Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Ҳожи Муин. Қози калони Шал ва унинг болалари (1926)
PDF Босма E-mail

(Адабий тафтишлар ва таржимаи ҳол)


Бир вақт Туркистонда ва балки бутун Ўрта Осиёда маориф ва маданият ўчоғи бўлғон Самарқанднинг, ўн иккинчи асри ҳижрий ўрталарида (60-70 йил) ўзаро урушлар натижасида харобазор ҳолида қолғонлиғи тарихдан маълумдир. Шу хароблиқ чоғларида Самарқанддағи бир неча муҳташам бинолар фаторат бўлғон ва кўб қимматлик нодир китоблар, вақфномалар йўқолиб кетган. Ҳатто узун замонлар қимматчилиқ ва қаҳатлиқ сабабидан шаҳар ичи одамсиз қолиб, далаларда ҳам экинчилик бўлмағон.

Мана шу хароблиқ ва бузғунлиқлар, Мовароуннаҳр ҳукумати манғитлар қўлиға ўтгандан кейин бир мунча тузала бошлағон, манғит амирларидан Шоҳмурод ўзининг отаси Дониёл замонида (1195 йилда) Самарқандға ҳоким тайин этилгандан эътиборан шаҳарни бир қадар тузатишга ва обод этишга киришган. Бузилаёзғон мадраса ва масжидларни таъмир (ремонт) қилғон. Самарқанднинг ташқи қалъасини қайтадан тузатиб, аввалги ҳолиға келтирган. Шоҳмурод отасининг тахтига ўтирғондан сўнгра (1199 йили), бир ёқдан, жиддий суратда Самарқандни обод этишга бел боғлаған. Теваракдан халқни кўчуриб, шаҳарга ўринлаштирган ва қанча янги гузар (маҳалла)лар ташкил этган. Иккинчи ёқдан, вақф ишларини тартибга қўйғон. Сўниб қолғон маориф чироғини ёқиб, Мирабдулҳай (Қози Шал)дек олим бир зотни Самарқандға қози ва мударрис белгилаган. Ёлғиз Самарқандда эмас, бутун Бухоро ва Туркистонда илму фазли билан шуҳрат чиқарғон Қози калони Шал шу Мирабдулҳайдир.

Қози Шал бир томондан, қозилиқ вазифасини бажариб, бошқа томондан, Шердор мадрасасини тузатиб, шунда дарсгўйлик эта бошлағон. Бир неча йилда кўп олим ва шогирдлар етиштургон. Шу орада қозининг тарбияси билан ўзининг уч-тўрт ўғли ҳам машҳур олимлар қаториға кирганлар. Қози ўзининг умри охирида икки оёғи шал бўлғон эса ҳам, жим турмағон. Ўн уч йиллик шаллик вақтларини таълиф ва таҳрир билан ўтказиб, бир неча диний-ахлоқий асарлар ёзган. Қози калони Шалнинг фақат ўзи эмас, унинг ота-боболаридан бошлаб ҳозирги замонимизгача етиб келган болалари ҳам илму фазл ошиқи бўлиб, маориф йўлида ишлаб келганлари учун мен уларнинг қисқача таржимаи ҳолларини ёзиб ўтмакчи бўлдим.

«Қози калони Шал» лақаби билан шуҳрат топган шайх ул-ислом қози Мирабдулҳай Абулхайр Аъламнинг ўғли ва Мавлавий Файзийнинг набирасидир.

Мавлавий Файзий ўз асрида шуҳратлик олимлардан бўлғон. Бунинг «Мулла Жамол» татиммасига ёзғон арабча шарҳи Туркистон уламолари орасида машҳур ва мақбулдир. Қабри Шаҳрисабзда «Хўжа Амакана» деган мазористондадир. Абулхайр эса Самарқанднинг мўътабар олимлариндан саналиб ўз замонида аълам бўлиб ўтган. Бунинг қабри Самарқандда «Хон Сайид Имом» қабристонидадир. Қози Шалнинг ота-боболари Самарқанд туманидаги «ёри» жамоасидан (тожик) дир.

Қози калони Шал Самарқандда 11б9нчи йидда дунёға келган. Йигирма олти ёшида Бухорода хатми кутуб қилғон. Сўнгра амир Шоҳмурод тахтга ўтириши билан баробар (1199 йилда) уни Самарқандға қози калон қилиб юборғон. Бундан бошқа амир томонидан қозиға юртни бошқариш ва халқни тинчитиш учун бутун ихтиёр берилган.

Қози Шал Самарқандға келиши билан баробар ўзининг бўйнидағи вазифасини бажаришга тиришадир. Бир томондан, халқнинг арзу додини сўрайдир, бошқа ёқдан, бузғунлиқ замонида бузулаёзғон Шердор мадрасасини ремонт қилиб, шунда талабаларға турли илму фандан дарс беришга киришадир. Ўқишга салоҳиятлик кишиларни атрофига тўплайдир. Камбағал муллабаччаларга моддий ёрдам берадир. Шунинг билан қозининг шуҳрати Туркистоннинг ҳар томонида ёйиладир; ҳар ёқдан талабалар келиб, қози ҳузурида тилаган илму фанларини ўқия бошлайдирлар. Самарқанд билим ўчоғиға айланадир.

Қози калони Шал керак амир қошида ва керак халқ орасида бошқа кишилар кўролмаган даражада зўр ҳурмат ва эътибор қозонадир. Давлат ва сарват эгаси бўладир. Аҳрорий, Мираконий ва Маҳдуми Аъзам хўжаларидан ҳам қорачадан қиз олиб уйланадир. Катта оилалик бўладир. Қозининг хусусий таълим-тарбияси билан ўзининг бир неча ўғли ҳам турли илмлардан хабардор бўлиб етишадирлар. Шунинг билан қозининг хонадони бу кунгача илм оиласи бўлиб келадир.

