1917-йили Туркистонда муҳим сиёсий ўзгаришлар юз берди. Минтақа халқлари мустамлакачиликнинг 50 йиллик зулмига қарши миллий-озодлик курашини авж олдириб юбордилар. Маърифатпарварлик ҳаракати сифатида вужудга келган жадидчилик Туркистон тақдири ҳал қилинаётган пайтда ўзбек халқини ғоявий жиҳатдан бирлаштирувчи куч сифатида майдонга чиқди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (Убайдулла Хўжаев), Мустафо Чўқаев, Аҳмад Заки Валидий Тўғон каби жадид тараққийпарварлари Туркистонга мухторият мақоми бериш учун курашдилар ва сиёсий жараёнларга фаол аралашдилар. Ўлка халқларининг дастлабки ижтимоий-сиёсий жамияти — «Шўрои Исломия» тузилиб, у мухториятчилик ҳаракатининг тепасида турди.
Бу пайтда Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги ҳудудида Ёш бухороликлар ва Ёш хиваликлар партияси аъзолари демократик ислоҳотлар ўтказиш учун ўз фаолиятларини кучайтирдилар. Абдурауф Фитрат, Файзулла Хўжаев, Полвонниёз Ҳожи Юсупов уларнинг раҳбарлари эди. Афсуски, 1917-йил ноябрда ташкил топган Туркистон Мухторияти ҳукумати — халқимиз тарихидаги дастлабки демократик ҳукумат орадан кўп ўтмай мустабид совет тузуми ва босқинчи қизил аскарлар томонидан қонга ботирилди. Ҳукумат фаолият кўрсатган Қўқон шаҳри вайрон қилинди, тинч аҳоли қирғинга дучор этилди. 1918-йил феврал ойида дастлаб Қўқон атрофларида бошланган истиқлолчилик ҳаракати тез орада бутун Туркистон минтақасига тарқалди. Фарғона водийсида Кичик ва Катта Эргаш, Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Ислом Паҳлавон, Ёрмат Маҳсум, Бухорода Иброҳимбек, Анвар Пошо, Мулла Абдулқаҳҳор, Хоразмда Жунаидхон каби қўрбошилар ҳаракатга қўмондонлик қилишди. Бироқ Туркистоннинг мустақиллиги ва озодлиги учун курашган истиқлолчилар совет даврида «босмачи» ва «халқ душмани» сифатида кўрсатилиб, жамоатчилик фикри шу йўналишда шакллантирилди. Ашни олганда, истиқлолчилик ҳаракатининг бошидан охиригача бир буюк ғоя устунликқилган эди. Бу ғоя бутун Туркистоннинг миллий истиқлоли ва мустақиллиги ғояси бўлиб, у ҳаракатнинг асосий мақсади бўлиб қолаверди. Истиқлолчилик ҳаракати тарихи ўзбек халқининг совет даври тарихига унинг энг шонли вазафарли, шунингдек, қайғули ва дард-аламли саҳифалари бўлиб ёзилди.
