Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Ҳожи Муин. Оила тарбияси (1918)
PDF Босма E-mail

Дунёда ҳар бир миллатнинг ҳуқуқли ва масъуд бир суратда яшамаки, ул миллатнинг ўз замониндаги маориф ва маданиятни қабул этмакига муваффақ бўлғонидек, ҳар бир оиланинг бахтиёрлиги ва роҳат билан тирикчилик этмакига ҳам ул оиланинг афроди мутлақо тарбияли бўлурға тевишдир. Оламда тараққий этган ҳеч бир миллат йўқдир-ки, унинг оиласи тарбиясиз қолғон бўлсин. Ёки ҳеч бир оила йўқдирки, унинг афроди тарбия кўрмайинча чин бахт-саодат билан умр кечирмақца бўлсин.

Исломиятнинг аввалги асрлариндаги мусулмонлар оила тарбиясиға аҳамият бериб, эркак ва қиз болаларини ўқита бошладилар. Хотунлар ҳуқуқини риоя этдилар. Ва шул сояда маориф ва маданият йўлиға қадам қўйиб, улуғ бир қувват ҳосил этдилар. Озгина вақтда дунёнинг қисми аъзамини ўзлариға қаратдилар. Ул асрларда ислом дунёсинда эрлар қаторинда хотинлардан ҳам қанча олима ва шоира, муҳаррира, хатиба, адиба ва фақиҳалар етишган эди.

Мусулмонларнинг у давр тараққийлари Аббосий ҳалифаларнинг замониғача давом этди. Аббосийлар давринда бошлаб оила тарбияси бузилди. Хотунлар ҳуқуқиға тажоввуз этилди. Халифа ва амирлар саройинда айш ва ишрат ва шафоҳат бошланди. Ҳукумат идораларинда жабру алам, ғадру хиёнатлар юз берди ва ўшал дақиқадан эътиборан мусулмонлар ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан кундан-кун таназзул эта бошладилар. Ҳукуматлари қўлдан кетди, мамлакатлари барбод бўлди. Бошдан ўзгаларга амир ва ҳоким бўлиб келган мусулмонлар ахлоқсизлиқлари ва оила тарбиясининг бузуқлиғи сабабли бора-бора ётларға маҳкум ва асир бўлиб қоддилар.

Ҳосили калом, аввалги асрларда мусулмонлар ҳусни ахлоқ ва оила тарбияси соясиндагина тараққий этдилар ва масъуд бўлдилар. Охирида оила тарбиясиндан қўл кўтарганлари ва ахлоқсизлиқлари сабабли суқут этиб ҳозирги ҳолға тушдилар.

Биз туркистонлилар ҳам 15 йил бўладирки, бу дунёда ўзгалардек тараққий ва таолий этмак орзуси билан янги мактаблар оча бошладик. Ёлғиз эркак болаларимизни тарбия этарға киришдик, аммо қизларимизнинг тарбиясига ҳозиргача ҳеч бир аҳамият бермадик.

Бизлар ушбу ноқис ва хато ҳаракатларимиз билан яна истармизким, келар замонда бизлардан ҳам масъуд оилалар етишсин, бизлар ҳам бошқалар қаторинда мутараққий ва мутамаддун бўлайлик. Лекин ҳозирдан билмагимиз ва амин бўлмоғимиз керакдирким, бизлар то эркак ва қиз болаларимизни биргаликда тарбия этмагунча бизлардан келажақда масъуд оилалар етишмас. Бизлар ҳеч вақт ғояи аъмолимиз бўлғон чин бахт ва саодатга, тараққий ва тамаддунға етолмасмиз.

(Охири бўлур.)

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1918 йил, 9 июль

 
Баннер