АСАРЛАРИ

Қози Шалнинг набираси бўлган Абутоҳирхўжа ўзининг «Самария» деган форсча тарих китобида, бобосининг шаллик вақтида ёзғон асарларини шу тартибда кўрсатадир:

1. «Байзовий» тафсирининг ҳавошийси.

2. «Саҳиҳи Бухорий»нинг форсча шарҳи.

3. «Забур»нинг форсча шарҳи.

4. «Ахлоқи Баҳодурхоний».

5. «Ҳидоя» шарҳининг шарҳи («Балиъ» китобидан охириғача).

Марҳум Васлий афандининг сўзига қарағонда, қози Шалнинг булардан бошқа форсча ва арабча тилларида ёзғон «Муқаддимат ут-тафсир» исмли асари бор экан. Тахминан уч юз бетдан иборат бўлғон бу китобда тафсир илмини билмак учун бир неча илмдан хабардор бўлишнинг кераклиги баён этилган эмиш. Васлий афанди шу китобда Бухорода қози Шалнинг авлодидан бўлғон Абдусамадхўжанинг қўлида икки нусха борлиғини гапирган эди.

Васлийнинг ривоятига кўра, қози Шалнинг асрида Ҳиндистонда ўзининг бир неча асари билан шуҳрат чиқарғон «Баҳр ул-улум» деган бир олим Бухороға келиб, ундаги илм кучларини синамакчи бўлғонида, унинг кўзига мақбул бўларлиқ бирор олим кўринмаган. Сўнгра амир Шоҳмурод шу олим билан мунозара қилдириш учун қози Шални Бухороға чақирғон. Қози боролмай, ўзининг боёғи «Муқаддимат ут-тафсир» китобини юборғон. «Баҳр ул-улум» бу китобни кўриб қозининг фазлу камолига қойил бўлғон.

Самарқандда бу кунларда барҳаёт бўлиб, 85 ёшларға кирган мулла Одил муфтининг айтишига кўра, қози Шал томонидан Қуръоннинг тахминан охирги учдан бир бўлаги форсча ва арабча тилларида тафсир қилинғон эканким, буни мулла Одил: «Мен уни жуда шавқ билан мутолаа қилғон эдим. Шу китоб самарқанддик Мирзо Ҳомидий Кўкнорийнинг қўлида бор эди» дейдир[1].

Қози калони Шал булардан бошқа «Таврот»ни иброний тилидан ва «Инжил»ни арабчадан форсийга таржима қилғон. Ҳатто Самарқанд жуҳудлари «Таврот»ни унинг олдида ўқур эканлар. «Таврот»нинг иброний нусхаси билан бирга форсийча таржимаси бу кунларда самарқандлик мирзо Муҳаммадқули Низомиддин ўғлининг қўлида бор. (Китоб араб ҳуруфи ва иброний тилида ёзилғон. Ҳар бир сатрнинг остида форсийча таржимаси бор).

Мен ўзим «Забур»нинг форсийча таржимасини мулла Фахриддин Рожийнинг қўлида кўруб, китобнинг муқаддимасини ёзиб олдим. Қози Шал бу китобнинг муқаддимасида самовий китоблардан бўлғон «Таврот», «Инжил» ва «Забур»ни текшириб, булардан фақат «Забур»нинг узоқ ўзгарганлигини, бошқалари бутунлай тахриф топғонлиғини ёзадир ва бу тўғрида ўзининг «Китоби Шофифий фи шарҳи тафсири Байзовий» исмли асарининг муқаддимасида узун маълумот берганлигини айтиб ўтадир. «Забур»нинг форсийча таржимасини Самарқандда Саид Аҳмадхўжа Нақибнинг амри билан ёзғонлиғини ифода этадир.

«Забур»нинг таржимаси таълиқхати билан ёзилғон, 284 саҳифадир. Китобнинг охирида тарихи ёзилғон бўлмаса ҳам, 50 - 60 йил илгари асли нусхасидан кўчурилиб ёзилғонлиғи гумон қилинадир.

ШАЖАРАСИ

«Самария»нинг қўлёзма бир нусхасида қози Шалнинг шажараси шундай ёзилғон: Хўжа Абдулфайз имом Козим наслидан бўлғон Жалолиддин Бағдодий бин Саид Муҳаммад Муслимнинг қизи билан уйланди. Ундан Хўжа Абдулбоқий туғулди, ундан Хўжа Саид Ашраф, ундан Хўжа Саид Низомиддин, ундан Хўжа Саид Али, ундан Хўжа Саид Имо-диддин, ундан Хўжа Шамсиддин, ундан Миршаҳобиддин, ундан Хўжа Мирабдулбоқий, ундан Хўжа Мирбоқий, ундан Хўжа Абдулмўмин, ундан Хўжа Абдулфаттоҳ, ундан хўжа Шоҳмирхўжа, ундан Моҳпора бегим деган қиз туғулди.

Ушбу Моҳпора бегим мавлоно Файзий ибн мавлоно Ориф билан уйланди. Мана шулардан Мирабулхайрхўжа туғилди. Бундан Мирабдулҳайхўжа дунёға кедци. Бу шажа-ра «Самария»нинг 1904нчи йилда Петроградда босилғон нусхасида йўқдир.

