 ёшлигида ёзғон бўладир.

Фузулийнинг Туркистонга таъсири

Ғарб туркчасининг энг буюк устоди Фузулий Туркистоннинг чиғатой шоирлари устига ҳам кучли таъсир ижро қилғондир.
Фузулий мактабларимизда бугунча ўқулатурғон маъруф китоблардан биридир. Фузулийнинг Туркистонда тарқалишидан сўнг бизда ғарб туркчасининг таъсири кучайди ва икки лаҳжа билан ёзатирғон шоирлар кўруна бошлади. Ҳатто айтиш мумкинки, Фузулий билан бирга бизда иккинчи бир лаҳжа ҳам туғди. Чунки чиғатой тили соясида яшаб туруб ҳам холис «ғарб туркчаси» билан девонлар тўлдурғон шоирлар кам эмасдир. Ҳатто илова қилиш мумкинки, холис чиғатойча ёзғон ҳеч бир шоир йўқки, Фузулий йўлида ҳам баъзи парчалар ёзмағон ёки унга татаббу қилмағон бўлсун.
Намуна учун Фузулийга татаббу қилғон шоирлардан баъзиларининг шеърларидан кўрсатамиз:
Умархоннинг Фузулийга кўб мухаммаслари бордир:

Бало даштида ғам тоғи менингдек зор ўландан сўр,
Муҳаббат рамзини Мажнун киби афгор ўландан сўр.
Мазоқи лаъли нобин ишқ аро хуммор ўландан сўр,
Шифойи васли қадрин ҳажр ила бемор ўландан сўр,
Зулоли завқ шавқин ташнаи дидор ўландан сўр.

Бу йўлда ёзилмиш бир мусаддасдир:

Гўзимда ашки гулгун қон каби чоки жигардандир,
Бу меҳнат донаси нахли дили кулфат самардандир.
Азал сармоясиндин, ҳосилим суду зарардандир,
Дагил бу шоми кулфат толиъи зулмат асариндандир,
На сандандир, на бандандир, на чархи кинавардандир,
Бу дардисар хуммори нашъаи жоми қадардандир.

Муҳсиннинг бу ғазали ҳам шу йўлда ёзилғонлардандир:

Куюб ўлдуғим бани шамътак ўшал офтоб жамоладир,
На қамар, на меҳру на сарвгул, на суман, на бадр, ҳилоладир,
Бани шўри ишқи жунуносар ҳама ғамдин айлади бехабар,
На хаёл мойили карруфар, на фасис жоҳи жалоладир.

Бу Хотифнинг тахмисидир:

Верди Хотиф оҳ уриб бода алойиқ хирманин,
Сарвдек оромгоҳ этди тажарруд гулшанин,
Пора айлаб, бўйнида озодалик пироҳанин,
Бир-бир офоқ илгидин чекмиш тааллуқ доманин,
То Фузулий хастая васлинг тамманодир санинг.

Бу Ризойининг бир ғазалидир:

Қаро зулфинг киби йўқдир қарорим, ё Расулуллоҳ,
Паришондир баним ҳар лаҳза корим, ё Расулуллоҳ.
Раҳи ишқингда ором айламаздим бир қадам, биллоҳ,
Дагил алда зимоми ихтиёрим, ё Расулуллоҳ.

Булардан бошқа Фузулий тили ила шеър айтган шоирлар ҳам кўпдир. Буларнинг энг машҳури Умархоннинг ўғли Муҳаммад Алихондирким, шеърларини Фузулийникидан айириш қийиндир:

Оҳким, дўкди фалак қонимни мужгонимдан,
Қилмади бок дамодам дўкувни қонимдан.
Мавжи тўфон бало бошима дўндирди фалак,
То жудо этди ҳазин жоними жононимдан.
Кўнглими сели бало бирла хароб этди сипеҳр,
Бўлур обод ғубор дили вайронимдан.
Кечалар ғунча каби кўнглумй қон йиғладуғи,
Субҳлар зоҳир ўлур чоки гирибонимдан.
Оҳким, ҳажр туни қочти дилим ҳасратидан,
Соя ҳам кўчди фироқинг кечаси ёнимдан.
Эй кўнгил, сонмаки зойил ўла ошуфталиғим,
Жам қил хотиринги ҳоли паришонимдан.
Субҳлар дидаи гирёнима раҳм айла, сабо,
Бир хабар вер банго ул ғунчаи хандонимдан.
Хон киби моҳвашим шамъи рухин ёд эдарам,
Ёнажакдир фалак оҳи дили сўзонимдан.

