Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Вадуд Маҳмуд. Алишер Навоий (1925)
PDF Босма E-mail

Ҳижрий 5 аср ила 10 аср орасидағи беш юз йиллиқ бу давр Хуросон ва Мовароуннаҳрда ислом маданиятининг гуллаган мавсуми эди. Бешинчи аср(лар) арабнинг янги руҳий ортиши билан Эроннинг ер юзида мумтоз мавқе тутғон давридир. У вақтлар рубъи маскуннинг энг файзли қитьаси ва маълум дунёнинг оғизларда достон бўлатурғон қисми Ироқ ва Хуросон эди. Ўрта Осиёнинг янги тарихида энг бой ва шавкатли давлатлар шу даврнинг маҳсулидирлар.
Мамлакат обод, халқ эсонлиқ ичида эди. Чунки рубъи маскуннинг бойлиғи шу ўртаға йиғилғон эди.
Бу воқеаларда Ироқ, Хуросон ва Балхнинг марказий шаҳарлари Бағдод, Ҳирот, Нишопур, Балх дунё тижорасининг йўллари устида эдилар. Ҳиндининг қамишлари, Чиннинг санъаткорона ишланғон ва тўқилғон асбоб ва кийимликлари, Миср ва Шомнинг помбиқ, ипак қоғозлари, Эроннинг қимматбаҳо тошлари, хулласи, дунёнинг бир томонидан иккинчи томониға ҳар нарса бу йўллардан ўтар эди. Мана шу замонларда эдиким, ислом маданиятининг етиштирғон ҳаким ва адиблари дунёда ягоналик туғини кўтарган эдилар.
Ҳаким Саноий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Фаридиддин Аттор, Абу Али ибн Сино, Форобий, Хайём каби энг буюк ва машҳур кишилар шу асрнинг етиштирган кишилари орасидадир. Бу ўрта аср маданиятининг иккинчи бир варағи бўлғон 8, 9, 10 аср турк даҳосининг асрий маданияти ўзлаштириб очилғон ва юксалган бир давридир.
Воқеан, юқорида отларини санағонларимиз орасида ҳам турклар бор, лекин бу кейинги давр турк даҳосининг ўз мамлакатида, ўз муҳитида ва ўз муассасалари учун ишлатиши билан айриладир.
У даврда Темур, Йилдирим, Бобир каби буюк қўмондонлар, Аҳмад Яссавий, Навоий, Султон Ҳусайн, Фузулий каби шоирлар, Улуғбек, Қушчи каби ҳайъатшунос ҳакимлар етишдилар.

