Маҳмудхўжа Беҳбудий. Теётр надур? (1914) | ||||
ТЕЁТР НАДУР? Теётр нимадур? Жавобиға теётр ибратнамодур, теётр ваъзхонадур, теётр таъзир адабидир. Теётр ойинадурки, умумий ҳолларни анда мужассам ва намоён суратда кўзликлар кўруб кар-қулоқсизлар эшитиб, асарланур. Хулоса: теётр ваъз ва танбиҳ эггувчи ҳамда зарарлик одат, урф ва таомилни, қабиҳ ва зарарини аёнан кўрсатгувчидур. Ҳеч кимни риоя қилмасдан тўғри сўйлагувчи ва очиқ ҳақиқатни билдургувчидир. «Қул-ал-ҳаққа ва лав кона (ва) мароан» мазҳаридур. Айни замонда яна тамошогоҳ ва ёинки кўнгул очгувчи миллий ва адабий жамъиятларни боисидур. Тараққий қилган миллатлар теётрхоналарни улуғлар учун мактаби адаб ва ибрат атайдурлар. Тараққий қилмоқни энг биринчи сабаб ва боисларидан бири теётрлардур деюрлар. Теётрларнинг яхши ва ямон одатларни сарроф ва мунаққиди дерлар. Умумий одатларни нафъи ва зараридан пайдо бўлатургон натижаларни теётрхонада айнан кўрсатурларки, ҳар ким мундан таъсирланиб, ямон одатларни тарк этиб, яхшиликни зиёда ишламоқға сабаб бўлур. Ҳар замонни бир усули эҳтисоби бордур. Бу замонда теётрхоналар ҳам ямон ва зарарлик одатларни эҳтисоб ва танқид қилиб ямонлигини, қабиҳини халойиқға кўрсатиб ваъз ва насиҳат этгувчи бир жойдур. Тёётрхона саҳналаринда қўюлатургон асарлар фожеа, яъни қайғулик, мазҳака, яъни кулгу, драма, яъни ҳангомалик бир воқеа ва ҳодисани тасвир этиб, халойиқға кўрсатилур. Ул воқеадаги ямонлик ва яхшиликни пайдо бўлгани ва сабабини ҳар ким кўруб, англаб, ибрат олур ва ямонликдан қочиб, яхшиликға ҳаракат қилмоқға, теётрда кўрсатилгон воқеалар сабаб бўлур. Ҳикоят ва ёинки насиҳат китобларинда баъзи бир ҳодисани баён қилингандурки, ўқуб, асарланиб, лаззат олинадур. Аммо теётрға махсус бир ҳодиса ва ё воқеа ва ҳикоятни феълан қилиб кўрсатиладурки, мунинг таъсири эшиткандан зиёдадур. (Шунидан кай буд монанди дийдан — эшитмоқ қачон кўрмоқ кабидур.) Яна теётрда саводсиз одам кўзи ила кўруб, кўзсиз одам эшитиб, кар мушоҳада этиб, ибрат ва лаззат олар. Хулоса: теётр бир навъ мактаб ҳукминдадур. Тараққий қилган халқлар ўртасинда теётр у қадар тараққий эткандурки, ҳар кун бир янги асар тасниф бўлуб; саҳнада қўюлур. Асарни ёзган муҳаррирға минг сўм ва ўн минг сўмлаб ҳадя бериб, асарини мушаххислар сотиб олиб, саҳнада қўюб фойда қиладурлар. Баъзи бир теётр асарлари эски бўлмай ва халойиқни кўнглиға урмай, бир шаҳарда йигирма-ўттиз, ҳатто, юзинчи дафъа қўюлганлари бордур. Театрға қўюлгон асарни ортуқча ва ё оз ерларини ва етишмаганларини маишати миллиядан хориж нуқталарини муҳаррирлар, жаридалар ила танқид этадурлар. Халойиқға маъқул бўлуб ва ё бўлмағани ила теётр муҳарририни хурсанд ва ё ғамлик бўлур, Муҳаррирни асари яхши чиқса, ҳар ким они табрик этар ва шуҳрати зиёда бўлур. Ва бул бошқа муҳаррирларни ҳаракатға келишиб, яхши асарлар ёзмоқлариға боис бўлур. Теётр учун муҳаррирни не қадар чуқур ўйлагувчи зариф ва назокатлиги лозим бўлса, мушаххис (ҳодисани кўрсатгучи)ларни ҳам тавоно ва муқаллид ва ҳар нимарсани ўзидек қилиб кўрсатгучи, нуктадон бўлиши лозим бўлиб, бул алоҳида бир санъатдурки, овруполилар мунга ҳам алоҳида мактаб ижод қилгандурлар. Сўзни қисқаси, теётр хоналари масхарабозхона бўлмай, балки ибратхонадур. Ва анда мушаххис бўлатургонлар «ўюнчи ва масхарабоз» бўлмай, балки мушаххис ва муаллими ахлоқдурлар. Тараққий қилган халойиқ орасинда мушаххислар ҳам кибор ва муҳтарам синфлар қаториндадур. Хусусан, ўз қиссаси нафъиға мушаххислик қилмай, балки мактаб ва ўз миллати нафъиға мушаххислик қилганларни қадри ду боло зиёдадур. Бизни Туркистон ва Бухорода миллий теётрдан асар йўқ эди. Муҳаррири ожиз «Падаркуш»ни ёздики, ўтган феврал ойинда Самарқанд, Хўқанд, Бухоро ва Тошканд ва Қаттақўрғон шаҳарларинда миллат нафъи учун кўнгуллилар саҳнада қўюб, тўрт-беш минг сўмни тўрт-беш кечада жамлаб, мактаблар фойдасиға бердилар. Мана-энди муҳтарам Самарқандий кўнгулли мушаххислар ғайрат қилиб, яна «Падаркуш»ни Самарқандда еттинчи мойда саҳнаға қўюб, ҳосилини мактабларға сарф учун бердилар. Муҳтарам ҳамшаҳарларимиздан рижо этармизки, келиб кўргонлари гунаҳ бўлгон жойини кўрсатсалар. Инчунун, асарни танқид этиб, бузуқ ерини матбуот ила баён этсалар, токи боиси ислоҳ бўлинса. Аммо бу кунғача муҳтарам аҳли қалам «Падаркуш»ни бузуқ ерини кўрсатмай, балки «кулдургучи ва ҳам йиғлатгучи носиҳ ва нофеъ асардур» ҳолинда табрик ва тақризлар ила ёздиларки, биз аларға ташаккур айтармиз. Асаримизни қабиҳини ёзгон кишиға зиёдароқ ташаккур этмоқға мадюнмиз, чунки боис ислоҳдур. «Мутакаллимро тоайб нагиранд— суханаш ислоҳ напазирад» («Сўз сўйлагувчини айб этмагунча, сўзи тузалмайдур»). Баъзи бир аҳли ватаннинг теётр асари ёзмоқға машғулликлари эшитилурки, асарлариға чаҳор-чашм ила мунтазирмиз. Ёзилган асарларни кўнгулли дасталари сотиб олиб бостурсалар, фойда ҳам қиладурлар. Чунки бир кишиға ҳам асар ёзиб, ҳам бостуруб ва ҳамда саҳнада қўйдурмоқ мушкулдур. Дасталар сотиб ола берсалар, асарда кўпаюр. Туркистонда ойинда бир асар таҳрир бўлинса-да, кўблик қилмайдур. «Ойна» журнали, 1914 йил, 29-сон, 550—553 бетлар. |