Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Ҳожи Муин. Каттақўрғон хотиралари (1917)
PDF Босма E-mail

41нчи рақамли «Ҳуррият»да ғазетани давом қилдирмоқ учун ноширлари тарафиндан берилғон қарор ва обуна олмоқ тўғрисинда маним Катгақўрғонға юборилмоқлиғим ёзилғон эди.

Мана, мазкур қарордан бир неча кун ўтгандан сўнгра хусусий ишларимни биткуриб, 20нчи ўктабрда Каттақўрғонға бормоқ учун йўлға чиқдим.

Вағунда 2-3 бухорий ва бир эроний ила йўлдош бўлдим. Поезд жўнамасдан бурун русча-мусулмонча турли ғазеталар сотғувчи бир русдан бир дона «Очиқ сўз» ғазетасини сотиб олдим ва баъзи муҳимроқ ўринларини (йўлдошларимнинг илтимослари бўйинча) ўқуб бердим. Шул муносабат билан эроний йўлдошимиз ила сўзға киришуб, уруш хабарлариндан ва урушғувчи давлатларнинг вазият ва ҳоллариндан хейли сўйлашиб олдиқ.

Эроний йўлдошимизнинг замона аҳволиндан хабардор, дин ва дунёдан хейли маълумотлик зот эканлиги сўзлариндан билинур эди. Шунинг учун анинг билан суҳбатимиз қизиб қолди, турли бойлардан таъоти афкор этдук. Олами исломнинг таданнисидан ва анинг сабаблариндан, лекин бу сўнг йилларда ислом оламинда ҳам бир оз интибоҳ пайдо бўлуб, баъзи ўлкаларда мусулмонлар уйғона бошлағонлариндан, Мисрда шайх Жамолиддин ва Муҳаммад Абдуҳлар, бошқа ўлкаларда ҳам шуларға ўхшаш неча улуғ мужаҳҳид кишилар, доҳий ва файласуфлар чиқиб, мусулмонларни уйғотмоқ учун қилғон ғайрат ва ижтиҳодларини бир-бир сўйлашиб ўтдук.

Бир вақт ёнимиздаки бухорий йўлдошларимизга қарасак, онлар хур-хур ухлаб қолиблар.

Киторимиз ҳам Каттақўрғонга яқинлашибдир. Нарсаларни йиғиб бўлуб, вағун тризасиндан бошимни чиқариб ушбу йил ёмғурсизликдан экин бўлмағон ерларга қарамоқ ила баробар турли фикрларға чўмуб кетдим. Зотан ёмғур кўб ёғғон йилларда ҳам Туркистоннинг экинлариндан ҳосил бўлғон донлар ўз аҳолисиға зўрға етишур эди. Бу йил ёмғурсизликдан экинларнинг баракаси учуб, ўлкамиз қимматчилик устинда қаҳатчиликга ҳам дучор бўлди. Бу жиҳатдан қашшоқ ва камбағаллар, бева ва бечораларнинг тирикчи-лиги ниҳоятда оғирлашди. Аммо буржуйлар, инсофсиз савдогарлар бу фурсатдан мингларча-миллиюнларча истифода қилдилар ва қилмоқдалар.

Биз бойларимизнинг ақча кўпайтурмоқлариға бахил ва ҳасад қилмаймиз. Ёки дунё топмакни ёмон ва мазмум бир иш деб эътиқод этмаймиз. Балки бизнинг бу сўзларимиздан муддаомиз бойларимизнинг қашшоқлар ҳоллариға тараҳҳум этмасликлари ва унларға шафқат ва мурувват кўрсатмасликларини айтиб ўтмакдир. Бой ва қашшоқ, табиий, ҳар ўлка ва ҳар миллатда бор. Мутамаддун миллатлар орасиндан бойлари кўб бўлуб, қашшоқлари оздур. Аммо бизларнинг ярим маданий бўлғонимиз учун бойларимизға нисбатан қашшоқларимиз ниҳоятда кўбдур. Бизлар билан маданий миллат орасиндан кўнгилни ачитатурғон яна бир айирма шуки, унлар ўз қашшоқларини кичиклиқдан бошлаб тарбият қилалар, ўқуталар, одам қилалар. Ва бу йўл билан ўз фақирлиқ томурини қуруталар, мана шунинг учун маданий миллатлар орасинда фақирлар кундан кун озаймакдадур ва гадойлик каби манфур одат йўқ бўлмоқцадур.

Энди бизлар ўз ҳолларимизға бир йўла қарасак, кўрамизки, бизнинг динимиз ислом фақирларға боқмоқ тўғрисиндан турли йўллар кўрсатиб буйруқлар қилғондир... Ҳатто бойларға закот фарз қилғонлиғининг фалсафа ва ҳикматлариндан бириси, фақир ва мискинларға мурувват этмакдир.