Таржимайи ҳоли ва тарбияси

Ўрта Осиёнинг шу «олтун даври»нинг 844 ҳижрийсида эдиким, бу кун турк адабиётининг отаси саналатурғон Алишербек Ҳиротда дунёга келди.
Алишернинг отаси Ганжинаи Баҳодир Темур болаларининг хизматларида юратурғон маъмурлардан бири эди ва ҳижо вазни билан шеърлар айтганидан шоирлиқ ила машҳур бўлмиш эди ва шунинг учун Кичик бахши дебда атар эдилар.
Ганжинаи Баҳодир ўзи ҳам илм ва фазл одами бўлгонликидан Алишернинг тарбиясига кичик ёшдан аҳамият берди. Алишер аввал Ҳиротда бошланғич мактабда ўқиди ва ўзининг йигитлик ва фаолият йилларида энг яқин дўсти бўлғон Ҳусайн ҳам шу мактабда ўқур эди.
Алишер олти ёшда экан, оиласи Шоҳруҳнинг вафотидан сўнг Машҳадга кўчди (850 ҳижрий).
Бу шаҳарда Алишернинг ёшлигига қарамай, Султон Абулқосим Бобирнинг ёнида отасининг ўрнига тайин этдилар.
Алишернинг фазл ва камолга бўлғон майлини кўргон Абулқосим Бобир унинг форсий ва туркий қалам тажрибаларини ташвиқ этар ва доимо навозишларда бўлинар эди. Бу орада Ҳирийнинг эски вазири Мавлоно Ҳумойи муаммода ягона эрди. Алишерға раҳбарлик этди. Ва у замонлардан бошлаб икки тилда муҳимгина асарлар ёза бошлағонидан зуллисонайн (икки тил эгаси) лақабини олди.
Алишер 17 ёшда экан, Бобир ўлгандан сўнг диний ва илоҳий илмлар билан шуғулланмак истади. Шу вақтларда эдиким, Хуросоннинг машҳур шоирларидан Шайх Камол Турбатий билан танишди ва истифода этди. Шу вақтларда яна бир Ҳиротга келиб, Султон Абу Саиднинг хизматига кирган бўлса ҳам хурсанд бўлмасдан Мовароуннаҳрга жўнади. Алишер Мовароуннаҳрнинг маркази бўлғон Самарқандга келиб, Абуллайснинг болаларидан ва шаҳарнинг буюкларидан Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абуллайснинг мадрасасига қўнди. Бу Хожа усули фиқҳца шундай моҳир - уста эмишким, ҳамма сирларни уни (Ибн Ҳожиб) билан бир ўтар эканлар («Мажо-лис ун-нафоис»).
Алишер икки йилча бу фозили муҳтарамнинг ёнида турди, яна шу вақтларда шоир Мавлоно Юсуф Бадиҳий Андижоний билан танишди. Самарқандда илм билан машғул бўлди. Султон Абу Саид ўлгандан кейин Ҳусайн Бойқаро тахтга ўлтирғоч, Алишерни Самарқанддан Ҳиротға чақирди.
Бу вақтларда Султон Ҳусайн ёнида бўлғонидан идора ва ҳукумат ишлари билан машғул бўлди.
875 ҳижрийда исён этган Муҳаммад Ёдгор устига Султон Ҳусайн ила бирга юриш қилиб, уни ўз қўли билан тутиб, ҳукмдорига тақцим қилди.
Бунда бошқа идора ва ҳукумат ишларига кўб ярарлиғлар кўрсатганидан 876 да муҳрдори хоқоний белгиланди. Яна шу йилнинг ўзида амирлик рутбасини олди.
Алишер ҳар қанча подшоҳ томонидан очиқ юз ва илтифот кўрса ҳам доимо ҳукумат ва идора ишларидан безғин эди ва такрор-такрор ишдан бўшатилишини сўрар эди. Алишер идора ишлариға ҳар қанча ярарлиқ кўрсатса ҳам, унда фазл ва камолга майл ниҳоят даражада эди.
Унинг энг буюк ғуссаси севгисининг иккига бўлиниши эди. Бири энг яқин дўсти бўлғон Ҳусайн Бойқаронинг юзидан ўтолмасдан унинг буюрғон ишлари ила машғул бўлиш, ҳолбуким маданият, илм ва санъатга ортиқча берилган бир киши бўлғонидан ҳукумат ишлари унга кўб монеъ бўлур эди.
Алишер истар Машҳадда, истар Самарқанд ва Ҳиротда бир томондан замонининг энг буюк идора кишилари, зодагонлари орасида бўлса, иккинчи томондан Мовароуннаҳрда биринчи мавқе қозанатурғон олимлар, шайхлар, адиблар ва санъаткорлар орасида эди, улардан кўб фойдаланди.
У асрда мутасаввуфлар энг буюк ўрин тутар эдилар.
Алишер Самарқандда турғон муддатда Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абуллайсдан, Мавлоно Жомийдан ва бошқа у ерда ниҳоят даражада кўб бўлғон мутасаввуф олимлардан таъсирланди.
Юқорида кўрсатишимизча, бир томондан муҳит, бир томондан муосир буюк кишилар унга тасаввуф талқин қиларди. Бу юқорида кўрсатғонларимиздан Мавлоно Жомий бир томондан диний-илоҳий раҳбарликда бўлса, иккинчи томондан асрнинг энг буюк адиб, шоирлари ила бирга унга адабиёт ва суфат талқин қилар эди.
Машҳадда турғонда Бобирнинг вазири Мавлоно Ҳумойи, шоири машҳури хуросони Шайх Камол Турбатий, Самарқандда Мавлоно Юсуф Бадиҳий Андижоний ва сўнгра Ҳиротда ўнларча шоир, адиб, санъаткор ила бирга бўлди.