Фано ҳам туркчада Фузулий йўлида шеър айтканлардандир.
Сўнг даврда бу йўлда айтканлардан муосиримиз Ажзийдирким, бир девончаси ва бирда «Миръоти ибрат» отли маснавиёти бордур. Унинг бир мухаммасини кўрайлик:

1

Ё Раб, эшит бу хаста дилимнинг навосини,
Ким сандин ўзга чора эдар муддоасини,
Токи чекайим замонайи бор жафосини,
Ҳар дам отар нишонима тири балосини,
Майдони жаҳла сурди нифоқ аждаҳосини.

2

Субҳи қиёмат ўлди, биз уйқудайиз ҳануз,
Гўз очди ҳар жамоа биз осудайиз ҳануз,
Хабту нуҳус накбата олудайиз ҳануз,
Ағёр зери пойина фарсудайиз ҳануз,
Ким содди бизни бу ера топсин жазосини.

3

Миллат эвини йиҳди фалокат эдиб хароб,
Мавжин талотум этди бугун баҳри инқилоб,
Биздан аруси ақл юзина чекуб ниқоб,
Ё Раб, қачон дучоримиз ўлғай раҳи савоб,
Даф эт, илоҳий, роҳи хато раҳномасини.

Фузулий тилининг букункиси, яъни усмонлича ила шоиримиз Чўлпон ҳам баъзан чиройлик парчалар ёзадир. Бу одам эски шоирларимиз каби Фузулий таъсири билан эмас, букунки Туркия адабиёти таъсири остида «ғарб туркчаси» билан ёзадир. Бу парчаси у йўлда ёзилғонлардандир:

Илк аввал гўзими ишқ ила очдим,
Ишқнинг майдонина қоними сочдим,
Ишқсиз ўлкалардан у онда қочдим,
На замон боғладим зуннори ишқи.
Жаннат баним ичун қуру саҳродир,
Ишқинг саҳросиким, банго маъводир.
Аксини сан банго на қадар қондир,
Қонмам чунки, бўлдим гулзори ишқи.
Сўйларкан дилларим на ёмон сўзлар?!
Ёзаркан қаламим на ҳазин оғлар?!
Сода дил бунлардан на маъни онглар?
Билмаз куж ўлдуғин изҳори ишқи!

Энг сўнгида шуни айтишга тўғри келадирки, ғарб туркчаси ҳам бизга ёт келмайдир. Фузулий уни ўзимизники қилиб юборғондир. Фузулий бизда Навоийдан кўб ўқулмаса, Навоийдан кам ҳам ўқулмайдир.
Навоий асрида чиғатойча ғарб турклари устига кўб таъсир қолдирғон эди. Аҳмад ва Ошиқ Пошолар ва ҳатто Фузулийга ҳам Навоийнинг таъсири кучлидир. Фақат Фузулийдан сўнг ғарб туркчаси шарқ туркчасига таъсирини кучайтирди ва букун усмонли лаҳжасининг такомули билан бу таъсир яна кўпайди ва бу ҳол бундан буён ҳам давом этса ва кун сайин кучайса керак. Чунки Туркия тили асри маданий тил ҳолига киргандир ва биз ҳозир ҳам ундан мутаассирмиз ва истиқболда бизнинг маданий ҳаракатимиз кучайган сари ғарб туркчаси билан робитамиз кучаядир.

Адабиётшуноснинг «Фузулий Бағдодий (Юбилей муносабати-ла)» номли мақоласи «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1925 йил 4-сонида В.М. имзоси билан босилиб чиққан.

 
Баннер