Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
000. Низомулмулк ва унинг сиёсатнома» асари»
PDF Босма E-mail

Абу Али Ҳасан ибн Али Тусий Низомулмулк (1018-1092) Шарқ тарихи ва маданиятида ўзининг 1091 йили ёзилган «Сиёсатнома» (ёки «Сияр ул-мулук») асари билан ўчмас из қолдирган
Абу Али Ҳасаннинг бобоси Байҳақ қишлоғининг энг нуфузли деҳқонларидан бўлиб, тўрт нафар ўғилнинг отаси эди. Унинг катта ўғли Абулҳасан Али отаси вафотидан кейин Хуросон волийси Абулфазл саройига бориб, унинг хизматига киради. 1018 йилда унинг оиласида (Туснинг Родкон вилоятидаги Навғон қишлоғида) Абу Али Ҳасан оламга келади. У бошланғич таҳсилни шу ерда олади, кейин Нишопур ва Марвда ўқиб, вояга етгач, Балхга бориб, Али ибн Шодон хизматига киради. Кейинчалик у Довуд ибн Микоилга дабир бўлади. Дабирлик мансабидан салжуқийлар (1037-1194) шоҳи Алпарслон (1063-1072 йиллар) саройида вазирлик мансабигача кўтарилади ва «Низомулмулк», яъни мулкнинг низоми, тартиби маъносини англатувчи номи билан шуҳрат қозонади. Вазирлик даврида у қарийб давлатнинг бутун ишларини ўзи олиб боради Низомулмулк сарой ва давлатдаги шунчалик катта обрў эътиборига қарамасдан ҳасадгўй, ғаразгўй кишилар ва мансабдорларнинг иғволаридан хавфсираб яшарди. Ҳатто Алпарслоннинг ўзи ҳам вазирини рофизийликда айблаб, унинг шофеий мазҳабида эмаслигидан афсусланарди. Шоҳнинг шундай муносабатини Низомулмулк ўз асарида таассуф билан эслайди. 

Алпарслон ўлдирилганидан кейии Низомулмулк 1072 унинг ўғли, 17 ёшида тахтга ўтирган Маликшоҳ (1072-1092 йиллар) саройида вазирлик қилиб, бу шоҳнинг давлатига ҳам катта мадад беради, мулкини бошқариб туради. Маликшоҳ уни ўз ҳомийси отабек деб атаган. Вазирлиги даврида у кўп олимлар ва машҳур кишиларга ҳомийлик қилиб, моддий ёрдам кўрсатди. Улуғ олим ва шоир Умар Хайём ҳам Низомулмулкнинг мурувватидан баҳраманд бўлганлиги яхши маълум. Шу ҳукмронлар даврида Низомулмулк Арабистондан то Туркистонгача бўлган улкан мамлакатни бошқарган. Бу даврда ҳатто халифа пойтахти бўлмиш Бағдод ҳам Маликшоҳ қўлида эди ва уни бевосита вазири Низомулмулк бошқарган. Тарихчи Мирхонд ўзининг "Равзат ус-сафо" асарида (4-жилд, 107-бет) бир воқеани келтирган. Бир куни Маликшоҳ Низомулмулкнинг ўғлидан хафа бўлади. У султон шаҳнасини тахқир қилган эмиш. Вазири олдига ўз одамларини юбориб, хафа бўлганини айтиб юборади: "Агарда мамлакат бошқарувида сен менга шерик бўлсанг, майлия, бироқ менга тобеъ бўлсанг, нимага ўғлинг қилмишларини назорат қилмайсан, у ҳадидан ошиб кетибтику. Хоҳласам буюраман, олдингдан давотни оладилар (яъни вазирликдан тушираман сени)". Низомулмулк унга жавоб бердики, сенинг давлату тожинг менинг давотимга боғлиқ, вазирликни мендан олсанг, сендан тожингни оладилар Низомулмулкнинг оқилона ва адолатли давлат бошқаруви туфайли Маликшоҳнинг номи тарихда қолди. У адл ва инсофнинг буюк меъмори эди. Вазирлиги даврида Бағдод, Басра ва Исфаҳонда "Низомия" номидаги мадрасалар бино қилади Маликшоҳ ва унинг вазири Низомулмулк давлатида иқтисодий шароит яхшиланган даврда 30 ёшли Умар Хайём (1040-1123) таниқли астроном