Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Ҳожи Муин. Самарқанд матбуотининг тарихи (1923)
PDF Босма E-mail

Матбуот бир миллатни уйғотиш учун биринчи омил бўлғонидек, унинг тарихи ҳам «уйғониш даври» тарихининг муҳим бир бўлаги саналадур.

Биз бу мақолада Самарқанд матбуотининг тарихидан бурун Самарқандға қай вақтдан матбуот кира бошлағонини қисқагина ёзиб ўтиш фойдадан холи эмас деб биламиз. Самарқандға бошлаб кирган газета чор ҳукумати томонидан биринчи қатла ўзбек тилида Тошкандда Остроумовнинг назорати остида чиқарилғон «Туркистон вилоятининг газети» бўлса керак.

Бу газета бошда халқ орасида тарқалғон бўлмаса ҳам, фақат волостнойхона ва қозихоналар каби идораларға мажбурий суратда олдурилғони учун бундаги қози ва мирзолар томонидан хоҳ-нохоҳ ўқилур эди. Бу газетнинг халқ орасида бир оз тарқалиши рус-ёпун уруши вақтида бўлди.

«ТАРЖУМОН» ГАЗЕТАСИ

Боғчасаройда Исмоилбек Ғаспринский томонидан 1883нчи йидда чиқарила бошлағон. «Таржумон» газетаси 1889нчи йилларда Самарқандға кира бошлади. Бу газетани биринчи дафъа ерлик халкдан (89нчи йилда) Ҳожи Абдуқодир (меъмор) олдуруб ўқуғон. «Таржумон» газетаси ҳам рус-ёпун уруши асноларида тараққийпарварлар ўртасида кўбрак тарқала бопглаб шуҳрат ва эътибор топди.

ЭРОН ГАЗЕТАЛАРИ

Эрон газеталарининг Самарқандға қайси вақтда кира бошлағонлиғи очиқ билгулик бўлмаса ҳам, ҳарҳолда, «Таржумон»дан илгари эмасдур. Теҳронда чиққан «Тарбият» билан Калкуттада чиққан «Ҳаблул-матин»ни биз фақат рус-ёпун уруши вақтларидағина кўрдик. Бу рўзномалар ёлғиз бундаги баъзи эрон савдогарлари орқали олинар ва тарқатилар эди.

1905нчи ЙИЛДАН СЎНГ

5нчи йил 17нчи ўктабр манифестидан кейин керак Туркистонда ва керак Русияда турлук миллий газета ва мажмуалар чиқа бошлади. Буларнинг ҳар қаюси Самарқандда ҳам бир мунча тарқалар эди. Самарқандға доимий суратда келиб турган ва халқ томонидан суйилуб ўқулмоқда бўлғон матбуотдан биринчилари «Таржумон», «Вақт» газеталари билан «Шўро» мажмуасидир.

«САМАРҚАНД» ГАЗЕТАСИ

Самарқандда биринчи мартаба чиққан газета «Самарқанд» газетасидур. Бу газета Самарқанд маорифпарварларининг моддий ёрдами билан 1913нчи йилда (апрелда) марҳум Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг масъул муҳаррирлиги остида чиқа бошлади. Ҳафтада икки қатла чиққан бу газета бошда ёлғиз икки бетлик бўлуб чиқа бошласа-да, 7 -8нчи сонидан кейин тўрт бетлик бўлуб чиқди. Газета 4-6 юз орасида босилар эди. Охири, мустабид ҳукуматнинг сиқиши ва моддий жиҳатдан торлиқда қолғонлиғи сабаб ортиқ давом этолмай 44нчи сонида тўқталмоққа мажбур бўлди. Халққа янги фикрлар бериб раҳбарлик эта бошлағон «Самарқанд» газетасининг тўқталиб қолиши ёшларга ёмон таъсир этди. Ҳатто Хўқанд ёшларидан Акобир Шохмансур ўғли билан Мирзоҳид Оқилий ўртоқлар жамиятга келиб, газетани қайтадан давом этдирмак учун унга 500 сўм иона билан 200 обуна юборишга ҳозир эканликларини телегроф орқали билдирдилар.

Беҳбудий афанди бундан сўнг газетани 45нчи сонини ёлғиз бир бетлик қилиб чиқарди ва шул сонда ҳамият эгаларига ташаккур этиш билан баробар бу иона ва ёрдам газетани асослик суратда узоқ муддат давом этдира олмаслиғини билдирди. Бу тўғрида ўз фикрини ёзиб ўтди. Мазқур ионани ҳам қабул этмади.

«ОЙНА» МАЖМУАСИ

Беҳбудий афанди «Самарқанд»дан қолғон озгина сармоя билан барча оғирлиқларни ўз бўйниға олиб ҳафталик «Ойна» мажмуасини чиқара бошлади. Бу мажмуанинг биринчи сони 1913нчи йил августда чиқди. Босилиш сони 4-5 юздан ошмас эди. Ёлғиз Беҳбудийнинг сабот ва матонати орқасида чиққан бу мажмуа тақрибан 20 ой давом этгандан сўнг турлук тазйиқот ва моддий торлиқ сабабидан 1915нчи йилда тўқталди. Бу мажмуа тамоман 68 нўмер чиқди. «Ойна» халқни уйғотиш ва оқартиш учун яхшиғина хидмат этди. Ул Туркистондан бошқа Тотористон, Кофкоз, Афғонистон, Эрон, Туркия ва Мисргача тарқалар ва ҳар ерда суйилиб ўқулур эди.