Мана мен ушбу фикр денгизинда чўммоқда эдимки, қиторимиз Каттақўрғон мавқеъиға етишиб қодди. Йўлдошларим билан хайрлашиб вағундан тушдим, Каттақўрғондаги ёшлардан қадрлик дўстим Маҳбубхон афандининг манзиллариға бордим.

Каттақўрғон аҳволиндан маълумот олмоғим тўғрисинда менга раҳбарлик этғувчи муҳтарам Маҳбубхон афанди бўлғонлари учун энг аввал бу зотни «Ҳуррият» ўқувчилариға озгина танитиб ўтмоқчи бўламан:

Маҳбубхон афанди Каттақўрғон улуғзода ва бойбаччалариндан очиқ фикрлик бир зотдир. Мен мундан илгари (11нчи йил ноябр ойиндан 14нчи йилнинг сентабригача) тақрибан уч йил Каттақўрғон русский-туземний мактабинда муаллимлик қилғоним вақтларда ҳам доим бу киши билан суҳбатдош бўлуб турғон эдим.

Яна букун мазкур афанди билан кўрушмакни Худо насиб қилғон экан. Ҳовлилариға бориб кўришдук. Аҳвол сўрашиб ва бир-икки пиёла чой ичишиб бўлғондан сўнг бу ерда на мақсад билан келганлиғимни англатдим. Бу муносабат билан Каттақўрғоннинг «Ҳуррият»дан кейин кечирган ҳоллариндан ва ҳозирги ҳолиндан маълумот олмоқ орзусинда бўлғонимни ҳам биддирдум.

Маҳбубхон афанди Каттақўрғоннинг турли аҳволиндан хейли маълумот бердилар. Сўзлариндан англашиладурки, инқилобдан сўнгра Туркистон ўлкасининг ҳамма еринда бўлғон ўзгаришлар бу ерда ҳам бўлуб ўтибдурки, бу табдилотнинг сиёсий, маданий ва диний жиҳатлариндан биз мусулмонларнинг лозиминча истифода қилурға истеъдодсизлиғимиз ва ҳаракатсизлиғимиз кўринуб турубдур. Бу инқилобдан кейин Русиядаги турли миллатлардан кўбиси ўзларининг истеъдод ва ҳозирлиқлариға иш кўрдилар ва кўрмакдадурлар.

Маданий ҳозирлиқлари мукаммалроқ бўлғон миллатлар (финлар ва украинлар каби) Русия инқилобиндан кейин ўзлариға оид ишларни ўз қўллариға олмоқ ҳаракатинда бўлдилар ва ўз мақсадлариға ҳам етиша бошладилар. Модомики, бизларнинг маданий ҳозирлиғимиз йўқ эди, яъни ушбу замонға ярайтурғон билги ва онгимиз йўқ эди, ҳуррият неъматлариндан керагинча истифода қилолмай турамиз.

Саккизинчи сентабрда Каттақўрғонда шаҳар думасининг сайлови бўлуб ўгубдур. Бу сайловда уламо, бойлар ва ёшлар муттафиқан бир рўйхат тузганлари сабабли сайлов ғавғосиз ўтубдур. Аммо бу сайловда хотунларнинг иштирокиға ижозат берилмабдур. Ҳолбуки, хотунлар ҳам инсон болалари эди, уларнинг ҳам бу сайловға иштирок этмоқға ҳақлари бор эди. Шаҳар думаси очилгондан кейин ғласнийлар полковник Роес жанобларин шаҳар раисликиға ўткарибдирларки, бу ишлари ниҳоятда муносиб ва ўрунли бўлуб тушубдир. Чунки полковник Роес тақрибан ўн йилдан бери Каттақўрғонда ҳоким бўлуб, бу орада аҳолиға яхши муомаласи билан ўзини севдирган ақллик ва тадбирлик тўғри бир кишидир.

Мен уч йил Каттақўргонда турғон вақтимда ҳам бирон кишининг мундан шикоят қилғонини эшитмаган эдим. Сурушдируб англағонимизга кўра, бу ҳокимнинг халқ қошинда бу даражада мақбулият касб этғонлигининг сабаби ва ҳокимнинг фазилатлариндан баъзиси шу экан:

Полковник Роес жаноблари ҳеч бир тўғрида ҳеч кимдан ришват олмас экан. Доим бой ва қашшоқни бир кўриб, бировнинг риояи хотири учун бошқа бировға зулм ва жабр қилмас эканлар. Миссиюнерлик фикри ва ҳаракатида бўлмас экан.

