Саналар
03.12.2024
Баннер
Баннер
Абдурауф Фитрат. Мухторият (1917)
PDF Босма E-mail

Туркистон мухторияти... Темур хоқонининг чин болалари ёнинда, туркистоннинг тубчак турклари орасинда, мундан ўғурли[1], мундан муқаддас, мундан суюнчли бир сўзни борлиғига ишонмайман.

Туркистон туркининг қонини қайнатғучи, имонини юксалтгучи бир қувват бор эса, ёлғуз шу сўзда бордир: Туркистон мухторияти.

Элли(к) йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопланди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурулди, номусимиз ғасб қияинди, ҳуқуқимизға тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди, тўзимли турдик, сабр этдик.

Кучга таянган ҳар буйруғга бўйинсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшрун турдик, эмгакларимизға ўраб сақладик: Туркистон мухторияти!

Маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтғанда, ёруқсиз турмаларда ётғанда, йиртғучи жандармнинг тепгуси билан йиқилғанда, юртларимиз ёндурулғанда, диндошларимиз осилғанда онгимиз йўқолди, миямиз бузилди, кўзимиз ёғдусиз қолди, бирор нарсани кўролмадик. Шул чоғда, тушкун руҳимизни кўтармак учун шул қоп-қоронғу дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз ялқиллаб тура(р) эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўрар эди. Ул нима эди? Туркистон мухторияти!

Биз аниқ била(р) эдикким, золим Николай ҳукумати қанча яшарса яшасун, адолат ошиқи бўлған... рус демократияси, ҳақға таянган бир инқилоб, ҳар миллатнинг ўз ҳақларини қайтарур.

Инқилоб бўлди. Русиянинг «қўшма халқ жумҳурияти» усули билан[2] идора этилури жарланди. Шул эълон узра ясалган Украина, татар ва бошқа миллатлар мухториятлари тасдиқ этилди. Қўнуқ[3] Туркистонники эди. Туркистоннинг тарихий хонбалиқлариндан иккинчиси бўлған Хўқанд шаҳринда тўпланған Туркистон қурултойи 27 нўйабрнинг «миллий лайлатурқадримиз бўлған» ярим кечасинда Туркистон мухториятини эълон қилди.

Лекин шуниси борким, бир миллатнинг мухторияти ёлғуз бир съезднинг эълони билан тамом бўлмас. Мухториятни олмоқ ва сақламоқ керакдир. Съезд ўз ишини қилди. Қолғанлари бутун миллатнинг вазифасидир. Мухториятни сақламоқ учун куч лозим. Мухториятни бажармоқ учун ақча керақдир. Буларни миллат ҳозир қилсун.

(«Ҳуррият», 1917 йил, 5 декабр).

Мақола «Фан ва турмуш»нинг 1990 йил, 10-сонида (30—31-бетлар) қайта нашр қилинган нашрга тайёрловчи Ш. Турдиев).

[1] ўғурли — ҳайбатли, буюк.

[2] «қўшма халқ жумҳурияти» усули — Русиянинг федерация асосидаги бошқарилуви назарда тутилади. Дастлаб, бошқа республикалар иттифокдош жумҳуриятлар бўлиб эмас, балки Русия ҳудудидаги мухтор (автоном) жумҳуриятлар бўлиб бирлашганлар.

[3] қўнуқ — навбат, гал.

 
Баннер