Мутасаввуфлиги


Мана шу муҳит ва шу тарбияда яшағон ва ўқуғон Алишер табиий ўлароқ тасаввуф манзумаи фикриясига берилди. Энг кўб тарқалғон ва энг қучли намояндалари бўлғон бир фалсафа тасаввуф эди.
Навоий тасаввуфнинг руҳониятчилигига шунча берилган эдиким, ҳар асарининг ҳар ерида бунинг таъсири кўриладир.
Чиғатой шеърининг устозларидан бири бўлғон Лутфий тўғрисида ҳар вақт сўз очилса, Навоий у билан кўришганини ва унинг Навоий тўғрисида илтифоткорона қарағонини ва шунинг учун доимо унинг руҳониятининг ёрдамида бўлишини таманно қилар эди.
Энг буюк сўфийлардан Сайид Аҳмад Ардашернинг яқин мусоҳибларидан ва бу киши ҳақида жуда самимий эди — доимо «бугун умрида бу зот каби мукаммал бир шахсиятга учрамаганини» такрор қилар эди.
Мавлавий Жомий эса Навоийнинг пири эди. Бу кишига муҳаббати шу қадарким, ҳар асарида ҳеч бўлмаса, бир-икки саҳифа бу зотнинг тавсифига ҳаср қилғондир.
Жомий ҳам ўзининг «Баҳористон»ида Навоий тўғрисида айрим бир фасл айириб, унинг мадҳ, саносида шунча муболаға қиладирким, у асрда унча буюк одамдан ҳеч ким бу илтифотни кўрган эмасдир.
Мавлавий Жомий воситасида нақшбандға интисоб этди. Бу манзумайи фикрия таъсири билан Навоий 38 ёшда, 881 ҳижрийда касб-камолга машғул бўлди.

Илмий, адабий шахсияти

Кўрдикким, Навоий отасининг қўлида экан, илмий, адабий бир муҳитда эди. Отаси бир шоир ва эски анъанавий бир шоир бўлиш сифати билан ҳам асрий ва тарбиявий адабий таъсир ижро этди. Шунинг учунда Навоий энг кичик ёшдан шеър айта бошлади.
Алишер 14-15 ёшда экан, форс ва туркий шеърларини Абулқосим кўрди ва уни ташвиқ қилар эди ва Абулқосим Бобирнинг вазири Мавлоно Муаммоий қўл остида ёзғон туркча, форсча асарлари муҳимғина мавқе олғонидан шу вақтдан бошлаб уни зуллисонайн атай бошладилар.
Навоий ўз ҳаётида энг кўб ёзғон кишилардандир. Мавлавий Жомий ҳаёт экан, Навоийнинг ўн минглаб кўб ғазал ёзгонин ва «Хамса»сининггина ўттиз минг байт эканин зикр этадир.
Навоий форсий билан ҳам анча машғул бўлди. «Хамса»сини қандайким Низомийға жавобан ёзғон бўлса, мушоира майдонида бўлғон ва Хусрав томонидан ёзилғон «Баҳр ул-аброр» деган қасидаға жавоб айтди.
Навоийнинг «Туҳфат ул-афкор»и Хусравнинг «Баҳр ул-аброр»идан кўб ҳам қолишмайдир ва бундан кўб қимматли фикрлар юритгандир.
Масалан, унинг матлаи шудир:

Оташин лаълики тожи Хусравонро зивар аст,
Ахгари баҳри хаёли хом пухтан сар аст.

Таржимаси:
У оловга ўхшағон лаълки, подшоҳларнинг тожларининг зийнатидир, биласизми нима учун? У бошда хом хаёллар пиширмаккагина ярайтурғон бир учқундир.