эди. Уни 1074 йили Сосонийларнинг шамсий тақвими (календари)ни ислоҳ этиш учун тузилган гуруҳга раҳбарликка таклиф қилишади. Умар Хаём бу ишни бажариб, девоннинг илмий ва давлат ишларига таклиф қилинади. Бу таклифни Умар Хаём рад этса ҳам Низомулмулк унга йилига 1200 туман ҳақ бериб, илмий ва адабий фаолиятини олиб бориши учун шароит яратиб беради Маликшоҳ салжуқийлар империяси пойтахти бўлмиш Марвда катта обсерватория қурдиради. Саройда илмий маданий муҳит шаклланади. Бўлғуси буюк олим - Муҳаммад Ғаззолий (1058-1111) бу вақтда энди ижодга киришган, арабийнавис шоирлар Муизий, Тантароний, Туғроий кабилар Маликшоҳ саройи билан боғланган эдилар. Низомулмулк 1067 йили Бағдодда оламга машҳур «Низомия» мадрасасини қурдиради. Муҳаммад Ғаззолий ўз вақтида ана шу мадрасада дарс берган Низомулмулк ўз даврининг машҳур кишиларидан бўлмиш Ҳасан Сабоҳни ҳам Маликшоҳ саройига жалб этади. Аммо кейинчалик у билан келиша олмай, уни сарой хизматидан четлатади. Улар ўртасида очиқ душманлик муносабати пайдо бўлади. Ҳасан Сабоҳ Мисрга бориб таҳсил олиб, исмоилия мазҳабининг доийси-тарғиботчиси бўлиб қайтгач, куч билан Қазвин яқинидаги Аламут қалъасини босиб олади ва Маликшоҳ Салжуқий ва унинг вазири Низомулмулкка қарши ҳаракатларини бошлайди.
Бундан ташқари, Маликшоҳ ўлимидан кейин унинг авлодлари ўртасида тахт учун кураш бошланади. Низомулмулк Маликшоҳнинг катта ўғли Барқаёриқнинг тахт учун курашувига мадад беради ва бу билан Маликшоҳнинг хотини Турконхотуннинг ашаддий душманига айланади. Давлат ишларига таъсири жуда сезиларли бўлган Турконхотуннинг бевосита иштирокида Низомулмулк вазирликдан олиниб, ўрнига шу хотиннинг яқин кишиси Тожулмулк Абулғаноим ибн Хусрави Фируз тайинланади.
Вазирликдан кетган Низомулмулк ана шу кишиларнинг иғволари ҳамда Ҳасан Сабоҳнинг иштироки билан Бағдод сафари йўлида, Наҳованд шаҳри яқинида Абу Тоҳир исмли ёлланган қотил тиғидан 1092 йнли 14 октябрда ўлдирилади Маликшоҳдан кейин меросхўрлар ўртасидаги тож-тахт учун талашувлар натижасида у бунёд этган обсерватория ёпилиб, Умар Хайём ҳам бу ерни тарк этади. Маданий муҳит таназзулга юз тутади.
Маликшоҳ Салжуқий ўз ҳукмронлиги даврида саройнинг фозил ва олимларига давлатни бошқариш қоидалари, тартиботи ва усуллари ҳақида бир рисола ёзиб, унда ўтган шоҳлар тарихи ва ҳаётий тажрибасидан мисоллар келтиришларини буюради. Бу рисола, аввало, давлат бошқаруви ишларида дастур вазифасини бажариши кераклигини таъкидлайди. Ўзига хос ушбу ижодий беллашувда Низомулмулк ҳам иштирок этади. Унинг сўзига қараганда, мазкур ишга Шарафулмулк (Абу Саид Муҳаммад бини Мансур бини Муҳаммад ал-Хоразмий), Тожулмулк, Маждулмулк (Абулфазл Асад бини Муҳаммад ал-Қумий) ва бошқалар қўл урадилар
йили Низомулмулк ёзган 39 бобдан иборат «Сиёсатнома» ёки «Сияр ул-мулук» («Подшоҳлар турмуши») номли асар шоҳга манзур бўлади. Сўнгра Низомулмулк асарини қайта ишлаб, уни янги боб ва қисмлар билан бойитади. 1092 йили уни кўчириб, Султон Маликшоҳга бериб қўйиш учун саройнинг махсус котиби Муҳаммад Мағрибий ан-Носихга топшириб, ўзи Бағдод сафарига йўл олади.