Туркистон — минтақа халқларининг ягона макони, умумий ватани
Марказий Осиё, жумладан,Туркистон, Бухоро ва Хоразм давлатларининг туб халқлари неча асрлар давомида турмуш тарзи ва анъаналари жиҳатидан бир-бирига яқин бўлиб келдилар. Бухоро ва Хоразм ХХ аср 20-йилларининг бошига қадар мустақил давлатлар бўлган. Бу минтақа ягона замини, ўз хўжалиги, анъаналари, дини, маданиятининг муштараклиги билан ажралиб турган. Ўрта Осиё давлатларидан ҳар бирининг кўп миллатли эканлиги, ўзбеклар, туркманлар, тожиклар, қорақалпоқлар, қирғизлар, қозоқлар ва бошқа ерли халқларнинг учала давлат ҳудудларида тарқалиб яшаши тарихан анъанавий бўлган. Мана шу давлат тузилмалари доирасида ҳар бир халқ ёки алоҳида уруғлар хўжалик ҳаёти тизимидаги ўз ўрнини егаллаб, ўзининг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти билан давлат ва минтақа ижтимоий ҳаётининг яхлит занжиридаги узилмас ҳалқани ташикил этган. Туркистон минтақасининг халқлари шу заминни қадимдан ўзларининг асл ватанл деб билганлар. Ватан ягоналиги ҳисси халқ ижодиётида, анъаналарида, маданиятида ўз аксини топганва шу минтақада яшаб турган барча халқларнинга бадий қадриятига айланган. Бу минтақанинг халқлари бирдир деган ғоя авлоддан-авлодга ўтиб, миллий етакчилар, жамоат арбоблари ва миллий зиёлиларнинг қарашлари ҳамда амалий фаолиятларида акс этди. Ҳудуд яхлитлигига, халқнинг бирлигига хавф-хатар туғилган кезларда ана шу ғоя худди бир қалқондек бўлиб турди, халқларнинг бир-биридан ажралиб, узоқшиб кетишининг олдини олувчи омил бўлиб қолди. Тарихан таркиб топган учта давлатни тугатиб туриб, уларнинг ўрнига янги давлатлар тузиш фикри ўлка ва марказнинг раҳбар ходимларидан чиқди. 1920-йилнинг бошларидаёқ ТСРни бўлиб ташлаш ва миллий тил белгисига қараб мухтор (автоном) республикалар тузиш масаласи қўйилган эди. Бу ғоя Турккомиссия раиси Я.Рудзутак ташаббуси билан 1920-йил 15-январда қабул қилинган тезисларда айтилади. Бу тезислар ўша йилнинг июн ойида РКП(б) Марказий Комитетининг «Партиянинг Туркистондаги вазифалари ҳақида» деган қарори лойиҳасига киритилди. Бу таклифни В.И. Ленин қўллаб-қувватлади. Лойиҳага билдирган ўз мулоҳазаларида у Туркистоннинг «Ўзбекия, Қирғизия, Туркмания»га бўлинган картасини тузиш зарур деб кўрсатди. В.И. Ленин бирмунча кейинроқ ўзи тайёрлаган бошқа бир лойиҳада ўз нуқтаи назарини ўзгартириб: «Республикани (яъни Туркистонни) 3қисмга бўлиш олдиндан ҳал қилиб қўйилмасин», деб уқтирди.
Миллий республикалар вавилоятлар тузишга кўрсатма берилиши ва унинг сиёсий жиҳатдан асосланиши
Туркистоннинг маъмурий-ҳудудий картасини қайтадан кўриб чиқиш болшевикларнинг қайтадан тузиш сиёсатидан ўлкада норозилик кучайиб борган, мустақиллик учун ҳаракат кўлами кенгайиб келаётгани, миллий масала юзасидан Кавказортида бошланган кураш акс садоси ва бошқа сабабларга кўра орқага сурилиб турди. 1920-йилга келиб Ўрта Осиёда ТСРдан ташқари Бухоро ва Хоразм Халқ Совет республикалари тузилганлиги ҳам муҳим омил бўлди. Бу республикалар тузилганидан кейин маълум раҳбарлар гуруҳи уларни ҳам ҳудудий қайта бичиш доирасига тортиш режаларини илгари сурдилар. Миллий республикалар тузиш зарурлиги ғояси ташаббусчилари уни (яъни, бу ғояни) ерли халқлар ҳаётида тенгсизлик мавжудлиги, миллий можаролар кучайиб бораётгани билан асосладилар. Бу можаролардан қутулиш йўли туркманлар, қирғизлар ва бошқаларнинг миллий давлатини тузиш, деб эълон қилдилар, амалда эса бу чора-тадбир халқларни бир-биридан ажратиб қўйишдан бошқа нарса эмас эди. Ҳудудларни қайтадан белгилаш ва чегаралаш тарафдорлари тил тафовутлари, миллий тафовутларга диққатни кўпроқ қаратиб, ҳўжаликка оид, иқтисодий омилларни, мавжуд сув ресурслари, суғориш тизимларининг умумий эканлигини камроқ ҳисобга олдилар. Умуман, сиёсий жиҳатлар биринчи даражали ҳисобланди. Раҳбар ходимлар орасидаги европаликлар билан туб халқлар вакиллари ўртасидаги ихтилофлар, шунингдек, айрим гуруҳбозлик кўринишлари механик тарзда Ўрта Осиё минтақаси халқлари ўртасидаги муносабатларга кўчди. Рудзутак, Сталин ва бошқалар Ўрта Осиёда миллий можаро мавжудлигини уқтирдилар. Миллий масала сунъий равишда бўрттириб юборилди ва давлатлар ҳудудини тубдан қайта белгилаш учун ҳал қилувчи асосий далил сифатида илгарисурилди.