Абутоҳирхўжанинг «Самария»да ёзғониға кўра, қози Шал Самарқандда қирқ йил қозилиқ қилғон. Бунга қарағонда, қози Шал ўзининг вафотидан тўрт йил илгаригача қозилиқ қилғон бўладир. Чунки ул ўттиз ёшида қози бўлиб, 74 ёшида вафот этгандир. Лекин Самарқанднинг эски олимларидан бўлғвн қози Исахоннинг сўзига кўра, қози Шалнинг қозилиқ муддати қирқ йилга етмайдир. Чунки амир Шоҳмурод (1216нчи йилда) ўлгандан кейин унинг ўғли амир Ҳайдар ўзининг подшоҳлиқ вақтида қози калони Шални бекор килиб, Бухороға чақиртириб оладир. Бунинг ўрнига ўзининг хотуни томонидан қариндошлиғи бўлғон Мираконий хўжалардан Абдулбаракот деган бир кишини қози калон қилиб Самарқандға юборадир. (Амир Ҳайдар 1244нчи йилда вафот этган.) Бунга қарағанда, қози Шал неча йил Бухорода қолгон. Бунинг қозилиқ замони ҳам қирқ йилга етмаган бўладир.

Қози Шал тўғрисида халқ ичида, айниқса, муллалар орасида турли ҳикоят ва ривоятлар жуда кўбдир. Улардан баъзиларини бу ерда нақл қилиб ўтамиз. Қози Шал катта давлатлик бўлғон. Унинг боғ-ер ва ускуналари жуда кўб экан. Ул қози Исохоннинг болаларидан бўлғон Носирхўжанинг кўб ер ва боғларини озгина ҳақ бериб олғон эмиш. Ҳатто, вақфномалари йўқолғон баъзи вақф ерларини (ясама васиқалар чиқариб) эгалик қилғон эмиш. Бунинг учун Аҳрорий хўжалар билан унинг орасида анчагина жанжал ва англашмовчилик чиққан эмиш...Мана, қози Шал ҳақида шундай «эмиш-мимиш»лар жуда кўб эшитиладир. Бу сўзларнинг қанчаси тўғри ва қанчаси нотўғри эканлиги бизга маълум эмасдир. Ҳарҳодда, бу можаролардан қозининг бир мунча дунёға ҳарис эканлиги англашиладир. Лекин шуни ҳам айтиб ўтиш керакким, қози Шал мол топишқа қанча тиришқан бўлса, ўшанча марҳамат ва шафқатли, хайру эҳсон эгаси ва олиҳиммат бўлғон. Бева-бечораларға, айниқса, камбағал муллабаччаларға ҳамма вақт моддий кўмагини аямағон. Ҳатто қозининг «хотинингиз ўғул туғди», деб яхши хабар келтирган бир кишига «севинчлик» учун боғини васиқалаб берганлиги ривоят этиладир.

БОЛАЛАРИ

Қози Шалдан олти ўғул ва бир неча қиз қолғон. Ўғуллари:

1.Абусаидхўжа.

2. Маъсумхўжа.

3. Эшонхўжа.

4. Бузрукхўжа.

5. Ширинхўжа.

6. Мирсулаймон махдум эса қорачадандир.

Булардан Ширинхўжа билан Бузрукхўжаси илмсиз қолиб, бошқалари олим бўлғонлар. Қози Шалнинг энг фозил ўғли бўлғон Абусаидхўжа (Маржонийнинг устози) Мираконий хўжалардан бўлиб, Бузрукхўжа Аҳрорийлардандир. Мирсулаймон махдум эса қорачадандир.

ВАФОТИ, ҚАБРИ

Умрининг охирларида ўн уч йил шал бўлғон қози калони Шал бу касалидан қутулмоқ учун кўб дору даволар истеъмол қилгон бўлса ҳам, шифо топмаған. Ҳамма вақт икки оёғи сурунигача оғриб, куяр даражада қизир экан. Фақат оёқларини сут ичига солиб тутиш билан дарди бир мунча таскин топар экан. Шундай бўлса ҳам, қози Шал бекор турмаган. Дин ва миллатга хизмат этиш ишки уни ўлганигача ишлаб туришға мажбур этган. Ул кўпрак асарларини шаллик чоғларида ёзган. Ўлганидан бир неча йил илгари қозини зоиқа битиб, ул таом-меванинг аччиқ-чучуклигини сезмай турғон ҳолда қолғон бўлса ҳам, илмига ва ақлиға футур келмаганлигини ривоят этадирлар.

Қози Шал 1243нчи йилда 74 ёшида вафот этган. Ўлиги Хўжа Аҳрор қабристонининг ёнида, ўзи томонидан сотиб олинғон бир майдонда дафн қилинғон. Ўғуллари, хотин-қизлари ва бир қисм авлодининг қабрлари ҳам ўзининг теварагидадир[2].

Қози Шалнинг қабри атрофида саккизта ғиштлик сағана ва қирқтача оддий қабр борким, ҳаммаси ҳам хароб ҳолидадир. Қозининг сўл томонидағи бир қабрнинг устидаги узун тошда арабча: «Бу қабр Ҳидоят пошша қози Абдулҳайхўжа қизининг қабридир. 1277», деб ёзилғондир. Яна сўл томондағи бузулғон бир сағананинг бош тарафида ганч устига сиёҳ билан арабча: «Тўра пошша Бузрукхўжа қизининг қабри», деган мазмунда бир сатр хат зўрға ўқиладир. Бу хатнинг бошқа ўрунларини ўқуб бўлмади. Тарихи ҳам билинмади.

