Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
БХСР ва Туркия ўртасидаги ўзаро алоқалар
Муаллиф:    26.02.2011 20:37    PDF Босма E-mail

Биринчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг Шарқ дунёсида миллий озодлик ва мустақиллик учун курашлар авж олди. Маълумки, Туркия (Усмонийлар салтанати) Германия томонидан уруш ҳаракатларига кириб, Учлар иттифоқи енгилганидан сўнг ўз миллий бирлигини йўқотиш хавфи остида қолди. Ҳатто мамлакат пойтахти Истамбулни Англия эгаллаб олди. 1918 йил охиридан Туркиядаги озодлик курашига туркий халқларнинг буюк фарзанди Мустафо Камол Пошо бошчилик қилиб, 1920-1923 йилларда у тузган «Анқара муваққат ҳукумати» мустамлакачиларни (асосан Англия ва Италия ҳарбий кучлари) она-Ватан тупроғидан ҳайдаб чиқарди.

Туркияда сиёсий воқеалар кескин кечаётган бир даврда БХСР (1920-1924) ўзининг фаол ички ва ташқи сиёсатини юритаётган эди. Бухоро Республикасининг истиқболли режасида хорижий мамлакатлар билан дўстона дипломатик, иқтисодий, маданий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Аввало, асрий-анъанавий алоқаларда бўлган  Туркия билан ҳамкорлик муносабатларига киришилди. Умуман ХХ аср бошларида Туркия «ёш турклари» билан Бухоро жадидлари ўртасида дўстона, маърифий-маданий алоқалар ўрнатилганди. Бухоролик жадидлар Туркияда нашр қилинган «Сиратул мустақим» («Тўғри йўл») журналини ўқиб борган. Ундаги мақолаларда кўтарилган масалалар омма орасида кенг тарғиб қилинган. Буюк адиб Садриддин Айний (1878-1954 йиллар) ушбу журнални ўқиб «парламент» атамасининг моҳиятини англагани ҳақида фикр билдирганди. Узоқ вақт Европа мамлакатлари ва Туркияда яшаган асли бухоролик кейинчалик сибирлик ўзбек бўлиб қолган Абдурашид Абдураҳим жадидчилик ҳаракатида биринчи марта миллий, маданий, сиёсий мустақиллик масаласини кун тартибига қўйганди.
Бухоро жадидларидан Абдурауф Фитрат, Абдулвоҳид Мунзим, Ҳамидхўжа Меҳри, У. Пўлатхўжаевлар 1908-1910 йилларда Туркияга таҳсил олиш учун боришган эди.
1910 йилда Туркияда А. Фитратнинг (1886-1938 йиллар) «Сайҳа» шеърий тўплами, «Мунозара» ва «Ҳинд сайёҳи» каби фалсафий асарлари ёзилганди. «Мухтасари тарихи ислом» («Исломнинг қисқача тарихи») китоби ҳам ушбу мамлакатда дунё юзини кўрганди. А.Фитрат асарларининг асосий ғояси-Туркистон ҳозир турғунликда, Оврўпага эргашиб иқтисодий ислоҳотлар ўтказиши керак, ундан намуна олиши керак.
«Туркистонликлар биринчи жаҳон уруши йиллари арафасида ва уруш даврида Туркияга қардошлик ёрдамини кўрсатиш мақсадида маблағ ҳам тўплаганлар.. 1913 йил 13 апрелда 28000 сўм миқдорида Туркия учун «Хайрия» тўпланади»-деб ёзилади манбалардан бирида.