Низомулмулкдан кейин, 1092 йили Маликшоҳ ҳам ўлдирилиб, тож-тахт учун кураш авж олиб кетади ва давлат ишлари тартибсизликка учраб, халқнинг аҳволи ёмонлаша боради. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Мағрибий фақат 1105 йилга келиб, яъни Ғиёс уд-дин Муҳаммад бини Маликшоҳ даврида (1105-1118 йиллари) асарни эълон қилишга муваффақ бўлади.
Шундай қилиб , котиб Муҳаммад Мағрибийнинг Низомулмулкка садоқати ва шижоати туфайли унинг васиятномаси бизгача етиб келди.
Сиёсатнома» асари яратилган даврдан бошлаб олимлар,» тарихчилар, адиблар, энг асосийси, шоҳу ҳокимлар диққатини ўзига тортиб келади. Бу асарни султонлар ва бошқа мансабдорлар кўчиртириб олиб, ўз фаолиятларида фойдаланганлар. «Сиёсатнома» Шарқ маданиятини, салжуқийлар тарихи ва сиёсий ҳаётини ўрганишда энг ишончли манба бўлиши билан бирга форс адабиётининг дастлабки бадиий асарларидан саналади Темур тузуклари» асарида улуғ вазир ва давлат арбоби» Низомулмулк амаллари ҳурмат-эҳтиром билан эсланиб, жумладан, шундай дейилади: «Масалан, Маликшоҳ Салжуқий ўз вазири - Низомулмулкни мартабасидан туширди. Вазир бошдан-оёқ яхши сифатларга ўралган эди. Унинг ўрнига зоти паст, ёмон бир кишини вазир қилиб тайинлади. Бу шумқадам вазирнинг қабиҳ ишлари, зулм-ситами ва нафси бузуқлиги касофатидан салтанат биноси бузила бошлади». Бошқа бир жойида Низомулмулк давлатни бошқаришда ибрат қилиб кўрсатилиб, унинг фазилатларига таъриф берилади: «Низомулмулкнинг ёмон қилмишлари кам бўлиб, хайрли ишлари кўпроқ эди. У ҳажга бормоқчи бўлиб турган вақтида авлиёлардан бири унга дебди: «Маликшоҳ давлатининг хизматида бўлиб, амалга ошираёттаи хайрли ишларинг ва Тангри таолонинг бандаларига етказиб турган ёрдаминг ҳаж қилиш билан баробардир.
Темур тузуклари»да ақлли, билимдон ва ҳушёр вазир» мамлакат ҳаётининг турли жабҳаларида жуда катта куч эканлиги, подшоҳининг бошига тушган муҳим ва мушкул ишларни тадбиркорлиги ва узоқни кўра билиши қобилияти билан осонлаштириши олийжанобларча эътироф этилади. «Бундай вазирни эъзозлаб, иззат-икром этсинлар», «давлат шериги билиб, азиз тутсинлар. Зинҳор унинг сўзидан чиқмасинлар, у нима деган бўлса, бари ақл кўзгусидир», дея қайта-қайта таъкидланар экан, шундай ҳурматга сазовор вазир сифатида яна Низомулмулк мисол сифатида келтирилади. Асарнинг тарихий, сиёсий ва бадиий аҳамияти шундаки, у салжуқийлар ҳукмронлигига оид обрўли манба бўлиб, бу силсила шоҳлари учун давлатни бошқаришда бир дастур тарзида яратилган. Асар адабий манба сифатида ҳам жуда қимматлидир. Шу сабабли асарга, Низомулмулк шахсиятига Алишер Навоий, «Дастур ул-мулук» муаллифи Самандар Термизий, «Осор ал-билод» муаллифи Абу Яҳё Закариё ибн Муҳаммад ал-Қазвиний ҳамда Ибн Исфандиёр, Ибн Биби, Ибн Тиқтак, Хожа Халифа ва бошқа кўплаб улуғ алломаю давлат арбоблари ғоят юксак баҳо берганлар
Ушбу асар машҳур шарқшунос олимлардан Ш.Риё, В.Дорн, Э.Брове, А.Кристенсен, Ч.Шеффер, Т.Нельдеке, В.В.Бартольд, А.Кримский, Муҳаммад Низомиддин, Файз ал-Ҳасан Файзий, Б.Ғафуров, Б. Аҳмедов ва бошқалар диққатини ўзига тортиб, уларнинг жиддий хулосаларига асос бўлган. Кўпгина хорижий нашрларда «Сиёсатнома» асари бугунги сиёсатчилар учун ҳам энг яхши қўлланма сифатида баҳоланади Сиёсатнома» асари ва Низомулмулкнинг шахсияти кўп» мутахассислар қатори ўзбек олимлари ҳамда ўқувчиларини ҳам қизиқтириб келмоқда. Бу асардан баъзи парчалар ва маълумотларни академик Бўрибой Аҳмедовнинг мақолаларида ҳамда «Узбекистон тарихига оид манбалар» китобида учратамиз.

