Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. "Иблис" (1923)
PDF Босма E-mail

Ушбу март ойининг еттинчисида чоршанба куни ўзбек драм тўдаси томонидан қишлоқ «Турон»да Қофқосия туркларининг атоқли адиб ва шоирлари Хусайин Жовиднинг тўрт пардалик «Иблис» фожиаси ўйналди.

Ўртоқ Хуршид қалами билан ўзбекчалаштирилган бу асар байт оралаш ёзилғон адабий, ишқий ва ҳарбий бир томошадир. Бу асарда йигирманчи маданият асрида яшағон одам болаларининг қўлларидағи билим ва ҳунарни қон тўкиш, одам ўлдириш, хонумон бузиш каби эгри ва ёмон ишларга сарф этиб, ёмонлиқ ва ярамасликда Иблис(сатана)дан ҳам ўтиб кетганликлари кўрсатиладур. Бутун ёмонлиқларнинг туб омили деб юргазилатурғон Иблис бу асарда, «одам болаларининг ёмонлиқларини кўруб шарманда бўлуб қолғонлиғини» билдирадир. Асарнинг асл ўзи шундайми ёки, қўл билан неча маротаба кўчирилиб ёзилғон нусхадан ўзбекчалашдирилиб, «шўрбасининг, шўрбаси» бўлуб қолғонлиғиданми, билмадим, асарда дарров сезилатурғон бир қаршилик (зидлик —противоположность) бор. Юқорида айтганимдек, «ёмонлиқда одам болалари мендан ўтдилар» деб даъво қилғон Иблис асарда бошдан-оёқ ёмонлиқни ўзи қиладир. Ўзи ҳақиқий омил шаклида кўриладур.

Одам болаларининг ёмонлиқларидан тўйғон ва шул сабаблик, улар орасидан қочиб ўрмонларга кетган Ориф қисман ўшал иблиснинг ҳийласига алданиб, катта жиноятлар қиладур. Яъни: уни севгувчи бир гуноҳсиз қиз (Ховар) нинг заҳар ичиб ўлмакига сабаб бўладир. Охирда келиб ўзи суйиб юрган бир қиз учун ўз укаси (Васф) ни отиб ўлдирадур. 1925 ва 16 нчи йилларда бўлғон машҳур Чаноқ қалъа урушини хаёл билан кўрган чоғида (биринчи парда), одам болаларига ва уларни йўлдан урғувчи Иблисга шу қадар лаънат ёғдирадурким, сира қўя қолинг! Биринчи пардада шу ҳолда бўлғон ва ундан сўнгги пардаларда ҳам одамларнинг ёввойилигидан шикоят қилғон ҳам Иблисни қарғағон Ориф 3 нчи пардада Иблиснинг қўлини ўпадур, уни бир пир, бир каромат эгаси, бир Хизр деб эътиқод қиладур. Дуруст, ул пардада Ориф Иблисни одам қиёфатида кўрган, танимағон эди, локин одам болалари учун Иблисдан ҳама вақт хавф-хатар борлиғини яхши тушунатурғон эди.

Пиесанинг сўнгги пардасида Онатўлидағи турк исёнчилардан бир киши (Элхон) кўрсатиладир. Бу исёнчи Онатўлида иттифоқчиларға қарши инглиз жосусларини франсуз айғоқчиларини, хиёнатчи (сотилғон) араб ва туркларни кўб суруштуруб ўлтурмасдан, марҳаматсиз отиб ўлдирадур, адолатдан жуда юксак сўзлар билан оҳ айтадур. Аммо ўзи жаҳонгирларга қарши Онатўлида бош кўтарганларга (камолчиларга) қаршидур. «Эҳтимол, қишлоқ халқи ва ишчи омма манфаатини кузатадурғон кишидур», демоқчи бўлсак, у эски пошшоларнинг биридур. Унинг сўзларида ҳалиги тўғрида имо-ишорат йўқ. Эҳтимолким, бу нарса пиесанинг «шўрбанинг шўрбаси» бўлғонлиғидан келган бўлса.

Ўйналиш жиҳатига келсак:

Саҳнага кириш-чиқиш, сўзларни вақтида айтиш, фонарларнинг ёниш-ўчишларида кўрулган бирмунча камчиликларни санамасак, умуман текис ва зарарсиздир. Иблис рўлида Аброр, Ориф рўлида Уйғур, ибн Ямин (хоин араб) рўлида Сайфи яхши эдилар. Қизларнинг иккови ҳам (Раъно, Ховар) зарарсиз ўйнадилар. Бунларда фақат юмшоқлик, бўшлик бор эди. Бошқалар ҳам текис олиб бордилар. Халқ тўла, унум яхши эди: ҳатто жой бўлмасдан қайтиб кетганлар ҳам кўб бўлғон. Шу ерда кичкинагина бир нарса ёзиб ўтишни керак билдим. Бу томошага «ёшлар» деб аталғон «миллатпарвар»ларнинг ҳам кўблари келган эдилар. Ҳатто янги шаҳар театрларидан сира қолмайтурғон баъзи бир «ортиқ маданий» ёшларимиз ҳам шу томошада бор эдилар... Демак, булар ҳам бу йўли ўз саҳналарига қизиққанлар экан... кўз тегмасин!


_________________

Иблис — «Туркистон» газетасининг 1923 йил 14 март сонида эълон қилинган.

Ҳусайн Жовид (1882—1941) — атоқли озарбайжон шоири ва ёзувчиси, драматург. Ўз ижодий фаолияти давомида 18 та пьеса (уларнинг кўпи шеърий) ёзган. Ўзбек саҳнасида булардан — 1915 йилда ёзилган «Шайх Санъон» ва 1917 йилда ёзилган «Иблис» пьесалари қўйилган.

«Камолчилар» — 1918 йилда босқинчиларга қарши бош кўтарган турк ватанпарварларининг раҳнамоси Мустафо Камол «Отатурк» тарафдорлари.

 
Баннер