Турор Рисқулов Турккомиссия ва Я.Рудзустак тезисларига қарама-қарши ўлароқ, ва бир гуруҳ миллий етакчилар 1920-йилдаёқ туркийзабон халқлар ягона бўлиб, уларнинг тарихий илдизлари, динлари, анъаналари ва маданияти муштаракдир, Туркистонни алоҳида қисмларга ажратиб бўлмайди, деган ғояни илгари сурдилар. Бироқ бу фикрни болшевикча Марказ инкор этиб, уни пантуркизм, панисломизм, буржуа миллатчилиги деб баҳолади. Минтақани миллий-ҳудудий жиҳатдан қайта тузиш масаласи партия органлари томонидан ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Ўрта Осиё бюроси (Средазбюро) умумминтақани қамраб оладиган чегараланиш зарурлиги тўғрисидаги масалани республикалар партия органлари, партия ходимлари муҳокамасига қўйишга зўр бериб интилди. Бу ҳолат, хусусан, СССР тузилгач (1922-йил 30-декабр) кучайди. 1922-йили, ва айниқса, 1923-йили ерли миллатлар вакилларининг бир қанча раҳбар ходимлари Ўрта Осиёда амалга оширилаётган миллий сиёсатдан қониқмаётганликларини очиқ-ойдин маълум қила бошладилар. 1923-йил охирида Туркистон ходимларининг бир гуруҳи Марказга хат билан мурожаат қилиб, унда миллий низолар ўлкада тугатилмасдан, кўпроқ авж олдирилмоқда, деб қайд этдилар. Ушбу мактубда миллий етакчилар мавжуд бўлган маълум милҳий-ҳудудий низоларни тарихан таркиб топган ҳудудлар, алоқалар, давлат тузумини кескин бузмасдан, ҳар бир алоҳида республика доирасида ҳал қилиш зарур, деган фикрни илгари сурдилар. Баъзи жойларда бу ғоя амалий жиҳатдан юзага чақарилди. 1923-йил октабрида Бухоро республикасида туркман ва тожик вилоятлари ташкил этилди. Кейинчалик Хоразм республикасида мухтор туркман ва мухтор қирғиз-қозоқ-қорақалпоқ вилоятларини ташкил этишга қарор қилинди. 1923-йил декабрида Фарғона водийси вакиллари РСФСР таркибида Фарғона мухтор вилояти ташкил этиш тўғрисида таклиф билан чиқдилар. Бироқ бу фикрни ўлкадаги раҳбар органлар, аввало партия органлари хато фикр деб рад этди. Чегаралаш ғоясини ишлаб чиқиб, маромига етказиш йўли ва бошқа бир қанча таклифлар ҳам олға сурилди. Бироқ Марказ ва РКП(б) Марказий Комитети ЎртаОсиё бюроси яхлит ва улкан минтақада, аввало учта Ўрта Осиё республикалари ҳудудларида ялпи ҳудудий чегаралаш чора-тадбирларини қатъий илгари сурдилар.
