Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Миллий тараққийпарварларнинг чор охранкаси томонидан таъқиб этилиши
Муаллиф:    14.09.2023 13:03    PDF Босма E-mail

XIX аср охири — XX аср бошларида, айниқса, 1905 йил рус инқилобидан кейин Туркистонда чор мустамлакачилик сиёсатининг кучая бориши билан маҳаллий халқ ўртасида мустамлакачилик зулмига қарши норозилик кайфияти кучая бошлади. Маҳаллий халқнинг пешқадам зиёлилари жаҳолат ва қолоқликка қарши, эрк ва ҳуррият учун курашиш мақсадида маърифатпарварлик ва тараққийпарварлик ғояларини олға сурдилар. Уларнинг саъй-ҳаракати билан миллий матбуот, замонавий адабиёт ва театр санъати пайдо бўлди. Бу ҳол чоризмнинг Туркистондаги маъмуриятини ташвишга солмай қолмади. Генерал-губернаторлик кейинчалик миллий уйғониш деб аталган бу ҳаракатнинг олдини олиш учун унга қарши кураш чораларини ишлаб чиқди. Бу соҳада рус империясининг идеологларидан бири Н.И.Ильминский (1822—1891)нинг Туркистондаги шогирди, «Туркистон вилоятининг газети» (1870—1917) муҳаррири, миссионер Н.П.Остроумов (1846—1930) ва бошқалар, айниқса, фаол иш олиб бордилар.

Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақланиб келаётган Туркистон муҳофаза бўлими фаолиятига оид кўп жилдлик архив ҳужжатлари билан танишиш шуни кўрсатадики, чор охранкаси Туркистондаги жадидчилик ва миллий уйғониш ҳаракатининг Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Убайдулла Хўжаев каби етакчи вакилларининг қардош озарбайжон, татар, турк маориф ва маданияти арбоблари билан бўлган ҳар қандай алоқа ва ҳамкорликларини доимий равишда кузатиб, улар олиб бораётган ҳар бир ишга раҳна солганлар, улар ўртасига низо уруғларини таишаб, уларнинг янги замонавий маърифат ва тараққиёт йўлидан боришларига тўсқинлик қилиб келганлар. Айни пайтда улар ўз мақсадларига эришиш, тараққийпарвар кишиларни «жиловлаш» учун жаҳолатпараст амалдорлар ва руҳонийлардан фойдаланганлар. Шунинг оқибати бўлса керакки, Хивада тараққийпарвар Исломхўжа ўлдирилган. Аваз жинни, Мирмуҳсин Шермуҳамедов кофир деб эълон қилинган. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Исмоил Обидов (Тараққий), Убайдулла Хўжаевлар чиқара бошлаган вақтли нашрлар ҳам бир неча бор таьқибга учраган ва пировардида ёпиб қўйилган.
Мазкур архив ҳужжатларини ўрганиш бугунги кунда фақат чор махфий идораларининг Туркистондаги мустамлакачилик сиёсатини фош қилиш нуқтаи назаридангина эмас, балки ўша даврда вужудга келган миллий уйғониш ҳаракати ва бу ҳаракат қатнашчиларининг фаолиятини ўрганиш жиҳатидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Марказий Давлат архивининг катта илмий ходими В.Г. Черников томонидан мазкур ҳужжатлар мажмуасига илова тарзида берилган «Туркистон муҳофаза бўлими фаолияти ҳақида тарихий маълумотнома» (1969 йил 19 май)да мазкур бўлимнинг ташкил бўлиш сабаблари, вақти, раҳбарлари ва махфий айғоқчилари, уларнинг фаолияти ва кейинги тақдири ҳақида батафсил маълумотлар берилган.
«1907 йил бошларида Москва ва бошқа шаҳарларда декабристларнинг қуролли қўзғолонлари бостирилгач, — деб ёзилган маълумотномада, — чоризм бутун мамлакат бўйлаб қатағонни кучайтириб юборди.
Ҳукуматга қарши фаолият олиб борувчи шахсларга қарши курашиш учун Туркистон генерал-губернаторлиги қошида махсус қидирув бўлими ташкил этилди.
Россия ички ишлар министри П.А. Столипиннинг буйруғига кўра, махсус бўлим бошлиғига Туркистон ўлкаси сиёсий-қидирув бўлими бошлиғи бўлган жандармлар алоҳида корпусининг подполковниги Васильев тайинланади. 1907 йил 15 декабрда Туркистон район мудофаа бўлими ташкил қилинади. Бўлимга собиқ махсус бўлим бошлиғи подполковник Васильев бошлиқ бўлади. Сиёсий-қидирув ишлари бўйича бўладиган асосий ишларни филерлар (айғоқчилар) олиб борардилар…
Охранка махфий айғоқчиларга катта эътибор бериб, айниқса, уларнинг хабарларини қимматли ҳисобларди. Ҳар бир ташкилотда муҳофаза бўлими учун айғоқчилик хабарларини етказиб турувчи хуфялар бўларди. Бундан ташқари, маҳаллий аҳолининг кайфияти, уларнинг Туркия, Афғонистон билан алоқалари ҳақида доимо хабар бериб турувчи ерли халқдан бўлган махсус айғоқчилар ҳам бор эди…
Охранка, айниқса, чет эллик фуқароларга алоҳида эътибор қаратди. Туркистонга келган ҳар бир чет эллик очиқ ва махфий кузатув остида бўлди…
1917 йил 7 мартда Вақтли ҳукумат томонидан Туркистон район муҳофаза бўлими тугатилди. Туркистон район муҳофаза бўлими архивини назорат қилиб турувчи махсус комиссия тузилди. Охранка офицерлари, филерлари, махфий айғоқчилари қўлга олиниб, судга берилди» (ЎзР МДА, И-461-фонд, 1-рўйхат, 2468-иш, 1 — 8-бетлар).

«Тарихнинг номаълум саҳифалари»дан

Янгиланди ( 14.09.2023 13:08 )
 
Баннер