Янги тарихий вазиятда, ҳақиқатдан ҳам БХСР ташкил топган 1920 йилда Туркия сиёсий ҳаётида  истиқлол учун  кураш авж олганди. Туркий халқларнинг асл ватани бўлган Туркистонда Туркиядаги тарихий жараёнларни эътибор билан кузатиб бориш, туркларни имкон қадар маънавий-моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўлини танланиши табиий ҳол эди. Юқорида қайд қилинганидек, биринчи жаҳон урушидан мағлуб бўлиб чиққан Туркия 1920 йил 10 августда Париж яқинидаги Севр шаҳарчасида Антанта давлатлари билан имзоланган шартномага кўра, амалда ярим мустамлакага  айлантирилди. Франция ва Англия ўртасида тақсимланган Усмонийлар салтанати фақатгина Кичик Осиё ярим ороли ҳамда Истамбул билан чекланишга мажбур бўлди. Истамбул инглиз истилочилари томонидан эгалланиб, прогрессив кучлар Анқарада Мустафо Камол раислигида «Янги Анқара муваққат ҳукумати»ни тузиб озодлик ва мустақиллик учун кураш майдонига кирадилар. Антанта давлатлари, айниқса, Англиянинг қўллаб-қувватлаши билан юнонлар «Буюк Греция» давлатини тузиш байроғи остида турклар шаҳри Измирни истило қиладилар.
Ҳаёт – мамот жангига кирган «Анқара хукумати» ва унинг йулбошчиси Мустафо Камол ҳақида «Бухоро ахбори»: «1921 йил 16 июлда турклар Мустафо Камол пошо бошчилигида бутун фронт буйича юнонларга қарши қатъий ва умумий ҳаракатлар бошлағонлар. Шул вақтда турклар душмоннинг 3-4 баробар кўп бўлғон кучларига қарши қатъият билан курашиб, улар ҳужумини тўхтатурлар. Яшасин ўзларининг қаҳрамонлик ва ғайратлари орқасинда Европа таҳликасига (Юнонистон ва Англияга) қарши туриб ғарб майдонида умумий ғалаба қозониб, ўз ватанларини мудофаа қилғон турк аскарлари!»  деб ёзганди.
Туркия ва юнон урушлари икки йил (1920-1922) давом этиб, 1922 йил 9 сентябрь Муддания жангида турклар ҳал қилувчи ғалабага эришди ва Измирдан юнонларни ҳайдаб чиқарди. «Анқара ҳукумати» қўшинлари Мустафо Камол пошо раҳбарлигида турк шаҳарлари ҳисобланган Бурса, Ардахон, Иғдир, Эскишаҳарларни ҳам эгалладилар.
Туркларнинг адолатли урушдаги муваффақияти ҳақида: «Ниҳоят турклар ўз озодликлари йўлида ҳаракат қилиб, зарба бердилар. Ўзларининг озодлиги учун бутун ислом дунёси Англия ва унинг мамлакатлари билан муқаддас урушга киришдилар. Турклар озодлик байроғини баланд кўтариб, ўз истиқлолларини қўлга киритмишлар»  - деб ёзилади маълумотлардан бирида.
«Анқара ҳукумати»нинг озодлик учун кураши Бухорода муҳим диққат марказда бўлган. Туркия ҳукумати 1921 йил 16 мартида РСФСР билан дипломатик ва ҳамкорлик шартномасини имзолайди. Совет ҳукуматининг мутассадилари В. И. Ленин, Чичерин, Караханлардан Мустафо Камол пошонинг Москвадаги вакили Бекир Самибей молиявий ёрдам сўрайди. Совет даври тарихий адабиётларида 1920 йил сентябрдан 1922 йил май ойига қадар Совет ҳукумати учун оғир ва машаққатли йиллар бўлиб, Мустафо Камол ҳукуматига БХСР ҳукуматида аввал молия нозири, кейин эса Марказий Ижроия Қўмита Раиси лавозимида ишлаган Усмонхўжа Пўлатхўжаев (1878-1986 йиллар) шахсий жамғармасидан 100 млн. олтин маблағ билан моддий ёрдам кўрсатган. Ушбу маблағнинг асосий қисми Москвада сақлаб қолиниб, 10|1 улушигина Онатўли (Туркияга) юборилган. Турк тарихчи олимлардан Меҳмет Сарой 1990 йилда Истамбулда чоп эттирган «Отатуркнинг совет сиёсати» номли китобида: «Советларнинг Туркияга ёрдами тўлиқ бўлмасада, аммо ўша пайтда миллий озодлик ҳаракати ғалабасида муҳим роль ўйнаган»-деб ёзади. Усмонхўжа Пўлатхўжаев муҳожирликка кетганидан сўнг 1922-1923 йилларда Мустафо Камол пошо билан мулоқотда бўлган. Туркиянинг бўлажак президенти унга ўз ҳукумати органларида ишлашни таклиф этган.