Навоий бир мужиддир

Юқоридаги бўлимларда Навоийнинг муҳити ва асрининг буюкларини айтдик. Табиий, сўз боришидан маълумким, бу муҳит ҳар қанча турк аралаш бўлса ҳам, эрон-форс муҳитидир ва бу шахслар ҳар нақадар турклар бўлса-да, форс унсурлар кўпчиликдир ва табиий, турк аралаш бир форс маданий соҳасидир.
Навоийнинг асли мухим шахсияти на мутасаввуфлиги, на шоирлиги, на тарих ёзғонидир. Унинг мумтозлиги шундай қайнагон ва юзларча йилдан бери сингиб кетган форсликнинг марказида турклар муассасаларини қуришидир.
Навоийнинг форсға ва форс маданиятиға бир душманлиғи йўқдир, у тўғридан-тўғри миллатчи ва туркликни севатурғон бир шахсиятдир.
Навоий ўз асарларида форсчанинг нозик, оҳангдор бўлғонини ва у билан шеър айтиш қулай ва хуш келатурғонлигини айтадир. Лекин «модомики, биз айри ирқмиз ва айри бир тил эгасимиз, нима учун ўз элимиз тушунатурғон қилиб ўз тилимиз билан ёзмайлик?» дейдир.
Форс тили ишлатиш билан нозиклашган экан, нечун турк тили шундай бўлмасун. Форсда бу қадар гўзал асарлар бор экан ва буларни бизнинг турк англамас экан, нечун у маҳрум бўлсун ва бу асарлардан истифода қила олмайтурғон бир вазиятда қолсун?!
«Турк тили ҳар қанча қўпол ва оғир бўлса ҳам ўзимизники бўлғони учун яхши кўринадир».

Тузилди бу тизмак бори сарсари,
Яна туркий алфоз ила бир сари...
Қошингда сенинг гарчи кўб вазни бор,
Чу бор ўз сўзинг йўқ анга эътибор.
Ки сўз зодаи табъу фарзанд эрур,
Чу фарзанд эрур, жонға пайванд эрур.
Неча зодаи табъ эрур нописанд,
Кишининг ўз оллида бор аржуманд.
Неча бум фарзанди манхусдор,
Ўз оллида хуш жилва товусдор.
Кениб шаҳи йўқ гарчи хашакча,
Қаландар қадар суру челакча.

Мана бу муҳокама натижасида у қўлиға қалам олди ва форснинг энг машҳур асарлариға қарши турк классик асарлари(ни) вужудга келтирди.
Мана, Навоийнинг бизга муҳим бир хизмати ва уни бу кун турк адабиёти отаси аталишининг амалий ўзаги шундадир.
Алишербек бундан беш юз йил илгари қарши исён қилди ва ўзининг «Муҳокамат ул-луғатайн» отли асарида туркчанинг форсийдан ҳеч вақт қолишмаслигини, балким ундан қат-қат ортуқ ва бой эканини исбот этди.
«Модомики, Навоий шу фикрдадир, нима учун форсийча бир девон бир неча қасида ва бир неча асарлар ёзди?» деган эътироз бўлиши мумкиндир.
Бир киши ўз фикрини қабул қилдирмоқ учун энг олдин ўзининг мухотабларича бир савиядан бўлиши керакдир. Алишер ҳам шу йўлни тутди. Бошлаб уларнинг ўз йўлларида шеьрлар, асарлар ёзди, камолини кўрсатди ва сўнгра ўзининг сирини очди ва дардини сочди.
Навоийнинг Султон Ҳусайн ва ундан кейинғи даврға қилғон хизмати ва қилдирғон гаъсири кучли ва кўбдир. У доимо илм, фазл эгаларини тарбият қилар, уларга вазифалар белгилар ва асарлар ёздирар эди.
Навоийға бағишланиб жуда кўб асарлар ёзилғондир.
Султон Ҳусайн асари тўғрисида бошқа асарларга қарағонда бизда кўб манба ва маъхазлар бор. Буларнинг энг биринчиси Навоий (да)дир.
«Равзат ус-сафо». «Ҳабиб ус-сияр», Восифий каби тарих ва ҳикоячи мунағғирафлар, Жомий, Мавлоно Ҳусайн каби ахлоқий, диний асарлар ёзатурғон муаллифлар ва бундан бошқа ўнларча дево(н)чи, тазкирачи ва турли йўлда ёзғувчи адиб ва шоирларнинг барчалари Алишернинг мусохиблари ва унинг ҳимояти остида яшағон фазл эгалари дерлар.
Бу олим ва адиблар ва бошқа унинг санъаткор мусоқиблари ҳам бор эди. Унинг суҳбатида асрининг энг буюк мусиқашунослари, ҳофизлари, мусаввирлари иштирок этдилар.
Ҳатто Навоийнинг мусиқа оламида ҳам машҳур экани ва бир неча наволар басталағани маълумдир.
Рассомликда ҳам Навоий анча хизмат қилди. Кўб расмлар чизғони ривоят этиладир. Бу майдонда бир неча шогирдлар етиштирғонлиги Мовароуннаҳр санъаткорлиги дунёсида муҳим ўрин тутадир.
Навоийнинг ўттиздан ортиқ асари борлиги ривоят қилинадир.
Қўлимизда бўлғонлари:
«Чор девон», «Хамса»си, «Тарихи Ажам», «Мажолис ун-нафоис», «Муҳокамат ул-луғатайн», форсий бир девони.
Вафоти 906 ҳижрий зулҳижжа ёки шаъбон ойидадир. Қабри Ҳиротда, ўзи солғон жоменинг саҳнидадир. Умри олтмиш иккидир.

