Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Мунавварқори Абдурашидхонов. Туркистон вақфлари ҳақида (1920)
PDF Босма E-mail

Туркистон илгари ўз замонасиға кўра маданиятга эга эди. Ўша даврда Туркистон ҳукмдорлари, уламолар ва зиёлилар маданий-маърифий ишга жиддий аҳамият берар эдилар, ҳар бир киши халқ маориф ишига бор нарсаси билан ёрдам беришни савоб деб биларди. Ана шунинг учун Туркистонда улкан мадрасалар, мактаблар, кутубхоналар ва корхоналар тоғдек қад ростлаган эди. Ҳар бир киши ўқитувчи ва ўқувчиларни моддий таъминлаш учун вақф таъсис этар, бунинг учун ўз ерлари, саройлари, дўконлари ва умуман бериши мумкин бўлган барча нарсаларини ўқув юртларининг тўлиқ мулки қилиб берарди. Шу боис мударрис ва талабалар вақф томонидан таъминлангани сабабли ўша даврда ҳеч нарсага муҳтожлик сезишмаган, ҳозирги интернат ва стипендиянинг ўрнини босгани учун ўзларини маданият ва маориф ишига бағишлаган эдилар. Ана шу ҳимоя остида буюк олимлар, профессорлар ва файласуфлар вояга етган. Ҳатто катта шаҳарлардаги, хусусан, Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Тошкентдаги ва айрим қишлоқлардаги улкан мадрасалар ҳамда уларнинг қолдиқлари, Самарқандда Мирзо Улуғбек томонидан қурилган обсерватория биноси маданият ва маориф ўша пайтда қанчалик юксак бўлганига гувоҳлик беради. Уша пайтдаги тараққиётга вақфлар сабаб бўлган. Вақфлар фақат руҳоний предметларни ўргатиш учунгина таъсис этилмас, балки умумтаълим фанларини ўқитиш учун таъсис этилган. Диний таълим ҳам, худди рус мактабларидаги каби, умумий фанлар ва предметлар қатори, мустақил предмет сифатида киритилган.

Кейинги вақтларда Туркистонда содир бўлган урушлар оқибатида, хонларнинг ҳукмронликка интилишдари, турли босқинчиларнинг ҳужумлари туфайли маданият-маърифат ривожи тўхтаб қолди, баъзи олим, уламолар табиий равишда вафот этдилар, бошқалари турли мамлакатларга кўчиб кетдилар. Қадимги маданиятни эслатувчи мадраса ва вақфлар ҳозиргача сақлаб қолинди. Ҳар қандай маданиятли халқнинг ҳукумати мадрасаю вақфларни омиллик билан бошқариш орқали давлат ғазнасига зарар келтирмай ушбу мадраса ва маориф даражасини кўтариши ҳамда ўқув ишини тўғри йўлга қўйиши мумкин эди. Аммо Туркистон, туркий халқларининг бахтсизлигига кўра, эски рус ҳукуматлари томонидан забт этилди ва халқнинг маданий-маърифий масалалари ўзга қолипга солинди. Эски рус ҳукумати маҳаллий халқларни руслаштириш мақсадини таъқиб этганп боис маданият-маърифат излари Туркистон тупроғидан тамом йўқолди.

Победоносцев, Ильминский ва Остроумов сингари миссионерларнинг назорати остида ва уларнинг ташаббуси билан энг йирик вақфлар ғазна фойдасига тортиб олинди; мадрасалар ҳамда мактабларда фақат соф диний характердаги фанлар қолди; халқ учун зарур бўлган фанлар, хусусан, жўғрофия, математика, физика ва бошқа амалий фанлар бутунлай манъ этилди ва бу фанларни махфий ўргатувчи ўқитувчилар гўё инқилобчи каби таъқиб остига олинди ёки панисломчи сифатида оғир жазоларга тортилди. Янги мадраса ва мактаблар солиш, эскиларини таъмирлаш қатъий манъ қилинган эди. Шунингдек, маданий-маърифий ишларга хизмат қилувчи янги вақфларни таъсис этиш ҳам манъ этилган бўлиб, умумтаълим фанларини ўрганишни истовчилар рус тилини билиш ва билмаслигидан қатъи назар, бу фанларни рус тилида ўрганишлари шарт эди. Эски рус ҳукуматларининг халқ маорифига нисбатан бундай сиёсати тимсолини кўрган Туркистон турк халкдари ўз маданият-маорифларининг қолганини асраш учун, маданият ва маърифат ўчоғи бўлган мактаб ва мадрасаларини сақлаш учун уларни соф диний таълим-тарбия учун мўлжалланган муассаса деб, вақфларни эса руҳоний институтларни ушлаб туришга хайрия мақсадида таъсис этилган муассаса, деб кўрсатишга мажбур эдилар.

