Ҳожи Муин. Бой бўлмоқ йўллари (1922) | ||||
Умрим бўйи бой бўлиш йўлларини излаб тополмай, охир, «тақдиримда бойлиқ ёзилмағон экан» деб юрган эдимки, тўйқусдан ўктабр ўзгариши воқеъ бўлуб, болшевиклар ҳукм сура бошладилар. Кўб вақт ўтмадиким, булар турли газета ва китоблар чиқариб, халқни болшевикликка ташвиқ эта бошладилар. Бошқа ёқдан, эшонларимизга ўхшаш: «Дунё ҳаром, пул бекор, бойлар золим, қонхўр!» деб бойнамоларимизни эзишга тутиндилар... Қараб турсам, маслакдошларимдан тузук-тузук обрўли кишилар «ҳоло сўзингиз ҳақ» деб болшевикликка ёзилиб учига чиқиб кетдилар. Зотан, ман ўзим бой бўлмоқ йўлини тополмай, гаранг бўлиб юрган эмасми, Тангрининг мени бой қилмағаниға шукрлар қилдим. Чунки бу кун агар мен ҳам бой бўлсам эди, бу кунги бойнамолар қаторида бор-йўғимдан айрилиб, турмаларда қамалиб, қанча азоблар кўрган бўлур эдим. Оқибат, мен ҳам ҳеч ким билан кенгашмасдан, истихора қилмасдан, тезгина болшевик бўлиб олдим. Шуни ҳам билмоқ керакким, мен зоҳиран болшевик бўлган бўлсам ҳам, ота-бобомдан мерос бўлиб келган кўнглимда «кан-нақши фил-ҳажар» (тошга ўйилган нақш) каби ўлтириб қолғон ҳисларим ўз жойида барқарор эди. Сўзнинг қисқаси, мен ҳам масъул ишчилар қаторида масъулиятлик бир ишга кириб кетдим. Ойлар ўтди, йиллар ўтди. Мен букун-эрталарда оқча бекор бўладир, бойлар йўқ бўлиб, барчамиз камбағал ҳолатида роҳатда яшармиз деб юрсам ҳам, лекин бул сабил қолгур пул билъакс кўпая берди. Тухумига қирон келгур бойлар ҳам йўқ бўлмадилар, балки бирлари минг, минглари миллиюн, миллиюнлари миллиардларға етиб, Қорундек муллаларнинг ҳисобини билмай-турғон бўлдим. Маслакдош мусулмон, болшевик ўртоқларимнинг баъзилари ҳолиға диққат билан қарасам, зоҳиран булар ҳам мен билан баробар ойлиқ оладурлар. Лекин ҳақиқатдан димоғлари чоқ, бош-оёқ кийимлари «золим Николай»нинг генеролларида ҳам йўқ...Ишларига кўз солсам: далага ҳар бир овга чиққанларида «музаффар ва мансур» бўлиб қай-тиб келарлар. Сўнгра ўзлари истаган хотин-қизларини миллиардларча сўм харажот билан тўй қилиб олиб, кайф-сафо этарлар. Болшевик закунида ичкилик ҳаром бўлса-да, булар ҳийлаи шаръий топиб, сув ўрнида коняк ичарлар. Бу ишлар мени ҳайратга солди. Бой бўлмоқ савдоси яна бошимга тушди. Бир дўстимнинг кенгаши билан дўкон очдим, аммо сармоядан асар, савдодан давлат йўқ. Баъзан кунлик нон ва чойни «ҳарифона» тариқаси билан топиб ўтказаман...Натижада, яна очлиқ, яна яланғочлиқ. Оқибат, ўйлаб топдимки, бу тўғрида айб ўзимда экан, мунча очлиқ, мунча яланғочлиғимға, бу қадар бахтсиз ва толесизлигимға ўзим сабаб бўлғон эканман. Чунончи, мен болшевик бўлиб туриб баъзи болшевик ўртоқларимдек халқ номидан закот олишни ўзимга вазифа этмабман. Ҳар ким бой бўлишни истаса, виждон билан алоқа қиддингми, бойлик сендан алоқасини узиши аниқдир, бу нарса менга узоқ тарбиялардан кейин сабоқ бўлди. Ботурбек Кўб вақт бир кишига ёки бир неча кишига қаратиб айтилган «Таёқ» ўзини тўғри ҳисоблаб юрган кишиларга ҳам тегиб кетадир. Меним бу таёғим тўғрининг бошидан сакраб ўтуб, эгрининг бошини ёрадир. «Зарафшон» газетаси, 1922 йил, 3 ноябрь |