Қози Шалнинг қабридағи тоштахталар бузилиб, синиб, кўбиси ерга тушган. Қабрнинг бош томонидағи ёзувли тош ҳам синиб пастга тушган. Бу тошдан фақат икки парчасини топиб қабрнинг ёниға қўйдим. Бу тош парчаларидаги хатда қози билан отасининг исмлари кўринадир.

«Маориф ва ўқутғувчи» журнали,

1926 йил, 11—12-сон

ҚОЗИ КАЛОНИ ШАЛ ВА УНИНГ БОЛАЛАРИ


(давоми)

Ўтган мақоламда қози калони Шал (Мирабдулҳайхўжа)нинг ёрдамиға муҳтож бўлғон йўқсул талабаларга ҳамма вақт моддий кўмак этиб турғонлиғини ёзғон эдим.

Бунга мисол учун шу воқеани кўрсатиш мумкиндирким, қози Шал замонида Муҳаммадзамон деган камбағал бир муллабачча «Шарҳи Мулло»хонлиқ чоғида эҳтиёжнинг мажбурияти билан баъзан мардикорлик қилиб кун кўрмакда экан. Бир кун шу муллабачча қози Шалнинг уйиға мардикорлик сифати билан келиб лой ишларида машғул бўлғон. Шул чоқца қози Шалнинг олдиға бир жамоа талаба келиб дарс ўқушға киришган. Бояғи Муҳаммадзамон бу талабаларнинг дарс устидаги мубоҳасасига бир оз муддат қулоқ солиб турғон. Охири, қизиқиб лой ичидан чиқиб қозининг олдиға келган ва дарсга оид бир масала тўғрисида ўзининг фикрини сўзлаган. Қози мардикорнинг зеҳнлик бир муллабачча бўлиб, фақат муҳтожлиқдан мардикорлик этишга мажбур бўлғонлиғини сезиб дарҳол уни ишдан озод этган. Муҳаммадзамонга янги бош-оёқ кийим бериб, уни ҳаммомга юбортурғон. Шу кундан бошлаб уни ўз ҳузурига олиб ўқутиб тарбия қилғон ва хатми кутуб қилғониғача унинг маишатини таъмин этиб турғон. Мана шу Муҳаммадзамон ўз замонининг энг фозил уламоларидан бўлиб умрининг охириғача Самарқанднинг шаҳар ва туманларида муфти, мударрис, раис ва қози бўлиб турғон. Ўзи шоир ҳам таълифот эгаси бўлғон (Муҳаммадзамоннинг туғилиши 1203да бўлиб, вафоти 1266нчи йилдадир).

Муҳаммадзамоннинг ҳамма болалари олим ва шоир бўлиб келганлар. Унинг ўғли Муҳаммадзиё машҳур шоирлардан бўлиб, ўз замонида қозилиқ этган.

Муҳаммадзиёнинг ўғли Муҳаммадсолиҳдирким, бу ҳам шоир ва девон эгасидур. Бунинг девони ашъори йўқолғон бўлса-да, ҳозир бир мунча шеърлари бор. Самарқанднинг бу кунги муқтадир шоирларидан бўлғон Қори Масиҳ (Тамҳид) шу Муҳаммадсолиҳнинг ўғлидир.

Қози калони Шалнинг асрдоши бўлғон ургутлик шоир қози Жумақули (Хумулий) ўзининг «Тарихи Хумулий» отли форсийча қўлёзма асарида қози Шалнинг Муҳаммад Лутфуллахўжа (лақаби Бобохўжа) деган бир язнаси (синглисининг эри) тўғрисида анчагина маълумот берадир. Қози Жумақули Лутфуллахўжанинг шогирди бўлиб, ундан кўп истифодалар қилғонлиғи учун тарихчасида унинг ҳақида ва болалари тўғрисида хейли гаплар ёзадир. Бу маълумотни қози Шалнинг замонига ҳам таржимаи ҳолиға муносабатли бўлғони учун қисқа суратда ёзиб ўтамиз:

Лутфуллахўжа турли илму фанлардан хабардор, хатмкарда бир мулла бўлғонлиғи учун уни амир Шоҳмурод 1204нчи йилларда Бухородан Самарқанднинг Тиллакори мадрасасига мударрис этиб юборган. Самарканд муфтилиги билан Даҳбед кентининг раислигини ҳам шунга топширгон. Лутфуллахўжа дарсгўйликга ҳавасли ва талабаларга марҳаматли, парҳезкор ва ахлокди бир зот бўлғони учун оз бир замонда унинг шогирдлари кўпайган, халқ орасида шуҳрат ва эътибори ортқон. Шу йилда қози Шал билан унинг ора-сида бир турли мухолифат ва англашилмовчилиқ чиққан. Натижада, Лутфуллахўжа ҳақида ҳукуматға қарши бир мунча нолойиқ гаплар овоза бўлғон. Самарқанд ҳокими муҳокамасиз, дағал муомалали, золим бир одам бўлғони учун Лутфуллахўжа унинг сиқишидан қўрқуб, оиласи билан Шаҳрисабз томонға қочиб кетган. У вақтдағи Шаҳрисабз ҳокими Ниёзали девонбеги (кенагас) бу кишини ғоят эҳтиром билан қарши олиб, Китоб шаҳрида ўрнаштирган. Унинг маишатини ҳам таъмин этган. Лутфуллахўжа шу ерда бир неча йил дарсгўйлик билан машғул бўлғон.