У. Пўлатхўжаев унга Туркистон тарихи, маданияти қўлёзма асарларини тадқиқ қилиш масалалари билан шуғулланишини айтган. Шундан кейин Туркия ҳукумати томонидан ватандошимизга Мустафо Камол бўйруғи билан умрининг охиригача катта миқдорда нафақа тайинланади. У. Пўлатхўжаев вафотидан кейин бу нафақа турмуш ўртоғига бериб турилган.
Бухоро халқи турк-юнон уруши майдонида турклар қўли баланд келганлиги муносабатила шодлик ва хурсандчилик билан 1922 йил 12 октябрда митинг ва намойишлар ўтказган. Уларда давлат раҳбарлари, ислом пешволари, оддий меҳнаткаш аҳоли, мактаб ўқувчилари ва мадраса талабалари иштирок қилишган. Турк шаҳидларининг руҳига хатми Қуръон қилиниб, мотамона куйлар чалинган. Бу тадбирларда БХСР Халк Нозирлар Шўроси муваққат раиси Ато Хўжа, БХСР Марказий Ижроия Қўмитаси раисининг биринчи муовини Аминов, маориф нозири Қори Йўлдош Пўлатов, ҳатто, Россиянинг Бухородаги вакили Фонштейн ҳам нутқ сўзлаган. Ўша куни кечга яқин митингда иштирок қилганлар. Бухоро халқидан Туркия ҳукумати номига табрик телеграммаси тайёрлаб юборишади. Телеграммадан: «Душмонни тор-мор қилиб буюк майдон муҳорабадаги Туркиянинг матлубини ҳал этиб, ушбу порлоқ тарихий ғалабангизни, уч миллион нуфузинда бўлғон ва икки йилдан буён сизни жаҳонгир сармоядорларни енгишингизни тилоғон Бухоро халқи номидан самимийликдан табрик этадур, олқишларла ушбу шодлигингизга шерик бўламиз. Сизнинг ғалабангиз муносабати билан бутун Бухоро аҳолиси ва инқилобий шўролар ҳукумати 12 октябрда ўзининг маъмурлари, зиёлилари, талабалари  билан буюк бир митинг тартибила ўтказди. Аҳолимизнинг руҳли шодлиги максади ила Бухоронинг «Масжиди Калони»да хатми Қуръон ўқилиб, шаҳидларнинг руҳига ҳадя этди.
БХШЖ туркларнинг порлоқ натижаларини, Истамбул ҳукумати қатъиятингизни бутун ҳаяжон ва интизор этмакдадур.
Яшасин туркларнинг ғалабаси!
Қаҳр ўлсун, мағлуб ўлсун, ғарбнинг сарватдор жаҳонгирлари!»  каби сатрларни ўқиймиз.
Икки ҳукумат ўртасидаги дипломатик алоқалар эса анча олдинроқ, 1920 йилнинг қишидаёқ бошланган эди. Бу йўналишда ташаббус «Анқара муваққат ҳукумати» томонидан бошланиб, 1920 йил БХСР ҳукумати ташкил топганидан 4 ой ўтар-ўтмас М. Камолнинг ҳукумати БХСРга биринчи бўлиб ўзининг элчиларини юборади. Бухорода биринчи бўлиб хорижий мамлакатлардан Туркия элчихонаси иш бошлайди. Мустафо Камол юборган Туркия элчилари гуруҳига Ғолиб пошо бошчилик қилган. Анқара ҳукуматининг Бухоро Республикасидаги элчихонаси биринчи котиби, таниқли турк ёзувчиси Рушен Ашраф бўлганди  
1922 йилнинг март ойида Бухоро Республикасидан Мустафо Камол пошо ҳукуматини расмий суратда таниш ва ўзаро муносабатлар ўрнатиш учун Маҳмуд Назар хамда Маҳмуд Ражаб афандилар бошчилигида бухоролик вакиллар Анқарага ташриф буюришади. Бухоро ҳайъатини расмий суратда «Муваккат Анкара ҳукумати» ташқи ишлар вазирининг муовини Зиёдбек ҳамда хорижий ишлар вакили Юсуф Камолбеклар кутиб оладилар. Турк тарихчиси Меҳмет Саройнинг маълумотича, Маҳмуд Назар хамда Маҳмуд Ражаблар бир пайтлар Истамбулда таҳсил олишган. Меҳмет Саройнинг ёзишича, улар элчилик вазифасини уддалаб, ортга қайтганларида рус айғоқчилари (большевиклар) томонидан хоинона ўлдирилганлар.