Сиёсатнома» ёки «Сияр ул-мулук» асарини олимлар» салжуқийларнинг сиёсий дастури сифатида баҳолаганлар. Асарнииг асосий ғоялари ҳам шундан иборатки, вазир Низомулмулк шоҳ ва ҳокимларни адлу инсофга, сулҳ ва мурувватга, давлатни оқилона бошқариб, қатьий қоида ва тартиб ўрнатишга, амалдорларни виждонли, пок, ҳалол ва имонли бўлишга, мамлакат ободонлиги, унинг аҳли фаровонлиги, тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш учун ҳаракат қилишга даъват этади.
Ўқувчи Низомулмулк асарини ўқир экан, муаллифнинг ақл-заковати, ҳаётий тажрибаси, ҳикоя ва мисолларига мафтун бўлади, унда келтирилган илмий, ахлоқий-тарбиявий, диний далилларга ишонади, асар муаллифининг тилига, бадиий тасвир маҳоратига қойил қолади.
Масалан, Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» да Хожа Камолиддин Ҳусайн номли шоир ҳақида гапира туриб шундай ёзади: «Хожа Низомулмулкнинг ўғлидир. Отасининг таайюн ва иштиҳори бурунги Низомулмулкдин ортиқроқ бўлмаса, ўксук (кам) ҳам эмас. Эътибор юзидин анинг била тенг бор эди. Аммо мансаб юзидин ортти... » Навоийнинг гаплари шуни кўрсатадики, Ҳирот маданий муҳити учун салжуқийлар вазири таниқли шахс бўлган. Шу боисдан ҳам бошқани унга қиёслаб, нисбат бериб таърифлаяпти.
Низомулмулк фикрича, адолат ва саховат хайр-садақадан, ночор, ноилож кишиларга мадад беришдан, бева-бечоралар, майиб ва ногиронларга хазинадан нафақа ажратишдан ва инсонларнинг ҳуқуқларига риоя қилишдан иборатдир. Амалдорларни тўғри танлаб, уларга қўлларидан келадиган ишлар ва вазифаларни топшириш, бир кишига бир амал бериб, ундан итоат ва ижро фазилатини кутиш давлат бошқарувининг асосий талабларидандир. Ҳар бир ишда амалдорларнинг маслаҳат билан иш кўришлари кўзда тутилади. Низомулмулкнинг шоҳ ҳаёт тажрибасига эга бўлган, жаҳон кезган оқсоқоллар, олиму мўътабар кишилар билан маслаҳатлашиб иш тутиши тарафдоридир.