Шундай қилиб, халқ диний таълимни ўрганиш пардаси остида мадраса ва мактабларда динга умуман алоқаси бўлмаган форс ва араб тилини, юнон фалсафасини ўрганарди. Ниҳоят, 40—50 йил мобайнида умумтаълим фанларини ўқитувчи олим мударрисларнинг биронтаси қолмай ўлиб кетдилар, уларнинг ўрнини умумтаълим фанлари ва руҳоний таълимотга эга бўлмаган, мадраса, мактаб ва вақфларнинг ташкил этилиш тарихини ва вазифасини билмаган, чор ҳукуматининг кўрсатилган сиёсати таъсирида тарбияланган мутаассиб муллолар эгаллади. Улар халқнинг ушбу ўқув юртларини чор ҳукуматининг тазйиқидан омон сақлаб қолиш мақсадида, айтилган ўқув юртларини ҳий-лага ўтиб, диний характердаги муассаса, деганларига шубҳа ҳам қилмасдилар. Оқибатда мутаассиб муллолар мадраса ва мактаблар ҳақиқатда ҳам халқнинг диний эҳтиёжини қондириш учун мўлжалланган экан, деб чиппа-чин ишондилар. Мазкур муллолар ўзларининг янглиш фикрларини кенг халқ оммасига ёйиб, тарқата бошладилар. Шу боис халқ ва муллоларнинг ўзлари мадраса ва мактаб ҳамда вақфларни диний ва хайрия характеридаги муассаса, деб ҳисоблай бошлаганлар.

Узгаришдан сўнг сиёсат ҳам бошқа томонга айланди, аммо эски ва янглиш фикр муллолар орасида ҳам, халқ орасида ҳам йўқолмади, ҳатто ҳокимият тепасида турган баъзи ўртоқлар вақфни фақат халқни диний ва хайрия эҳтиёжларини қондирувчи муассаса ҳисоблаб, ўз лойиҳаларини ўша руҳда тузмоқдалар.

Юқорида баён этилганлардан маълум бўляпти:

1. Вақфлар хайрия ва диний эҳтиёжлар учун эмас, балки халқнинг маданият ва маърифатини юксалтириш учун таъсис этилган.

2. Туркистон халқларининг миллий мактаб ва мадрасалари — умумтаълим фанлари ва санъат манбаидир.

3. Миллий мактаб ва мадрасаларни диний бўёққа бўяш эски чор ҳукуматининг сиёсатига асосланган бўлиб, халқни руслаштириш ҳамда туркий қавмлар маорифига йўл бермаслик сиёсатини талаб этади.

4. Ана шунга кўра туркий халқлар кенг омма орасида айтилган муассасалар диний характерга эга, деган янглиш фикрдан қутула олмаяптилар.

Баён этилган шароитга кўра, бир томондан, кенг омманинг руҳий кайфияти билан ҳисоблашиш, иккинчи томондан, вақф масаласини керакли йўлга қўйиш чораларини кўриш зарурияти туғилмокда. Вақфлардан тушаётган даромадлар ва ҳукумат қурилиш ҳамда бошқа ўзгаришлар тарзида бераётган ёрдам ҳамда ўқитилаётган фанларнинг ўқитиш профаммасини ўзгартириш орқали мавжуд мингларча мактаб ва мадрасаларни ҳозирги оғир аҳволдан қутқариб, уларни диний муассасадан маданий-маърифий манбага айлантириш мақсадга мувофиқдир.

Ушбу масалаларни ҳал қилиш мақсадида Маориф халқ комиссариати қошидаги Турк шўъбаси уламолар ва меҳнаткаш зиёлилар билан ҳамкорликда бир неча марта мажлислар ўтказди ва мазкур лойиҳани тақдим этиш тўғрисидаги хулосага келди.

(Туркистон Республикаси халқ маорифи бўлимлари мудирларининг 1920 йил 30 июнда ўтган съездидаги нутқ.) (Русчадан таржима.)

 
Баннер