Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. Саҳналар теграсида (1923)
PDF Босма E-mail

Озарбайжон турк саҳнаси яқинда 50 ёшға кириши муносабати билан катта бир байрам қилиб ўтказди.

Ҳақиқатан, Русия турклари орасида энг эски саҳнага эга бўлғонлар — Озарбайжон туркларидир. Озарбайжон театр ёзувчилиғининг отаси бўлғон Мирзо Фатхали Охундўвнинг ўлганига, озарбайжон саҳнасининг улуғ оғаси бўлғон Араблинскининг дунёдан кетганига бир неча йил бўлуб қолди. Ўзининг шу учун умрида кўб оғир кунларни ўтказган бу саҳна, бу кун улуғ ва ярашар бир шараф билан ўзининг эллик йиллик байрамини ўтказмакдадир.

Бокуда чиқадурғон «Кўммунист» рафиқимиз шу байрам шарафига бир бош мақола бағишлаған. Ул мақолада нафис санъатнинг аҳамияти, озарбайжон саҳнасининг бошидан ўтказган оғир кунлари ва унинг ҳозирги аҳводи тўғрисида фикр юргизиладир.

Ҳақиқатан, 50 йил оз муддат эмас.

Бу муддат орасида кўб нарса ишламак мумкин. Лекин, озарбайжон саҳнаси ҳам бизнинг саҳнамиздек халқнинг энг қора жоҳил вақтида бош кўтарганлигидан; «Чапга айланса кофирлик, ўнгга бурилса динсизлик таънага йўлуқуб, дин талқин қилғувчи динсизларнинг ҳар турлик ҳужумлари остида қолиб оқ саллалик бойқушлар, қоп-қора нодонларнинг чангалидан халқни қутқазиб олмоққа тиришқон».

Албатта, бундай бир муҳитда 50 йил яшағон саҳна жуда кўб нарса қила олмаса, маъзурдир. Учмасдан, сўнмасдан, йўк бўлмасдан давом этиб келган бўлса, бу кун шу ҳам катта хизматдир.

«Кўммунист» рафиқимиз: «Бу кунги театримиз кечаги вазифасини ифо(да) қилиб турадирми? Бу кунги саҳнамиз маданиятга томон ҳатлағон қадамларимиз билан чиқишдирила олурми?» деб иккита муҳим савол бергандан кейин, бу саволга ўзи: «Таассуфга қарши, дарҳол «йўқ!» калимасини қўллашга мажбур бўлиб қоламиз», деб жавоб берадир.

«Қўммунист» рафиқимиз бу савол ва бу жавоблари билан саҳнанинг шу кунги ҳолиға қаноатлана олмағонлиғини кўрсатмак истайдир. Мақоласинниг охирида саҳнанинг тузалиши учун «масъулиятни уҳдасига олғон Озарбайжон маориф комиссарлигига муваффақият» тилайдир.

Зотан, рафиқимизнин тилаган муваффақияти таъмин этилган ҳисобдир. Саҳна ва санъат ишлари учун бурун ҳам ҳозир ҳам энг керак бўлғон моддиёт масъаласи ортиғи билан ҳал этилган: «Байрам кунида Озарбайжон турк театрига декаратсиялар ҳозирламоқ учун маориф комиссарлиғи томонидан 100 сўм олтун пул чиқарилғон.

Байрам комиссиясининг бир мажлисида хўжалик идораларининг турк театрига моддий ёрдам беришлари лозим эканлиги тўғрисида бир қарор чиқарилиб, биринчи ўлароқ қуйидағи идоралар иона қилғонлар: Халқ комиссарлар Шўроси раиси ўртоқ Сабикиф, комиссарлар шўроси отидан 15000 сўм олтун пул, Озарбайжон нефть идораси раиси Йўлдош Серибруфски 15000 сўм олтун пул, саноат тижораси комиссари ўртоқ Султониф 10000 сўм олтун».

Бу ёрдамнинг бошидир ҳали давоми ва охири бор. Демак, Озарбайжон саҳнаси тўла таъмин этилган.

Биз, бу ерда — ўзбек давлат труппасини тарқатиш арафасида турубмиз. Шунда ҳам маъюс бўлмаймиз. Унингда қадри билинур вақти бордир, ахир!

Ҳозирча том маъноси билан етим бўлған ўзбек саҳнасининг бир муҳиби, бир орқадоши сифати билан: Озарбайжон саҳнасини қутлаймиз!


______________

Саҳналар теграсида. — «Туркистон» газетасининг 1923 йил 15 апрель сонида босилган.

Мирзо Фатҳали Охундов (1812—1878) — озарбайжон ёзувчиси, маърифатпар, файласуф. Озарбайжон драматургиясининг асосчиси.

Араблинский — Халафов Хусайи Мамед ўғли (1881—1919), озарбайжон демократик театрининг асосчиси, актёр ва режиссёр.

«Коммунист» — Бокуда озарбайжон тилида 1919 йилдан бошлаб чиққан газета.

 
Баннер