Қози Жумақули ёзадир: Мен бу устознинг илмидан кўп фойдаландим. Ўзга талабалар пешқадам бўлғон вақтларида ўқуйтирғон баъзи илму фанларни устозим менга пастқа-дамлик ҳолимда ўргатди. Мен «Кофия»хонлиқ чоғимда бу кишидан аруз, қофия, шеър, масоҳат ва фароиз каби илмларни ўргандим. Бир куни устозим менга бир мактуб бериб, «шуни Самарқандға элтиб, қайнонамға (яъни, қози Мирабдулҳайхўжанинг онасиға) топшир ҳам жавобини келтир», деб хизмат буюрдилар. Хатда устозим аввалги мансабини олиб бериш учун қайин онасининг воситачилиқ қилишини ўтинган эди.

Мен Самарқандға бориб, устозимнинг мактубини қози Мирабдулҳайхўжанинг онасиға топширдим. Икки-уч кундан кейин бу хотиндан мактубнинг жавобини олиб Шаҳрисабзга қайтиб келдим. Шундан бир неча вақт ўтгач, 1210нчи йилда қози Шалнинг иккинчи язнаси (устозининг божаси) бўлғон Шайх ул-ислом Хонхўжа билан онасининг ҳаракати натижасида иш битди. Шундайким, Бухоро ҳокимининг мактуб орқали хабар бериши билан устозим Лутфуллахўжа Самарқандға кўчиб бориб яна аввалги мансабларини қўлға олди ва амир Шоҳмуроднинг вафотигача, 1216 йилгача шу хизматларини бажариб турди.

Қози Жумақули шу муносабат билан Лутфуллахўжа ила қози Шал орасида бўлиб ўтган қизиқ бир воқеани ҳикоя этадир. Устозим амир ва ҳокимларга хушомад қилмайтурғон ҳақгўй ва жасоратлик эди. Бир куни Шердор мадрасасида тузилган улуғ бир мажлисда Самарқанднинг хейли акобир ва уламолари, умаро ва фузалолари бор эдилар. Шунда Самарқанд ҳокими билан қози Шал бир-бирига яқин ўлтурғон эди. Иккаласи бир-бирининг қулоғиға ёширин суратда анчагина гапиришди. Устозим Лутфуллахўжа уларнинг бу номуносиб ҳаракатига қарши «мусулмонлар мажлисида икки кишининг бир-бирига махфий гапириши шаръан тузук эмас, ажабо сизлар ислом қозиси ва ҳокими бўла туриб шундай ярамас ишни иртикоб қиласизми», деб танбеҳ айтди. Ҳоким гапирмасдан жим турди. Қози Шал «Истасангиз, сиз ҳам чўзилиб, сўзимизга қулоқ солинг», деб жавоб қайтарди. «Бу киши жуда қизиқ одам экан. Ўзи иртикоб этган мазмум ишга ўзгаларни ҳам қўшмоқчи бўладир», деб қаттиқ муқобала қилди. Шунинг билан қозию ҳоким ёширин гапиришдан тўқталдилар.

Қози Жумақулининг ёзғонига кўра, амир Шоҳмурод ўлганидан кейин унинг ўғли амир Ҳайдар Лутфуллахўжани оиласи билан Бухороға кўчириб, катта бир мадрасада мударрис қилғон. Бухоро туманларида ҳам қози этиб қўйғон. Бир неча йилдан кейин Ҳисор ҳокими ва амир Ҳайдарнинг қайнотаси бўлғон Сайидоталиқ (юз) амирнинг рухсати билан Лутфуллахўжани Ҳисорга кўчируб олиб борғон ва шунда қози-мударрис белгулаган. Лутфуллахўжа Ҳисорда бир неча йил туриб, 1238 йидда ўлган.

Лутфуллахўжанинг хотуни (қози Шалнинг синглиси)дан Ширинхўжа, Офоқхўжа ва Қозихўжа деган уч ўғул қолғон. Қози Жумақули булардан Ширинхўжани қўбрак мақтайдир. «Бу киши ақлий ва нақлий илмларни таҳсил этган; ашъор, аруз, ҳандаса, мусикий ва иншони биладир», деб ёзадир.

ИЗОҲ ВА ТАСҲИҲ


Аввалги мақоламда қози калони Шал Носирхўжанинг кўп боғ-ерларини арзон баҳо билан сотиб олғон, деб ёзғон эдим. Унда Носирхўжанинг исми хато кетган, тўғриси Мирабунасрхўжа бўлиб, қози Мирмуаззамхўжанинг ўғлидир (булар ҳозирги қози Исохоннинг катта боболаридирлар). Воқеа мана шундай:

Амир Шоҳмурод тахтга ўлтурғонидан кейин Самарқанд қози калони бўлгон Мирмуаззамхўжани барча ақрабо ва оилалари билан Бухороға кўчириб, Вағонзийнинг ғарб томонида бўлюн Хўжа Соктаре деган мавзеда ўринлашдирғон. Қози Муаззамхўжанинг факат Мирабунаср деган ўғли Самарқандда қолгон. Бу киши жуда соддалавҳ ва нўноқ бўлғони учун амир унга тегмаган. Мана шу Абунасрхўжа ўз овқатини топишдан ожиз бўлғони сабабли ота-боболаридан қолгон кўп ер ва боғларини секин-секин қози Шалга сотиб еган.

Амир Ҳайдар замонида Мирмуаззамхўжанинг оилалари яна Самарқандға кўчирилиб юборилган. Шунинг учун қози Шални «мираконий хўжаларидан уйланди», дейиш тўғри бўлиб чиқмайдир, балки унинг ўғли қози Абусайидхўжа мираконийлардан уйлангандир.