Низомулмулкнинг яна бир фикри эътиборга сазовордир. Бу ғоя шундан иборатки, давлатда марказий ҳукумат (яъни шоҳ ҳокимияти) жуда ҳам кучли бўлиши лозим. Шундагина давлатда тинчлик ва адолат барқарор бўлади, раият ўз мақсадига ета .олади, жамият сулҳ ва адолатда, мурувватда яшайди XI аср вазири Низомулмулкнинг фикрича, раият аҳли, зулму ситам кўрган ҳар бир киши, умуман, норози бўлганлар амалдор ва ҳокимдан тортиб то вазир ва шоҳнинг ўзигача қабулларига бориб, шикояти ёки маслаҳатини баён қилишлари зарур. У ёзади: «Подшоҳ ҳафтада икки кун зулм кўрганларни қабул қилиб, золимларнинг додини бериб, жазолаб ва раият сўзларини бевосита эшитиб бориши керак. Агарда худованд подшоҳ додхоҳларини олдига чақириб, ҳафтада икки маротаба уларнинг сўзларини эшитади ва золимларнинг жазосини беради, деган хабар мамлакатга тарқалса, унда ситам қилувчилар оқибатини ўйлаб қўрқиб бедодлик қилмайдилар. Низомулмулк ҳар бир ғояни исботлаш учун муайян тарихий ва афсонавий шахслар, сулолалар ва салтанатлар тарихидан, ўтмишидан фойдаланиб, тегишли воқеалардан мисоллар келтиради. Давлат бошқаруви ва ҳукуматчиликка у 875-999 йилларда ҳукм сурган сомоний ҳамда ғазнавий султон ва шоҳларни намуна қилиб кўрсатади. Бу сулолаларнинг намояндаларини ниҳоятда улуғлаб, баъзан уларга хос бўлган фазилат ва яхши хислатларни, хулқ-атворларни эъзозлаб, замона шоҳларида ҳам шундай сифатларни кўрмоқчи бўлади ва шу йўл билан уларга давлатни бошқариш борасида самимий маслаҳатлар беради
Низомулмулк замонасидаги иллатларни баъзан очиқчасига баён қилади, лекин оқил инсон, давлат арбоби бўлганлигидан баъзи ҳаракатлари зое кетаётганлигини яхши тушунади. Ўша даврларда ҳам ҳасадчи ва ғаразли амалдорлар борлигини, саройдаги макрлар, амалдорларнинг бир-бирларига қасд ва душманликлари давлат ишларига, халқ ва салтанатга зиён эканлигини яширмайди. «Бизнинг замонда, - деб ёзади у, - амирлар бир ҳаром динордан чўчимайдилар, ҳақиқатни ёлғонга чиқариб, иш оқибатини ўйламайдилар». Бошқа жойда: «Ҳозир шундай замон бўлганки, юз мусулмоннинг қони тўкилса ҳам, бировнинг заррача иши йўқ. Олтинларни олганда ҳам бировни жавобгар қилмайдилар, ишни ҳам охиригача олиб боролмайдилар. Ажаб дунё, бундан кейин нима бўлар экан?!» .- деб ёзади
Давлатни идора этишда амалдорлар катта ўрин тутишини яхши тушунган Низомулмулк уларни тўғри танлаб, жой-жойига қўйишни, ҳар бирига лойиқ амал бериб, асосий мақсад йўлида тарбия қилишни муҳим бир талаб деб билади. Ҳар қайси амалдорни тарбиялашга кўп вақт кетиши ва бу мушкул иш эканини тушунтириб, ҳокимларга қўл остидагиларни эҳтиёт қилишни маслаҳат беради. Амалдорнинг хатосини кўриб, уни дарров ишдан олиш тўғри эмаслигини, уни биринчи маротаба кечириб, яна хато қилмаслиги учун ҳимоя қилиш кераклигини айтади
Асарнинг баъзи қисмлари ва бобларида халифаларга қарши бўлиб ўтган қўзғолон ва урушлар, исломдаги ҳар хил мазҳаб ва жараёнлар, уларнинг намояндалари ва тарафдорлари ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Жумладан, Маздак ҳаракати, Муқанна қўзғолони, Абу Муслим ҳаракати, Озарбайжонда афшин Бобакнинг чиқишлари ҳамда қарматий, ботиний, рофизий, қадария ва шиалар ҳаракатлари билан боғлиқ воқеалар ўз аксини топган. Муаллиф бу воқеаларни баён қилиб, уларнинг сабаблари ва оқибатларини очиб беришга ҳаракат қилади. Муаллифнинг энг асосий хулосаси шундан иборатки, марказий давлат ягона бир ғояга эга бўлмаса, ҳар хил ғоя ва фикрлар тарафдорлари ҳокимият учун курашадилар, бу мақсад эса қон тўкишлар ва зулму ситамларга сабаб бўлиши мумкин. Асарда Марказий ҳукумат, давлат, шоҳу ҳокимлар халқ бирлиги, давлат истиқлоли, қудрати ва мудофаасини таъминлаш учун куч-ғайратларини сарфлашлари зарур, деган ғоя етакчи ўринда туради.
