Ҳожи Муин. Адабсизлик сабаби ва унинг чораси (1913) | ||||
«Туркистон вилоятининг газети» 54-рақамида Тошканд мусулмон авомларининг адабсизликидин зорлануб, аларнинг кўчалардаги беадабона ҳолларини тафсил ила ёзубдурки, диққат этуб ўқудук. Лекин шунинг сабаби ва иложи тўғрисида ўз фикрини ёзмағониға таажжуб этдик. Шояд мундин сўнг ёзар. Бизнинг фикримизча, ёлғуз Тошканд авомлари эмас, бутун Туркистон авомларининг кўбиси адабсиздур. Мунинг сабаби бўлса, аввал ўз уйида, сўнгра мактабда лозиминча тарбия кўрмаслики ва жаҳолатдур. Модомики, уйимизда ва мактабимизда тарбия кўрмасмиз, қиёматгача адабли бўлмаймиз, одам қаторига кирмаймиз. Ҳозир бизларни ким тарбия этар? Уйда ота-онамиз, мактабдаги хат ва саводзада мулломиз ва кўчалардаги бад-ахлоқ авомимиз тарбия этадурми? Бас, бизларнинг мураббийимиз мана шулар бўлган ҳолда, биз қайдан адабли бўлайлук, тирикчилик килайлук. Хайр, ҳолимиз шундай экан, мунинг айби кимгадур ва мунинг иложини ким айтар? Шубҳасиз, бу ҳолимиз учун айбдор масъул уламомиз ва қадимги мусулмон мансабдорларимиздур. Ва мунинг иложини топмоқ ҳам аларга оид ва лозимдур. Агарда хонларимиз, улуғларимиз ва руҳонийлармиз ўз зиммаларидаги вазифаларини адо қилиб келсалар эди, биз мусулмонлар бу кунда мундай разил суратда жоҳил ва беадаб бўлуб қолмас эдук. Бизнинг бахтсизлигимизға қаршу улуғларимизнинг ва хонларимизнинг ўз эҳтиёжимизға ярарлик илмлари йўқликидин бўлди. Энди замонимизға мувофиқ янги асбоб керак. Эски юнон исхулостики[1] бу 20-асрда ярамайдур. Агарда бизнинг уламолар «русча ўқумоқ ҳаром» каби халқға мазарр сўзлариға давом этсалар, вой ҳолимизга. Эмди ўз дардимиз давосини ўзимиз топсак лозим. Истиқболимизға ярарлик асбоб ва олим одам тайёрламоқ керак. Аввал, Русия мадрасалари каби жойларға талаба юборуб яхши муаллим ва тараққийпарвар уламо етишдирайлук. Сўнгра аларға мактаб ва мадрасалар очуб беруб ўз авлодимизни яхши ўқутайлук ва тарбия этдурайлик. Агарда биз Туркистон мусулмонлари ушбу кундан бошлаб мазкур чораларға ташбиш этсак, ўн йидцан сўнг ишимизни бир тартибга солуб, андоғларга муҳтож бўлмай ўз вазифасини билмайтургон мусулмон улуғлар ўрнини янги тараққийпарвар ёшларимиз ишғол этар ва биз ҳам ул вақт мақсудимизға етгон бўлурмиз. Андин сўнг ҳеч ким авлодимизнинг адабсизлигидин зорланмас. Иншоолоҳ, шундай бўлур. Иқтизои замон ҳам шудир. «Туркистон вилоятининг газети», 1913 йил, 1 август |