Яна ўтган мақоламда «қози Шал Инжил ва Тавротни ҳам форсчага таржима қилғон», деб ёзилғон эди. Сўнгғи текшириш натижасида бу ҳам тўғри чиқмади. Қози Шал ёлғиз Забурни арабчадан форсчага таржима қилғон. Тавротни эса унинг ўғли қози Абусайидхўжа эроний тилидан форсчага таржима қилғон. Таржима ишига Самарқанд жу-ҳудларидан бир неча муллалар келиб ёрдамлашғон. Буни эса ҳозирда саксон ёшларда бўлғон қози Исохон ўзининг отасидан нақл қилиб гапирадир, «Самария» китобидаги маълумот ҳам шуни тақвия қиладир.

ҚОЗИ АБУСАЙИДХЎЖА

Қози калони Шалнинг энг фозил, мутабаҳҳир ва мутафаннун ўғли Абусайидхўжадир.

Амир Ҳайдар замонида қози Шал (1243 йидда)нинг ўрнида Абусайидхўжа Самарқандда қози калон тайин этилган. Қози Абусайиднинг ўғли Абутоҳирхўжа ўзининг «Самария» отли форсча тарих китобида отаси ҳақида шу мазмунда бир неча сатр ёзиб ўтадир:

«Шайх ул-ислом мавлоно Абдулҳайнинг вафотидан кейин барча ақлий ва нақлий билимларни билатурғон ўғли мавлоно Абусайидхўжа қози калон бўлдилар. Аксар авқот амир Ҳайдар бу зотни ўзи билан бирга Бухороға элтиб, Бухоро уламолари билан мунозара ва мубоҳаса қилдирар эди. Ақлий илмларга «ангуштнамо» бўлғонлиқлари учун ҳамма бу кишининг илму фазлига қойил эди (47-бет). Бунга қарағанда қози Абусайид амир Ҳайдар замонида бир йилгина қозилиқ қилғон бўладир. Чунки амир Ҳайдар 1244 йилда ўлгандир. Бундан кейин амир Насрулло замонида қози бўлиб турадир. Амир Насруллонинг қози Абусайидни қандай хизмат ва шароит билан ўз ўрнида қоддирғонлиғи тўғрисида шундай ривоят бор:

Маълумдирким, амир Ҳайдарнинг ўлган вақтида унинг ўғулларидан Насрулло Қаршида ҳоким, Ҳусайн Бухорода ва Умархон Карминада эдилар. Ҳусайннинг тарафдорлари уни отасининг тахтига ўтқуздилар. Икки йилдан кейин амир Ҳусайн ўлиб, унинг тахтини биродари Умархон эгалик қилди. Бу орада Насрулло ҳам Қаршида жим турмади. Салтанатни қўлға олиш учун турли чора ва тадбирлар излади. Ўз тарафдорларини кўпайтириш ҳаракатида бўлди. Қарши ва Миёнколотни ўзига қаратди. Самарқанд халқини ҳам ўзига ияртиш мақсади билан қози Абусайидга ёширин хат юбориб, агар Самарқанд халқини ўзига итоат қилдириш хизматини бажарса, қозиға умрлик Самарқанд қози калонлигини беришга ваъда этди.

Қози Абусайид шу хизматни бажариш учун тиришди. Самарқанднинг шаҳар ва туманларидаги барча эл-уруғ бошлиқларини ва оқсоқолларини олдиға чақиртируб, уларга мақсадни тушунтирди, мансаблар ваъда қилди. Уларнинг сўзини олғондан кейин тахминан икки юз кишининг рўйхатини Насруллога юборди. Насрулло томонидан шуларнинг номларига юборилган икки юзта ёрлиқни эгаларига топширди. Шунинг билан Самарқанд халқи Насруллони амир билиб, унга байъат қилғон бўлди. Тездан уни Қаршидан Самарқандға келтириб, тантана билан Кўктошга ўтқузидди.

Шундан кейин Насрулло Қарши, Самарқанд ва Миёнколотдан аскар тўплаб Бухороға ҳужум қилди. Бухорони етмиш кун муҳосара қилгандан сўнгра шаҳарга кириб, салтанат тахтини қўлға киргизишга муваффақ бўлди.

Мана, амир Насрулло ўзининг ваъдасига мувофиқ Абусайидни (хизматининг мукофоти учун) Самарқандда умрлик қози калон қилиб қўйди, лекин қози Абусайид ўлгандан кейин қозилиқни мираконий хўжаларға берди. Шунинг билан баробар қози Абусайиднинг ўғилларини ҳам Бухороға кўчириб юборди (бу қози Эсоннинг ривоятидир).

ҚОЗИ АБУСАИД ВА МАРЖОНИЙ

Қози Абусаид бир ёқдан қозилиқ, иккинчи ёқдан Шердор мадрасасида дарсгўйлик этиб тургон. Ундан кўб шогирд-лар етишган. Ўзининг ўғли ва набираларини ҳам ўқутғон ва бошқа олим кишиларга ўқутдургон. Ўғулларидан Абутоҳирхўжа тиб ва тарих илмларига, Умархўжа ҳайъат илмига мутахассис бўлгонлар. Тоторларнинг машҳур мужаддиди бўлгон Шиҳобиддин Маржоний 1259нчи йилда Бухородан Самарқандға келиб, қози Абусаиднинг ҳалқаи тадрисида икки йил чамаси мулозамат килгон. Қозининг илмидан ва бой кутубхонасидан чексиз фойдаланғон. 1333нчи йидда Қозонда босилгон «Маржоний таржимаи ҳоли» исмли улуғ бир асарда Маржонийнинг Самарқанд сафарига 15 бетлик ўрун берилган. Шу китобда ёзилғониға кўра, Маржонийнинг «Маржоний» бўлишиға, унинг эътиқоди изтироб ва шубҳалардан қутулиб аниқ бир идея (мафкура) эгаси бўлмоқиға қози Абусаиднинг тарбияси ва кутубхонаси сабаб бўлғон. Қози Абусаиднинг ҳақиқий таржимаи ҳолини билмак учун Мар-жонийнинг «Вофият ул-аслаф» исмли асаридаги шу сўзларини айнан нақл қиламиз:

Қози Абусаид бинни Абдулҳай бинни Абулҳайри Самарқандий ҳазратлари вақтидағи Мовароуннаҳр уламосининг энг буюкларидан бўлиб, ҳамма ишларда басиратли, диққатли муҳаққиқларнинг ва салафларнинг жуда кўб китобларини мутолаа этиб, жуда кўб тўғри маълумот ҳосил этган муҳибби ҳақиқат бир аллома эди. Тарихни, халқнинг руҳини, аҳволи оламини ҳамда ҳисоб, хабар, муқобала, ҳандаса, ҳайъат, жуғрофия ва булардан бошқа ақлий ва нақлий фанларни билар, фақат фароиз илмидагина маълумоти ноқис эди.

Тавозеъли, жавонмард, хушхулқ, хушмажлис, инсофли, ҳар кимни даражасига кўра эҳтиром ва тақдир этар, Мовароуннаҳр уламоси каби худбин, бошқаларнинг қадр-қимматини билмайтурғонлардан эмас эди.

Мен Самарқандда унинг ҳузурида турғонимда, намоз ўқушда ҳамма вақт мени имом этар, баъзи вақт йўлда ёки боғчада намоз ўқумоқ тўғри келиб қолса, ўзига «жойнамоз» ёки кийим берсалар, «бунга имом мустаҳиқроқ» деб менга берар, ўзи ерда намоз ўқур эди.

Бир вақт Самарқанд ҳокими олдида мени ортиқ мақтаб «бу йигит илм тўғрисида катта китоблар ёзгон бурунғи мусаннифлардан ҳам юқори» деб гапирди.

Қози Абусаид китоб тўплашга жуда ҳарис бўлиб, ўзида бўлмағон бир китоб кўрса, икки баҳосини тўлаш билан бўлса-да, сотиб олар, ҳар фанда жуда кўб азиз ва қимматли китоблари бор эди.

Аҳли тариқат ва машойихни эҳгиром этар, чет мамлакат одамларига учрағонда, сунний-шиа бўлишиға қарамасдан, ёрдам ва ҳурмат этар, вилоятларидаги олимларидан, адибларидан, мамлакатларининг аҳволидан сўрашар эди. Шунинг учун турли мамлакатларга ва уламоларга оид кўб маълумот ҳосил этган эди.

Ўзи жуда бой бўлиб, жойларда ерлари, боқчалари, ҳавлилари бор эди. Отаси вафот этганда, меросидан ҳеч нарса олмади. Бошқа ворисларига тақсим этди. Қозилиғи устига Самарқанднинг бир неча мадрасаларида мударрис эди. Мен ҳам Самарқандда турғонимда китобларини ориятга олиб, кўб истифода этдим. Бошқа ерларда топилмайтурғон нодир ва нафис китобларидан кўриб, кўб нарсалар кўчириб ҳам олдим. Меним тарих билан машғул бўлишимга, тарих китоблари мутолаа эта бошлағонимға бош сабаб шу қори Абусаид ҳазратлари бўлди.

Хулоса, Мовароуннаҳрда ушбу зот каби маълумотли, инсофли, тўғри фикрли одам кўрмадим. Бу зот илм хонасидан бўлиб, ота-боболари ҳам улуғ ва машҳур уламодандир. Қози Абусаиднинг «усули фиқҳ», «калом» фанларида баъзи асарлари ҳам бор. Ёши етмишлардадир. 1265нчи йил 1бнчи шавволда (1849 йил 23 августда) вафот этди. «Устози замона» сўзининг ҳарфлари жамъ қилинғонда вафот таърихи чиқадир (Маржоний, бет: 48-50). Маржоний таржимаи ҳолида ёзиладир: «Чин илм ва тараққий йўлига кирган кишилар, қўб вақт ўзларига бирар кишини йўлбошчи этиб, кўб ишларида шунинг йўли билан ҳаракат этадирлар». Маржонийнинг таржимаи ҳолини тадқиқ этганда кўб ўрунларда ушбу қози Абусаид йўли билан ҳаракат этганлиги, қозининг камолотига мафтун бўлиб, кўб жиҳатлардан ушбу қозиға ўхшарға тиришқонлиғи қўринадир.

Маржоний «Вофият ул-аслаф» ва биринчи қисм «Мустафод ул-ахбор» китобларида қози Абусаиддан Мовароуннаҳр уламоси ва амирлари ҳақида кўб маълумот ва узун муҳокамалар ривоят этадир. Маржонийнинг ривоят этган сўзлариға қарағанда, қози Абусаиднинг кенг маълумотли, тўғри муҳокамали, атрофли тушунгувчи, улуғ муаррих эканлиги кўриниб турадир (Маржоний, 51-бет).

Қози Абусаид Маржонийни ўзидан фойдаландурғонидек, ўзининг ўғул ва набираларини Маржонийға ўқутдириб ундан ҳам фойдаланғон. Самарқанддан кетиш вақтида Маржонийға (илмий кучи ҳақида) расмий шаҳодатнома берган.