ТЕЛЕГРОФ ХАБАРЛАРИ

1915нчи йилда Самарқандда босмахона эгаси Газаруфнинг масорифи билан бир муддат «Телегроф хабарлари» номида махсус кундалик варақа чиқа бошлади. Бу варақа ўзбекча тидда Ҳусайн Иброҳимув қалами билан ёзилар эди. Варақа 20-30 нўмер чиқиб тўқтадди.

1916нчи йилда Саидризо Ализоданинг харжи ва қалами билан «Агента телегрофлари» отлиқ варақа чиқарила бошлади. Бу варақа ҳам ўзбекча бўлуб 500-1000 дона босилиб чиқар эди. Бу ҳам кўб давом этолмай 14-15нчи сонларда тўқталди.

17нчи йил феврал ўзгаришидан кейин яна Саидризо томонидан форсий тилда «Варақаи телегрофот» исмида телегроф хабарлари чиқарилди. Беш юз дона миқдорида босилиб чиққан бу варақа ҳам 20нчи сонларида тўқталди.

Мазкур йилда бир неча вақт «Зарафшон» китобхонасининг мудири Акобир афандининг масъул мудир ва ноширлигида ўзбек тилида «Телегроф хабарлари» варақаси чиқарилиб бу ҳам кўб давом этмай 50нчи сонида тўқталди.

«ҲУРРИЯТ» ГАЗЕТАСИ

17нчи йил феврал инқилобидан кейин Самарқандда \ маорифпарварлар томонидан ҳафтада икки қатла «Ҳуррият» газетаси чиқарила бошлади. (Биринчи сони 16нчи апрелда чиқди.) Бошда бунинг масъул муҳаррирлигига Мардонқули Шомуҳаммадзода тайин этилди. Бир муддатга Акобир афанди масъул мудир бўлуб турди. 27нчи сонидан эътиборан унинг бош муҳаррирлигига ўртоқ Абдурауф Фитрат тайин қилинди. Газета 500-1000 дона орасида босилар эди.

«Ҳуррият» газетаси Керинский замонида ҳам «Уламо» ва «Шўрои ислом»ға муқобил, аммо «Иттифоқ» жамияти камбағал меҳнаткашларға тарафдор, гўё шуларнинг ношири; афкори эди. Бу газета ўктабр инқилобидан кейин очиқдан-очиқ ишчи ва фақир халқ фойдасиға хидмат этди. Маорифпарварлар томонидан таъсис этилган «Зарафшон» ширкати бутун сармоясининг кулли бир қисмини шул газетанинг нашриға сарф қилди. Охири, газетанинг моддий ёқдан сиқилғонини кўруб ҳимматлик ёшлардан марҳум Муҳаммадқул Ўрунбой унинг нашрини ўзининг зиммасига олди. Ҳар нарсанинг баҳоси кундан-кун оша берди. Ортиқ газетани давом этдириш мумкин бўлмади. Охири газета, (1918нчи йилда) 87нчи сонида тўқталмоққа мажбур бўлди.

«МЕҲНАТКАШЛАР ТОВУШИ»

1918нчи йилда (11 июнда) шўро ҳукумати томонидан «Меҳнаткашлар ўқи» отлиқ газета чиқарилди. Бунинг масъул муҳаррирлигига Ҳожи Муин, таҳрир ҳайъатига Иффат хоним (Зоҳида Бурнашева) билан марҳум Шокир Мухторий тайин этилдилар. Бу газетнинг 5нчи сонида оти ўзгартирилиб «Меҳнаткашлар товуши» қўйилди. Газета 500-2000 нусха орасида босилиб тарқалар эди. Бу газетанинг таржима ва таҳрир ишларида бир муддат Саидризо Ализода, Муҳаммаджон Юсуфий, қори Муҳаммадраҳим Тожи, Садриддин Айний афандилар хидмат этдилар. Буларнинг ичида биринчи даражада узун муддат ишлаган киши шубҳасиз Айний афанди эди.

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси 20нчи йилдан эътиборан вилоят фирқа қўмитаси билан вилоят ижроқўмининг ношири афкори бўлиб давом этди. Бу газета, бир ёқдан, халқни ҳукуматга яқинлашдириш учун хидмат қилғонидек, иккинчи ёқдан, бузуқ ният билан ҳукумат идоралариға кириб олиб халқни талайтурғон унсурлар билан мубориза этар, улар ҳақида доим раҳмсиз суратда танқид ва кулгулик мақолалар ёзар эди. 21нчи йилда бу газетанинг оти ўзгартилиб «Камбағаллар товуши» қўйилди.