Илова:

Бу кичкина мақола журналимизнинг Навоий юбилейига иштироки учун ёзилди. Бунда кўб ҳоллар ва воқеалар қисқа, баъзан ҳатто бир сатрда ўтилди. Ўзбекистон Маориф комиссарлиги илмий шўроси номидан яқин фурсатда Навоийнинг беш юз йиллиги муносабати билан қилинатурғон юбилейда жуда кенг бир режа тузилди.
Илмий шўронинг кейинги мажлисида шу яқин икки-уч ой орасида Навоий учун бир «айсилиш» мажлиси қилишға ва бунгача Навоийнинг таржимаи ҳоли ва фаолиятиға оид бир мажмуа ва Навоий асарларидан терма, яна бир мажмуа ва энг сўнгида унинг расмини катта, кичик ҳажмда тарқатишга қарор қилинди.
Шунинг учун, модом, махсус бир мажмуа чиқариладир, яна ундан тафсилот бериш ортуқча билинди. Келгуси текширишларнинг матнигина тақдим қилинадир.

___________
«Алишер Навоий» - бу мақола В.М. имзоси билан «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1925 йил 3-сонида эълон қилинган. Уни фитратшунос Ҳ.Болтабоев қуйидаги изоҳлар билан «Ёшлик» журналининг 1991 йил 5-сонида қайта нашрга тайёрлаб эълон қилдирган. Шу манбадан фойдаланилди.
1. Рубъи маскун - ер юзи.
2. Ҳайъатшунос - астроном.
3. Таҳсили қавоид фозили улуми нақлия ва такмили фунуни маорифи ақлия - нақлий ва ақлий фанлар қоидаси, комили.
4. Муосир - замондош.
5. Суфат - сўфийлик.
6. Интисоб - насиб этмоқ.
7. Ҳаср - бағишламоқ.
8. «Баҳр ул-аброр» - Хусрав Деҳлавийнинг «Дарёи аброр» асари назарда тутилмоқда. Бундай номланиш Фитрат ва А. Саъдий асарларида ҳам учрайди. Ўша пайтдаги мавжуд қўлёзмаларда шундай зикр этилган бўлиши мумкин.
9. Мужид(д) - тиришувчи, жиддий ҳаракат қилувчи.
10. Бу фикр Фуод Кўпрулизода, Исмоил Ҳикмат каби улуғ туркийшунослар томонидан ҳам қайд этилган.
11. Манҳус - бехосият.
12. Мухотаб — хитоб (мурожаат) қаратилган киши.
13. Маъхаз — материал.
14. Мусоҳиб — суҳбатдош, ҳамдам.
15. Расуҳ — салоҳият.
16. Ҳово — куй.
17. Вадуд Маҳмуд «форсий бир девон» деганда 1924 йили М. Солижоновнинг кутубхонасидан топилган, дастлаб Навоийга нисбат берилган «Девони Фоний»ни назарда тутган. Чуқур навоийшунос бўлган Фитрат бу девоннинг Навоийники эмас, балки бошқа кашмирлик Фонийнинг девони эканини исбот этганди. Бу ҳақда қўшимча маълумот керак бўлса, Фитратнинг «Навоийнинг форсий шоирлиги ҳам унинг форсий девони тўғрисида» мақоласига қаранг: «Маориф ва ўқитғувчи», 1925 йил, 12-сон, 38-41-бетлар.
18. Модомики демоқчи бўлса керак.

 
Баннер