Маржонийнинг Самарқандға келган йилида Орифжонбой деган бир хайрот эгасининг масорифи билан Самарқандда янги бир мадраса бино этилмакда экан. Бу мадрасанинг кўбрак ишлари қози Абусаид ихтиёрида бўлғонидан қози Маржонийға: «Бу йил ҳам Самарқандда қолингиз. Мадрасанинг биноси тамом бўлғонда, ҳужраларига талаба ўрунлашдириш меним ихтиёримда бўладир. Шу мадрасадан сизга ҳам бир ҳужра бераман. Шунда ўринлашарсиз. Сўнгра истаган вақтингизда ҳужрани сотиб кетиб, пулиға Бухородан ўзингиз учун яхши бир ҳужра оларсиз», деб гапирган. Маржоний қабул этиб, мадрасанинг биноси битгандан кейин бир ҳужрасига ўрунлашиб тура бошлагон. Лекин бир неча вақтдан сўнгра Маржоний билан мадрасанинг бир мударриси орасида низо чиқиб, ҳужрани сотиб Бухороға кетишга мажбур бўлғон. Ушбу воқеадан кейин Маржоний «Шу бадбахт мударрис билан низоимиз бўлмағонда, мен Самарқандда қолиб Бухороға қайтмас эдим. Меним учун Самарқанд фойдали эди», деб гапирар экан (Маржоний, 60-бет).

Қози Абусаид Самарқандда тахминан йигирма икки йил қозилиқ ва мударрислик этган. Унинг Тавротнинг форсча таржимасидан бошқа усули фиқҳга оид «Ғоят ут-таҳқиқ» исмли арабча бир асари бор эканким, қози Исохон «Мен бу китобни ўқуб жуда хушлаган эдим. Бу асар бухороли Абдулазиз махдумнинг «Кашф ул-асрор» отли китобидан фойдаланиб ёзилғон», деб сўзлайдир.

МУҲРИ

Қози Абусаиднинг бир муҳрида шу форсча бир байт ёзилғон:

Қозийи шаҳри Самарқанд аст в-аз ақрон фарид,

Ал-Тоҳо, насли Ёсин, бин Абдулҳай Абусаид[3].

1222-1225нчи йилларда ёзилғон форсийча васиқалардаги давра муҳрининг атрофида шу сўзлар бор: «Ал-мута-ваккил ъалаллоҳ муҳибб ул-уламо, ходим ул-фуқаро, мухлис ул-урафо»[4]. Муҳрнинг ўртасида: «Қози ул-қуззот Мирабусаидхўжа қози калон ибн Мавлавий Мирабдулҳайхўжа Шайх ул-ислом», деб ёзилғон. Шулардан ҳам билинадурким, қози Абусаид умрининг охириғача Самарқандда қозикалон бўлиб турғон. Шунга кўра, «Тарихи амирони Манғитияи Бухоро» исмли китобдаги: «Амир Насрулло қози Абусайидни Бухорога кўчуруб, хонанишин қилди», деган сўз тўғри бўлса керак.

МУНОЗАРА ВОҚЕАСИ

Манғит амирларидан кўбиси, айниқса, амир Ҳайдар билан амир Насрулло ҳамма вақт машҳур муллаларни бир-бири билан мунозара қиддиришиб юрар, мунозарада ғолиб бўлгон муллаларға ҳолиға қараб мансаб берар эди. Ўз замонларида қози калони Шал билан унинг ўғли қози Абусаид ҳам шундай мунозараларда ҳамма вақт ғалаба қилиб турғонлар. Амир Насрулло бир дафъа Бухородан машҳур мунозарачи олимлардан хўжандлик мулло Ҳожибойни ўзи билан бирга Самарқандға келтириб, Тиллакори мадрасасида қози Абусаид билан мунозара қиддурғон. Шунда қози жим туриб, ўзини «мулзам» вазиятида кўрсатган. Қозидан: «Нега сукут қилдингиз?» деб сўралғонда, у «уч сабабдан сукут этишни маслаҳат билдим: 1) мулла Ҳожибой шаҳримизда мусофирдир, мусофир кишини хафа қилишни муносиб кўрмадим; 2) бу пастқадам бир мулладир, бундай одам билан мунозара қилишқа таназзул этмадим; 3) Амир уни ўзи билан бирга келтирган. Амирга малол келмасин деб, уни мулзам қилмадим», деб жавоб берган.

Бу воқеадан қози Абусаиднинг амир Насруллога қарши қандай муроса йўлини тутқонлиғини англамак мумкиндур.

Қози Абусаиднинг қабри ўз отасининг қабри ёнида бўлса керак, фақат устида ёзувли тоши бўлмағони учун қабрини ажратиб бўлмайдир.

(Битмади).


«Маориф ва ўқутғувчи» журнали,
1926 йил, 11—12-сон

[1] Шу китоб тафсири Байзовий шарҳининг бир бўлаги бўлса керак, деб ўйлаймиз. Чунки қози Шалнинг тафсир ёзғонлиғи хабари бу кунгача ҳеч кимдан эшитилмади.
[2] 1868нчи йилда руслар Самарқандни олғондан кейин қози Шалнинг набиралари бўлгон Абдулҳайхўжа, Махдийхўжа ва Абутоҳирхўжалар Бухороға кўчиб кетиб шунда қолғонлар.
[3] Самарқанд шаҳрининг қозиси замонасининг яктоси эди, унинг номи Ал-Тоҳо, Ёсин авлодидан Абдулҳай ўғли Абусаид.
[4] Оллоҳ таолога таваккал қилувчи ва уламоларни яхши қўрувчи, фуқароларга хизмат қилувчи ва ориф инсонларнинг мухлиси

 
Баннер