Ва газетанинг масъул муҳаррирлиги сўнгғи йилларда турлук кишилар қўлиға ўтса ҳам, лекин ул маънавий жиҳатдан юксала олмади. Охири, 22нчи йил ўрталарида 304нчи сонида тўқталди. Туркистонда шўро ҳукумати томонидан бошлаб чиқарилғон ва узун муддат яшағон газета шудир.

«ТАЁҚ» МАЖМУАСИ

«Меҳнаткашлар товуши»да бир неча вақт босилиб турғон «Шапалоқ» ва «Таёқ» исмларидаги бандлар халқнинг рағбат ва диққатини ўзига жалб этгани учун ҳукумат «Таёқ» отлиқ ҳажвий бир мажмуа чиқаришға ижозат берди. Бу мажмуа 1920нчи йил январида ўн беш кунда бир карра чиқа бошлади. «Таёқ» журнали «Меҳнаткашлар товуши»нинг таҳрир ҳайъати томонидан ёзилар эди. Ҳуруф ва коғоз озлиғи учун бу мажмуа 8нчи сонида тўқгалди.

«БОЛАЛАР ЙЎЛДОШИ»

1919нчи йилда Самарқандда тоторлар мактабининг мудир ва муаллими ўртоқ Хабир Абдуллаевнинг ташаббуси билан маориф идораси томонидан «Болалар йўлдоши» исмида болаларға махсус бир журнал (тошбосмада) чиқарилиб, Знчи сонида тўқталди. Бу мажмуанинг муҳаррири Хабир, масъул мудири Абдурашид Абдужаббор ўғли эдилар. Бунинг тахрир ҳайъатида Айний афанди ҳам бор эди. Самарқандда биринчи маротаба болаларға таъсис этилиб, чиқарилғон мажмуа шу эди.

«ШУЪЛАИ ИНҚИЛОБ» МАЖМУАСИ

1919нчи йидда вилоят фирқа қўмитаси томонидан ҳафталик форсча «Шуълаи инқилоб» мажмуаси чиқарилиб унинг муҳаррирлигига ўртоқ Саидризо Ализода тайин этилди. Бу мажмуа тақрибан минг дона босилиб Бухоро, Эрон ва Афғонистонгача тарқалар эди. Мажмуанинг доимий ёзғувчилари фақат Саидризо билан Айний афанди эдилар. Сўнгғи вақтларда коғоз ва тошбосма асбоби озайғондан бу мажмуа ҳам 1921нчи йил охирларида 92нчи сонида тўқталиб қолди.

ДЕВОРИЙ «ШАРҚ» ГАЗЕТАСИ

1919нчи йил ноябр ойида ҳукумат томонидан «Шарқ» исмида кундалик деворий газета чиқарила бошлади. Бу газета бошда Саидризо Ализоданинг қалами билан ёзилиб чиқса-да, сўнфа (1920 йили 3 июн) 64-сонидан эътиборан Муҳаммаджон Юсуфийнинг қўлиға ўтди. Бу газета 2 - 3 юз дона босилиб, 20нчи йилнинг охириғача 189 нўмер чиқди.

«Шарқ» газетаси 1921нчи йилда ҳам давом этиб 13нчи августгача 132 нўмер чиқиб тўқталди.

«ЁШ КУЧ»

Ушбу от билан 21нчи йил май ойида Самарқанд вилоятининг ёш коммунистлари томонидан деворий газета чикарилғон бўлса ҳам, кўб давом этмай Знчи сонида тўқгалди.

«ЗАРАФШОН» ГАЗЕТАСИ

1922нчи йил ўрталарида «Қизил байроқ« газетасида «Камбағаллар товуши» газетасининг оғир ҳолда қолғонидан, 2-3 дафъа мақолалар ёзилди. Буларни назари эътиборга олиб Туркистон жумҳуриятининг марказий фирқа қўмитаси Самарқандда «Зарафшон» отлиқ мунтазам бир газета чиқариш учун ўртоқ Ғози Юнусни тайинлади. Ғози ўртоқ Тошканддан бир неча пуд янги ҳарф, 150 пудча яхши оқ коғоз ва иккита ҳуруфчин келтириб бунда (22нчи йил ўктабрида) «Зарафшон» газетасини чиқара бошлади. Ғози ўртоқ бу газетани ҳар жиҳатдан яхшиғина йўлға қўйғондан сўнг ўзи (1923нчи йил бошларида) Тошкандга кетди.

Унинг ўрниға марказ фирқа қўмитаси томонидан газетанинг масъул муҳаррирлигига ўртоқ Али Исмоилзода тайин этилиб юборилди. Бу зотнинг ғайрат ва фаолияти соясида газета тартиблик суратда ҳафтада икки қатла чиқиб турадир. «Зарафшон» газетасининг бу кунда керак халқ ва керак ҳукуматнинг диққатини ўзиға тортғонлиғи билгуликдирким, буни шарҳ ва баён этишга ҳожат йўқ.

«Зарафшон» газетаси, 1923 йил, 5 май

 
Баннер