Сиёсатнома» мавзу жиҳатдан кенг қамровли ва сермазмун» асар. Унда давлат бошқарувига алоқадор қарийб ҳамма қоида ва қонунлар, усул ва воситалар, қози ва қозихона ишлари, қўшин ва сарбозлар, хизматчи ва шахсий сарбозлар масалалари, саройдаги соқчилару посбонлар вазифалари, уларнинг маошлари, почта ва айғоқчилик (разведка) ишлари, уларнинг моддий жиҳатлари, хазина ва байтулмол, элчиларга муносабат, ҳатто шоҳнинг оилавий ишлари, унинг базм ва мажлислари, хос ходим ва шахсий соқчилари ҳақида маълумот ва маслаҳатлар бор. Асарда молия ва хўжалик ишлари, солиқ ва хирож, закот ва вақф масалалари ҳам ўрин олган. Улар баъзан керакли даражада очиб берилган бўлмаса ҳам, муайян тадқиқотларга озуқа бера олади.
Асар ҳозирги давр сиёсатчилари, давлат амалдорлари ва мансабдор кишиларга, умуман, ўтмиш тарихимизга қизиқувчи барча ўқувчиларга маънавий руҳ ва куч беради, деб ўйлаймиз Асарнинг бадиий қиммати шундаки, унинг муаллифи ўз фикрларини турли ҳикоятлар воситасида исботлаб, мустаҳкамлаб боради. Қарашлари ўқувчи онгига етиб бориши, диққатини жалб этиши учун турли тарихий шахслар, ҳар хил қаҳрамонлар ва уларнинг ҳаёти билан боғлиқ ҳикоятларни келтиради. Салжуқий ҳукмдорларга панд-насиҳат қилаётган муаллиф, асосан, илгари ўтган ҳукмдорлар билан боғлиқ воқеаларни келтириш орқали уларнинг ижобий хусусиятларини замонаси шоҳларига, ўтмиш ҳукмдорларига намуна қилиб кўрсатишни истайди. Салбий жиҳатларни тилга оларкан, уларнинг оқибатларидан сабоқ беради. Асар тилининг соддалиги билан китобхонни ўзига тортади. Низомулмулкнинг баён услубидаги публицистик руҳ ҳам асарни ўқишли қилган.
Сиёсатнома», - деб ёзади профессор Б.Н.Заходер,- бу,» жиддий сиёсий ҳужжат бўлиб, марказий ҳукумат парчаланишига қарши қаратилган асардир. «Сиёсатнома» марказлашган давлат тузишга даъват этиб, кучли давлат маҳкамаси, армия ва бошқа .«текшириш воситаларини яратишга чақиради Сиёсатнома» нинг энг қадимий нусхаси Британия музейида» (АДД 23516) ҳамда Берлинда сақланади. Бу нусхалар 1168-69 йили Урмия шаҳрида амир-ҳожиб Алп Жамолиддин фармонига биноан кўчирилган, Чарлз Шеффер 1291 йили кўчирилган бошқа нусхадан фойдаланиб, асарни француз тилига ўгириб, 1893 йили нашр этган. 1914 йили Калкутта шаҳрида асарнинг тош-босма нусхаси ҳам чоп қилинган. Кейинчалик, 1932 йили Теҳрон шаҳрида Иброҳим Халхолий иштирокида «Сиёсатнома» асари беш нусха асосида солиштирилиб, босиб чиқарилган Низомулмулкнинг бу асарини Б.Н.Заходер кўп йиллик тадқиқотларидан сўнг 1949 йили рус тилига таржима қилиб, нашр эттирди. 1960 йили асар инглиз тилида чоп қилинди Сиёсатнома»нинг яна бир нашри 1989 йили Душанбеда» амалга оширилди. Асарни нашр этган олим А.Девонақулов ўз сўзбошисида асарнинг асосан бадиий аҳамиятини умуминсоний Сиасатнаме. Книга о правлении визира XI столетия Низам аль-.мулька. Москва-Ленинград, «Наука», 1949, с.242 қадриятлар жиҳатидан таҳлил этган. Аммо бу нашр баъзи камчиликлардан ҳоли эмас: асарнинг баъзи боблари тушириб қолдирилган.
Сиёсатнома»нинг ушбу таржимасига асарнинг 1932 йилги» Эрон нашри асос қилиб олинди. Китоб оммавий нашрга мўлжалланаётганлигини назарда тутиб, айрим жузъий қисқартиришлар қилинди ва асар тили эса ўзбек тилидаги баён услубга яқинлаштирилган тарзда берилди. Асарни нашрга тайёрлашда бизга ёрдам берган барча шахсларга, жумладан таржимани асл нусха билан солиштиришга кўмаклашган Олима Набиевага, ноширларимизга миннатдорчилик билдирамиз.

 
Баннер