БХСРнинг фавқулотда сиёсий вакиллари шарафига зиёфат уюштирилиб,  унда Мустафо Камол пошо ҳам шахсан иштирок этган. «Бухоро ахбори» газетасида Туркия ҳукумати бошлиғи Мустафо Камол ҳамда Бухоро вакили Махмуд Назар афанди нутқлари тўла ҳолда келтирилган. Мустафо Камол нутқида: «Диндош ва қондош Бухоро халқининг орзусини юзага чиқариши учун бу қардош миллатга ўзимнинг фотиҳамни бераман» ,-деган фикри баён қилинган.
Бухоро ҳайъати вакиллари Мустафо Камол пошога ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида юртимиздан олиб борилган олтин дастали қилич,  Амир Темур замонида кўчирилган Қуръони Каримнинг нодир нусхаларидан бирини, ҳамда Туркия халк аскарлари учун Бухоро тасвири туширилган нишонлар такдим этади.
Ҳозир ушбу буюмлар Туркия Буюк миллат мажлиси (парламенти) биносидаги музейнинг асори-атиқалари қаторидан жой олган.
Туркияда озодлик йўлида  турк зобит ва аскарларигина эмас, хотин-қизлар, болалар ҳам каҳрамонона кураш олиб бораётганлиги, истиқлол олий неъмат эканлиги Бухоро халқи томонидан чуқур идрок қилинган. Муҳими шуки, ўз мустақиллиги йўлида кураш олиб бораётган Бухоро Республикаси ҳарбий ва моддий жиҳатдан Туркияга ёрдам беролмаса ҳам, унинг озодлигини бутун вужуди билан қўллаб-қувватлаётганлиги аниқ эди.
Туркияга олиб борилган совғалар орасида юқорида қайд қилинган, шахсан Мустафо Камол пошога аталган олтин дастали қилич билан бирга бир сира кўрк (бухороча сарупо) ва яна икки қиличнинг топширилиши юқоридаги фикримиз тўғрилигини тўла исботлайди. Мустафо Камолга ва унинг шонли ғозий (ғолиб) армиясига аталган қиличлар жасоратга чорлаб, порлоқ ғалабага қадар руҳан тетик бўлишга даъват қилиши ўз-ўзидан аён эди. Икки қиличдан бири қаҳрамон Исмат пошога ҳадя этилган. Юнонлар истило қилган Измирни озод қилишда алоҳида жасорат кўрсатган ва шаҳарга душман мудофаасини биринчи бўлиб ёриб кирган отлиқ қўшин зобити Шерифбейга Бухородан юборилган учинчи қилич насиб этади. Уни Мустафо Камолнинг ўзи Шерифбей белига тақиб қўйган . Мустафо Камол ушбу совғаларни Бухоро вакилларидан қабул қилиб олар экан, аждодлари юрти Туркистонга эътиқоди юксаклигини ўз нутқида ошкор этиб миннатдорчилик туйғуларини баён қилади. Эҳтимолки, ўша оғир дамларда беш миллионли бухороликларнинг маънавий қўллаб-қувватлаши Мустафо Камолни Туркия озодлиги курашидаги қатъиятига бир қадар мадад бергандир. Зероки, у аждодлар юрти Туркистонга, яъни илдизга умид кўзлари билан қараган. Чунки илдиз кўкартувчи, яшнатувчи ва юксакликка элтувчи, илҳом берувчи омилдир. Бежиз бу улуғ инсон «биз ҳам Туркистоннинг жужуқларимиз (болаларимиз)» демагандир.
