Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
1898 йилги Андижон қўзғолони
Муаллиф:    03.04.2024 13:01    PDF Босма E-mail

Андижондаги Мингтепа жомесининг машхур имоми Эшон Муҳаммад Собир ўғли халқнинг қўзғалишини ташкиллаштириш мақсадида икки йилдан кўпроқ таъсир кучини мустаҳкамлашга уринди.

Имом ёғочдан дук ясаш билан тирикчилик ўтказиши сабабли «дукчи эшон» деб ном чиқарган эди. Қўзғолон бошланишидан аввал ўртоқлари билан бирга ишончли ва фидойи 2000 дан ортиқ курашчиларни Русияга қарши қўя олишларига кўзлари етди. 1898 йил апрелидаги Қурбон ҳайити намозида халқни Русияга қарши оёққа туришга очиқ-ойдин чақирди. Андижон қўзғолони зафар қучган тақдирда бутун Туркистон халқи уни қўллаб-қувватлашига ишончи комил эди. Қўзғолон етакчиларидан 100 га яқин киши 13-14 май кечаси тўпланиб, Андижондаги рус гарнизонига хужум қилиш режасини муҳокама қилишди. Айни вақтда Марғилон ва Ўшда қўзғолон бошлаш учун ҳозирлик кўрилди. Қўзғолончиларнинг замонавий қуроллари йўқ бўлиб, таёқ, ов милтиқлари ва пичоқлар билан қуролланган эдилар. 17 майдан 18 майга ўтар кечаси 1500 аскари булган рус гарнизонига хужум қилдилар. Қонли жангда руслар ғолиб чиқишди.
Эшон Муҳаммад жанг сўнгига қадар ўн нафар дўсти билан ўз байроғи остида хужумни даф қилиб турдилар. Булар рус аскарлари шаҳид қилиши керак бўлган охирги қўзғолончилар эди. Дукчи эшон ва бошқа ҳамфикрлари ярадор бўлиб қўлга олинди. Руслардан 22 аскар ўлди ва 19 киши ярадор бўлди. Қўзғолон бостирилгач, 546 та шубҳали деб ҳисобланган киши қамалди. 1898 йил 11 июнда қўзғолон қатнашчилари устидан суд бошланиб, 12 июнда ҳукм чиқарилди: 6 нафар қўзғолон раҳбарлари билан бирга 380 киши ўлим жазосига тортилди(Федоров, Ўрта Осиёда миллий-инқилобий ҳаракат тарихи. - Тошкент: 1925, 28-6. Исён сўнгида номи қайд қилинган йўлбошчиларни 12 июнь 1898 йили Андижон шаҳридаги майдонда дорга осдилар: Эшон Муҳаммад Али Собирўғли (Дукчи Эшон), Рустамбек Сотиболдибек, Субҳонқули Арабўғли, Мирза Ҳамдам Усмонўғли, Ғойибназар Ортиқхўжа ва Боботой Ғайнабойўғли.). 208 киши Сибирга сургунга жўнатилди. II Николай буйруғига биноан Мингтепа қишлоғининг кули кўкка совурилди. Қишлоқнинг номи ҳам «Русское село» деб ўзгартирилди. Қўзғолончилар келган йўлнинг ҳар икки томони - бир километр энига ўнг томони ҳам, чап томони ҳам вайрон қилинди. Қўзғолондан бироз вақт ўтгач, Туркистон бош волиси Духовский Андижонга келди. Андижон бўйлаб сайрида бутун халқ тиз чўкишга мажбур қилинди(Исторический вестник. - Петербург: 1907,110 ва 977-6.). Қўзғолон бостирилди, аммо рус салтанати яна бир қўзғолон кўтарилишининг олдини олиш учун бутун Туркистонни даҳшатга солди. Қўзғолонни бостиришдаги ваҳшийликлар ҳақидаги хабарлар, ҳақиқатан ҳам, жуда тез тарқалди. Шунинг учун Еттисув вилояти волиси фон Таубе мусулмонларнинг янги бир қўзғолони бўлиб қолишидан хавфсираб, 1898 йил 9 июлда Русия ҳарбий нозирига берган телеграммасида: 7000 рус фуқаросига қурол ва киши бошига 40 патрон тарқатганлигини билдиради. Андижон қўзғолони Туркистондаги русларга қарши озодлик ҳаракатида муҳим аҳамиятга эга эди. Чунки бу қўзғолон Туркистонда ҳамон озодлик орзуси яшаётганидан дарак берарди(Sarkisyanz, Geschichte der Orientaliskhen. Volken, 1961, 212-6.). Бу қўзғолон ҳакида Совет Русияси тарихчилари ҳам кўп ёзди. 1950 йилгача бу қўзғолон миллий озодлик ҳара-катининг бир босқичи сифатида баҳоланар эди, аммо кейин бу «ғайримиллий ва реакцион ҳаракат деб баҳоланди(Кўзғолон ҳақида қуйидаги асарлардан ҳам маълумот олишимиз мумкин: В.П. Салихов, Андижанское восстание. - Казань: 1901; Федоров. Ўрта Осиёда (бу асарда Дукчи Эшон сурати ҳам бор); УТ. 1931, No 20. В.И. Непомнин, Андижон қўзғолони «Коммунист» - Тошкент: 1939, No 8. История народов Узбекистана, 11, 362 - 370 б. 1952, №82, 24-26 б. 89-90; Сайдаметов Д. ва Шляпников Н., Озодлик курашининг ёрқин саҳифаси, «Шарқ юлдузи». - Тошкент: 1968, No 7, 169 - 177 б. Б. Ҳайит, Андижон қўзғолони. МТ, 1968, No 125, 10 - 13 б. 1963, Noll, 10 - 13 б, 104-6.; XI V, 1966, No2,139 - 150 б.; Фозилбек Отабеков, Андижон эшонининг 1898 йилдаги исёни. - Тошкент-Самарқанд: 1927, 88 саҳифадан иборат.). 1898 йилдаги Андижон қўзғолони миллий озодлик курашининг XIX юзйилликдаги сўнгги кўриниши эди.
Туркистондаги миллий ҳаракат XIX асрнинг охирларида маънавий ҳаётда ҳам намоён бўла бошлади. Бу ҳаракат Туркистон билан Русия орасидаги кейинги ку-рашлар учун тамал тоши моҳиятига эга эди.

Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан

 
Баннер