1924-йилги миллий-ҳудудий чегаралаш
Ўрта Осиёни чегаралаб бўлиш ва миллий республикалар тузиш ғояси 1924-йилда амалга оширила бошланди. Бироқ бу масалага доир зиддиятлар айни даврда ҳам давом этаверди. Бу кампанияда иштирок этишдан бўйин товлашга очиқ-ойдининтилиш ҳоллари такрорланаверди, янги лойиҳалар таклиф этилди. Лекин Марказ, Ўрта Осиё бюроси қаттиқ туриб олди. Аммо Ўрта Осиё республикаларидаги ҳукумат ва партия органларининг нуқтаи назарлари якдил эмас эди. Туркий халқлар бир-бирига яқин, деган фикр ўртага қўйилар, бошқа далиллар келтириларди. 1924-йил февралида Бухоро Компартияси чегараланиш масаласини кўриб чиқди. Унда Ўрта Осиёнинг маъмурий тузилиши юзасидан такиф этилаётган, барча туркий халқларнинг илдизи бирлигини ҳисобга олмайдиган сиёсат ўтмиш истилочилари сиёсати билан бир деб айтилди. Ўрта Осиё бюроси тезислардаги бу фикрларни хато деб эълон қилиб, қаттиқ танқид остига олди. Туркистон Марказий Ижроия Комитети ва Туркистон компартиясининг 10-мартдаги бирлашган кенгашида атоқли партия ходимлари С.Хўжанов, С.Асфандиёров, Н.Паскутский Ўрта Осиёдаги мавжуд совет республикалари ўрнида Ўрта Осиё федератсиясини тузиш тўғрисида таклиф киритдилар. Шу билан бирга С.Хўжанов Туркистон ягона, бир бутун ва унинг яхлитлигини бузиш мақсадга мувофиқ эмас, деб қўшимча қилди. Хоразм раҳбарларида ҳам алоҳида фикрлар мавжуд эди. 1924-йил мартида улар республика доирасида: туркманлар,ўзбеклар, қирғизларнинг «суд ишлари... шариат бўйича олиб бориладиган, миллий тиллардаги... мактаблари бўлган»мухтор вилоятларини тузишни таклиф этдилар. 8-май куни бир гуруҳ Хоразм раҳбарлари РКП(б) Марказий Комитетига «Хоразмда миллий масалани ҳал қилиш тўғрисида мактуб» юбориб, унда Хоразмни чегараланишга қўшмасликни илтимос қилдилар. Улар ўзларининг шу нуқтаи назарларини республиканинг олисда жойлашганлиги, иқтисодий жиҳатдан ажралиб турганлиги билан асосладилар. Бу нуқтаи назарни Хоразм Компартияси Марказий Комитети, жумладан, Қаландар Одинаев (1897—1938)ҳам қўллаб-қувватлади. Қаландар Одинаев 1922-йил октабрига қадар Амударё вилоятида, сўнгра Хоразмда РКП(б) Марказий Комитети Ўрта Осиё бюроси вакили бўлиб ишлади. 1924-йил июлда Қ. Одинаев Хоразм Компартияси масъул котиб вазифасидан олиб ташланди.
Ўзбекистон ССРнинг ташкил этилиши. Чегараланиш якунлари
Туркистонда, Бухоро ва Хоразм республикаларида амалий иш бошлаб юборилди. Комиссиялар ва кичик комиссиялар бўлғуси тузилмаларнинг ҳудудлари ва чегаралари тўғрисидаги масалани ишлаб чиқдилар. Бошқарув аппаратлари тузиб, режалар, иқтисодиёт, бюджет, ер-сув муаммоларини, маориф, соғлиқни сақлашни ташкил қилиш муаммоларини ва бошқаларни ҳал қилдилар. Сиёсий тушунтириш ишлари олиб борилди. Материаллар матбуотда эълон қилинар, митинг ва йиғилишлар ўтказилар эди. Миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилишини маъқуллаб резолютсиялар қабул қилинди. 1924-йил 31-октабрда Ўзбекистон ССР Инқилобий Комитети (ревком) тузилди, у Ўзбекистон республикаси тузишни бошқариб борди. Мунозаралар тобора қизиб борди. Сталин «Миллатлар ўртасидаги низоларга хотима бериш» учун чегараланишни амалга оширишга киришишни таклиф этди. 1924-йил12-июнда РКП(б) Марказий Комитети Сиёсий бюроси Ўрта Осиёда чегараланиш тўғрисидаги масалани яна бир кўриб чиқди ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Хоразм республикаси чегараланишга киритилмади, лекин 1924-йил 26-июлда Хоразм Компартияси республиканинг чегараланишга