Воқеан, бир киши золим ва мустабид Ниқолай замонинда шунча яхши сифатли бўлғон эса унинг хидматларини тақдир этмаслик ва унга қадршинослик юзиндан мукофот бермаслик инсоният сифатлариндан бўлмаса керак.

Мен 6 йил бурун Каттақўрғонга муаллим бўлиб борғонимда бошлаб шул ҳокимнинг қошиға кирган эдим.

Ҳоким меним кимлиғимни, нима учун келганлиғимни сўраб жавобни олғондан сўнг шу мазмунда насиҳат ва таълимот берганлиғи ҳануз эсимда бор: «Эшитаманки, Самарқандда мулло Абдуқодир деган бир муаллим усули жадид мактаби очиб болаларни яхши ўқутмоқда экан. Сиз ҳам ўшал муаллим каби болаларни яхши ўқутингиз. Болаларға шундай муомала қилингизки, улар ҳам сиздан қўрқсунлар ва ҳам сизни севсунлар».

Мен умримда бир рус оғзиндан мундай тўғри ва хайрихоҳона сўзларни биринчи дафъа эшитганим сабабли ниҳоятда шодланғон ва руҳланғон эдим.

Каттақўрғонда илгари тотор қардошларимизнинг мунтазам бир мактаблари бор эдики, бу мактаб ҳозирда ҳам давом қилмоқда экан.

Каттақўрғонда ерли аҳоли учун ҳануз янги бир мактаб очилмағонлиғи сабабли баъзи кишилар ўз болаларини мазкур тотор мактабиға элтиб қўймоқда эканлар.

Инқилобдан кейин бу ерда уламою ағниё ва ёшлар тарафиндан «Равнақ ул-ислом» исминда бир жамият очилғон бўлса ҳам, бу катта жамиятнинг улуғ ҳиммати кичкина бир «қироатхона» очмоқ билан тамом бўлғонға ўхшайдур. «Қироатхона»сини ҳам бориб кўрдум. 60—70 қадар мусулмоний, мундан ортуқроқ русча турли рисола ва ки-тоблари ва 10-15 турли мусулмоний ва русий мажмуалари бор экан. Аммо бу нарсаларни ўқиятурғон киши йўқ деярлик даражада оз кўринадир. Сабаби бўлса...маълум...

Самарқандда катта бир шаҳарнинг қироатхонаи исло-мияси ўн йилдан бери давом этиб ўзининг кундалик мутолаачисини ҳануз ўн нафарға еткура олмағонда Каттақўрғон қироатхонаси ўз мутолаачиларини нечук кўпайтирсун?

Барчаға маълумким, бизнинг халқ аксарият илмсиз бўлиб, илмлилари орасинда бўлса фикри очилғони юзда бир нисбатда оздир. Мунинг устинда, баъзи ёшлар ҳам ўзлари учун хусусий ғазета ва китоблар тадорик этиб қироат-хонаға у қадар эҳтиёжлари йўқдур. Энди бу ҳолда қироат-хона учун мутолаачилар қаердан келур?

Мана шунинг учун керакким, ҳар ерда қироатхонадан бурун мактаблар очилсун, фикри очиқ мутолаачилар етишдурулсун. Ундан кейин табиий қироатхона очмоқға эҳтиёж тушар.

Агарда бизнинг «Марваж ул-ислом» ва «Равнақ ул-ис-лом» исмли жамиятларимизнинг чин мақсадлари исломға ривож ва равнақ бермак ва мусулмонларни тараққий этдурмак бўлса, бошлаб мунтазам мактаблар очсунлар, сўнгра эски мадрасалардан фойдасиз ҳошияларни чиқариб, аларнинг ўрнида кераклик илм ва фанларни киргузсунлар ва бу йўл билан мусулмонларни маорифдан баҳраи об этиб, жаҳолатдан қутқарсунлар. Шул ҳолда дини мубини ислом ривож ва равнақ топар. Мусулмонлар ҳам, шаксиз, икки дунёда масъуд бўлалар. Йўқса, жамиятларимизнинг ёлғуз тумтароқли исмлар тақиб юрмаклари авом орасинда кўз бўёвдан иборат бўлиб, бечора мусулмонларни икки жаҳон оввораси қилмоқдан бошқа фойдаси бўлмаса керак.

Шу ҳақиқат ҳам маълумдирким, дунёда илмсиз ҳеч бир миллатнинг, илмсиз ҳеч бир диннинг тараққий ва ривож топганлигини тарих кўрсатмайдир.

«Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 29 декабрь

 
Баннер