«Бухоро ахбори» газетаси «Шарк дунёси» рукни остида Туркиянинг истиқлол йўлидаги ғалабаларидан илҳомланганлиги билан боғлиқ бўлган мақолалар эълон қилади. Мақолалардан бирида: «Европа жаҳонгирларининг ҳаракатига маҳкум этилганлиги учун Эрон, Афғонистон, Усмонли(Туркия), Арабистон, Туркистон, Бухоро, Хоразм ва ислом ўлкалари бир-бирлари билан ҳамсоя бўлғонлари ҳолда мустақил бир иттиҳод (иттифоқ) вужудга келтириб, ўзларининг истиқлолиятларини муҳофаза қилиб биладурлар. Агарда бу ҳукуматлар орасинда иттифоқ вужудга келса, ул вақтда фақат ислом оламининг эмас, балки бутун Шарқ миллатининг Ғарбий Европа занжири асоратидан халос бўлиши муқаррар» ,-каби сатрларни ўқиймиз.
Туркиянинг Англия сингари қудратли  давлатларга қарши Ватан мустақиллиги ва ҳимояси учун кураши газетада жасорат баробар баҳоланиб, унга маънавий ва моддий ёрдам беришга даъват қилувчи талайгина мақолалар бор. 1921-1922 йилларда Бухоро ҳукумати камолчилар инқилоби ғалабаси учун ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам берганлиги билан боғлиқ маълумотлар мавжуд.
Муҳожир ўзбеклар билан шахсий мулоқотлардан Истамбул инглизлар қўлига ўтган бир даврда (1920 йил) юртдошларимиз Анқарага, яъни  Мустафо Камол ҳукумати ва ҳарбий қисмлари учун бу шаҳар орқали яширин равишда моддий ва ҳарбий мадад сифатида озиқ-овқат ва қурол-яроғ юбориб, Туркия истиқлолига муносиб ҳисса қўшганликлари ҳам бизга маълум.
«Бухоро ахбори»да «Инқилобий Туркияга ёрдам керак» мақоласи босилиб: «Биз Туркияни озодлик йўлида кураш майдонига кириб, 200-300 кишилик аскарий фирқаларда қўмондонлик қилган турк хотинларини ҳам муҳорабада кўрдик... Туркия халқининг биздан бошқа дўстлари ва хайриҳоҳлари йўқдур, Туркияга ёрдам кўрсатмак ва шунинг билан турк халқига руҳ бермак бизнинг қарзимиздур» , деб ёзилади.
Газетада Туркия миллий мустақиллигини тўла таъминлаш йўлида ҳар қандай қурбонлар беришга тайёр эканлиги, халқаро анжуманларда ўз иззат-нафсини ҳимоя қилаётганлиги билан боғлиқ фикр-мулоҳазаларга бой мақолалар эълон қилинган. Туркиянинг сиёсий, иктисодий, маданий ҳаёти билан боғлиқ хабарларга салмоқли ўрин ажратилган. Жумладан, «Шарқ дунёсида Туркия: Миллат Мажлисига кимлар сайланди?», «Туркия-Польша шартномаси», «Туркияда Албания ҳайъати», «Туркияда янги Америка ширкати», «Туркияда Миллий Мажлис очилди», «Туркия ҳукуматининг Шимолий Америка Жумҳуриятига мурожаати», «Туркия-Арманистон муносабатлари», «Истамбул бўшатилди», «Туркияга мутахассисларни жалб қилиш», «Туркия урушга қарор берган» , каби ўнлаб хабар ва мақолалар мавжуд.