киритилишига ўзининг розилигини билдирди. Бухорода махсус қурилган Халқ уйида 1925-йил 13-февралда Советларнинг I умумўзбек қурултойи очилди. Унда «Ўзбекистон Совет Сотсиалистик Республикаси тузилгани тўғрисидаги декларатсия» қабул қилинди. Ўзбекистон ҳукуматининг бошлиғи қилиб Файзулла Хўжаев сайланди. Съезд республика ҳокимиятининг олий органларини расмийлаштирди. Республика советлари Марказий Ижроия Комитети раиси этиб Фарғона водийсидан чиққан деҳқон, «Қўшчи» иттифоқининг раиси Йўлдош Охунбобоев (1885—1943) сайланди. Жамоат ташкилотлари ҳам тузилди. Ўзбекистон ССРнинг дастлабки пойтахти Бухоро бўлган. Бироқ кўп ўтмай — 1925-йил апрелида пойтахт Самарқандга кўчирилди. Ўзбекистон ССР кейинчалик- 1925-йил майда СССР таркибига кирди. 1929-йилгачаТожикистон АССР Ўзбекистон ССР таркибида бўлган. Тузилган Ўзбекистон ССРга ТССРдан Сирдарё, Фарғона ва Самарқанд вилоятларининг катта қисми, собиқ Бухоро Халқ Совет Республикасидан унинг марказий ва ғарбий қисмлари, яъни Зарафшон, Сурхондарё ва Қашқадарё водийлари, шунингдек, Хоразм воҳаси кирди. Ўзбекистон ССР ҳудуди 312394 кв.км ни ишғол қилди.Ўзбекистон ССР таркибида Тожикистон АССР тузилди, бу мухтор республика кейинчалик Тожикистон ССРга айлантирилди. Ўзбекистон ССРнинг ўз аҳолиси, 1926-йилдаги рўйхатга олиш маълумотларига қараганда, 4447555 кишини ташкил этди, уларнинг 74,2 фоизи ўзбеклар эди. Республикага 1195 минг десятина суғориладиган ер, ишлаб турган 185 та саноат корхоналари кирди. Бу корхоналар орасида 39 та пахта тозалаш заводи бор эди. Ўзбекистон ССР саноатида 87 минг ишчи ишларди. Миллий-ҳудудий чегаралаш Ўзбекистон халқлари учун ҳар томонлама бошқача аҳамиятга эга бўлди. У халқнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига, маданиятига, анъаналарига катта таъсир кўрсатди. Минтақа картаси қайтадан тузилди. Ўзбекистон ССРнинг тузилиши эса Ўзбекистон халқи давлат тузилиши тарихида диққатга сазовор воқеаларнинг бири бўлиб қолди. Лекин бу ўзбек давлатчилиги тарихига асос солинди, деган маънони англатмайди, албатта. Халқимизнинг давлатчилиги кўп асрлик тарихга эга. Ўзбекистон ССР эса амалда ҳеч қандай мустақил сиёсий ҳуқуқларга эга эмас эди, чунки у мустабид совет тузумининг янги шаклидаги бир қисми эди, холос.
ХУЛОСА
Хулоса қилиб айтганда, ҳақиқатдан ҳам Ўрта Осиё давлатларидан ҳар бирининг кўп миллатли эканлиги, ўзбеклар, туркманлар, тожиклар, қорақалпоқлар, қирғизлар, қозоқлар ва бошқа ерли халқларнинг учала давлат ҳудудларида тарқалиб яшаши тарихан анъанавий бўлган. Мана шу давлат тузилмалари доирасида ҳар бир халқ ёки алоҳида уруғлар хўжалик ҳаёти тизимидаги ўз ўрнини эгаллаб, ўзининг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти билан давлат ва минтақа ижтимоий ҳаётининг яхлит занжиридаги узилмас ҳалқани ташкил этган. Туркистон минтақасининг халқлари шу заминни қадимдан ўзларининг асл ватани деб билганлар. Шундай қилиб, Ўрта Осиёни чегаралаб бўлиш ва миллий республикалар тузиш ғояси 1924-йилда амалга оширила бошланди
ФОЙДАЛАНГАН АДАБИЁТЛАР:
И. А. Каримов. “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”. Т., 1998 й. Каримов И.А. юксак манавият-енгилмас куч.Т.2008. Ўзбекистон Республикаси Энсиклопедияси.Т.1997. 4. Саидқулов Т. “Ўрта Осиё халқлари тарихшунослигидан лавҳалар”. Т., 1993й. 5. Азамат Зиё. “Ўзбек давлатчилиги тарихи”. Т., 2000 й. 6. Мухиддинов Н. Кремилда ўтга йилларим.Т.1994. 7. Ўзбекистоннинг янги тарихи. II-китоб.Т.2000
Адамова Дилноза |