«Бухоро ахбори»да Туркия Республикасиннинг биринчи президенти, камолчилар инқилобининг ташкилотчиси ва раҳбари, йирик давлат арбоби, ХХ аср буюк шахслари қаторидан муносиб ўрин олган Мустафо Камол пошо (1881-1938, 1923-1938) шахсияти ҳамда фаолиятига боғлиқ бир қатор мақолалар чоп этилган. Ҳатто «Озод Бухоро» газетасининг 11(224)-сонида Мустафо Камолнинг киёфаси акс эттирилган. Газета билан танишар эканмиз, «Инқилобий турк аскарларининг бошлиғи қаҳрамон - Камол пошо», «Мустафо Камол-Миллат Мажлиси раиси», «Мустафо Камол пошо- Жумҳурраис», «Мустафо Камол пошо ва совет раҳбарлари» , каби йирик мақолаларда бу шахснинг ҳаёт йўли, сиёсий фаолияти, ҳарбий қўмондонлик маҳорати, Туркистонга муносабати атрофлича баён қилинади. Бу эса Туркиядаги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг Бухоро Республикаси матбуоти орқали батафсил ёритилиши билан боғлиқ.
«Ҳозирда,-дейилади газетада,- Камол пошо турк халқи тарафидан эътироф этилган бошлиқ ва Туркия халқининг қимматли раҳбаридур... Шуни ҳам айтмоқ керакдурким, асрлар бўйича бир-бирига катта душмон булиб яшағон Русия ва Туркия муносабатлари ҳозирда Камол пошо сиёсати соясинда ижобийдур».
Бу ўринда Россия ва Туркиянинг XVII-XIX асрларда ўзаро душманлик кайфиятидаги муносабатларидаги асрий қарама-қаршиликлар, ҳудудий можароларни бартараф қила олган, ўз мамлакати манфаати йўлида рақиб билан ҳам тил топиша оладиган дипломат, давлат арбоби сифатида Мустафо Камолга юқори баҳо берилганлигини идрок қилиш қийин эмас.
Газета мақолаларидан бирида: «Мустафо Камол пошо насл жиҳатидан бир майда ҳунарманднинг боласи бўлиб, ёши 52 теграсиндадур (атрофидадир)» ,деб ёзилган маълумотни ўқиймиз. Аслида бу ҳақиқатдан йироқроқ бўлиб, Мустафо Камол 1881 йил 10 ноябрда Юнонистоннинг Салоника шаҳрида таваллуд топган. Отаси Али Ризо Афанди ўрмон маҳсулотлари савдоси билан шуғулланган, кейинчалик божхона чиновниги лавозимида ишлаган. Онаси Зубайдахоним Файзуллоҳ Оқа кизи ҳам бадавлат оиланинг фарзанди бўлган. Мустафо Камолнинг асл исми Мустафо бўлиб, Камол деган номни ўта қобилиятли бўлганлиги учун унга 14 ёшида мактабдаги математика ўқитувчиси берган.  Демак, Мустафо Камол биринчидан, ҳунарманд оиласида дунёга келган эмас, иккинчидан эса, газетада таъкидланганидек, 1922 йилда 52 ёшда эмас, балки 41 ёшда бўлган. Холбуки, Мустафо Камол Отатурк вафот этганида, яъни 1938 йилда 57 ёшида бўлган. 
Мустафо Камол Отатурк жасур ва бошлаган ишини охирига етказадиган шахс эди. У Туркия истиқлолини ярим йўлда қолишини истамаган, ҳарбийларга хос қатъиятли киши бўлганлиги ҳам манбаларда қайта-қайта таъкидланади. «Биз ортиқ қурбонлар бера олмаймиз, имтиёзли музокараларнинг давом этиши бизнинг миллий шаънимизга нуқсон келтирадур. Туркия асоратга қараганда урушни ортиқ кўрадур ҳамда шуни давом эттирмоқ учун Туркия сўнгги қонига қадар урушга қарор қилди», деб ёзилади «Мустафо Камолнинг баёноти»да.  Бу ўринда токим Лозанна конференцияси (Швейцария, 1923 йил 24 июл)га қадар Туркия мустақиллигини тўла тан олмаслик учун ҳаракат қилаётган Англия, Франция вакилларига ватанпарвар раҳбарнинг муносиб жавобининг гувоҳи бўламиз. 
Тарих гувоҳлигича, фақатгина Лозанна конференциясида Антанта давлатлари Туркиянинг мустақиллигини тан олиб, нотенг шартномаларни бекор қилишга мажбур бўлишган эди.
Туркиянинг муносиб йўлбошчиси ва давлат раҳбари Мустафо Камол Отатурк шахсияти «Бухоро ахбори»да фаолият олиб борган ижодкор мухбирларнинг ҳам диққатини тортган. Газетанинг 1922 йил 19 октябридаги 103-сонида Мустафо Камол пошони олқишлаб «Минглар яша!» ғазали босилган. Мазкур ғазалнинг муаллифи Х.Олмош бўлиб, унинг ғазалидан:
«Эй, фидоий Камол пошо
Раҳбарисан мазлумларнинг
Нажоткори шарқлиларнинг
Аскарингла минглар яша-минглар яша!»  каби сатрларни ўқиймиз.
«Бухоро ахбори» газетаси Туркия ва Бухоро ҳамкорлик, қардошлик алоқалари ХХ аср 20-йилларида ривожланганлиги, янги поғонага кўтарилганлиги ҳақида маълумот берувчи қимматли манбалардан биридир. У ҳақиқатдан ҳам «Шарқ дунёси ва Бухоро Республикаси» тарихий тадқиқот муаммосини келажакда ҳал қилиш манбаларидан бири бўла олади. Камол пошо шахсияти масаласига келсак, айни унинг ҳаётлигида туркий халқлар орасидаги ҳурмат-эҳтироми қандай бўлса, ҳозирда ҳам ундан баланддир.
Мустафо Камол бошчилигида турк халқи ғалабага эришди. Шарк дунёсида биринчи бўлиб Туркияда республика тартиби ўрнатилди. Камолчилар таълимоти ўзини оқлади ва ҳақли суратда 1934 йилдан эътиборан турк халқи ўз йўлбошчисига Отатурк (Турклар отаси) унвонини берди.
ХХ аср буюк шахслари қаторидан Мустафо Камол номи мустаҳкам ўрин олди. Мустафо Камол Отатурк билан Бухоро Республикаси вакиллари учрашган тарихий санадан ҳам юз йилликнинг 4-чораги ўтиб бормоқда. Туркия халқи Отатурк номини абадийлаштириш учун унинг жасади қўйилган пойтахт Анқарада этнография музейини ташкил қилишган. Музейда Мустафо Камол Отатурк ҳаёт йўли ва фаолияти билан боғлик юзлаб асори-атиқалар, буюмлар, китоб ва нашрлар, ҳарбий кийим, қурол-яроғ кабилар қўйилган. Улар орасида бухороликлар томонидан Туркия раҳбарига ҳадя қилинган нишонлар ва буюмлар ҳам бор. Бу эса халқларимиз ўртасидаги синовдан ўтган мустаҳкам қавм-қариндошчилик, олтин сингари зангламас дўстона алоқаларнинг умрбоқийлигидан далолатдир.
Республикамиз истиқлолга эришган дастлабки кунларда Мустафо Камол васиятига содиқ бўлган камолчиликнинг 6-босқичида ривожланиш йўлидан кетаётган Туркия ва унинг марҳум президенти Турғут Озал юртимиз келажагига ишонч билан қаради ва бизни 1991 йил 16 декабрда расмий жиҳатдан биринчи бўлиб тан олган давлат ҳам Туркия Республикаси бўлди.
Туркия Республикаси шаклланмаган, «Анқара ҳукумати» мавжуд бўлган йилларда бу юрт мустақил бўлишига ишонч билан қараган Бухоро ҳукумати кўрсатган қатъият ва ишончни салкам бир асрча вақт ўтганидан сўнг Туркия ҳам Ўзбекистон келажаги олдида масъуллигини англаши табиий эди.
Ҳозирда халқаро муносабатлар зиддиятли, мураккабликларга тўла, хуллас, қандай бўлишидан қатъий назар Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни, мавқеи ва салоҳиятига эга бўлган мамлакатдир.
Турклар йўлбошчиси ва раҳнамоси шахси билан боғлиқ масалага баҳо берганда эса президентимиз И.Каримовнинг «Мустафо Камол Отатурк нафақат қардош турк халқининг, балки барча туркий халқларнинг буюк фарзанди ва ифтихоридир»,-деган фикрлари айни ҳақиқатдир.

 
Баннер