1938 йил 4 октабрь – Ўзбекистон тарихидаги энг аянчли йўқотишлардан бири ҳисобланади. Айнан шу куни халқнинг энг буюк шахслари, зиёли олимлари ҳамда давлат арбобларидан бир гуруҳи Сталин қатағон машинасининг қурбонига айланган.
Ўзбекистонда мудҳиш “катта террор” операцияси 1937 йил 10 августдан бошланган. 1937 йил 2 июлда ВКП(б) Марказий Комитети Сиёсий бюросининг “Советларга қарши унсурлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Бу ҳужжат “катта террор” давридаги кенг қамровли қатағон операцияларини ўтказиш учун йўл очиб берди. Ушбу қарор асосида НКВДнинг 00447 сонли “Кулоқлар тўғрисида”ги буйруғи тайёрланган. 1937 йилнинг августида НКВДнинг миллий операциялар ўтказиш бўйича яна бир қанча буйруқлари қабул қилинди. Ана шу қарорларда 1937-1938 йиллардаги қатағон қилинадиганлар сони деярли 350 минг кишига кўпайтирилиши кўзда тутилган. 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача Ўзбекистон бўйича фақат собиқ “қулоқлар”дан 5 минг 925 киши, жиноятчилардан 1 минг 679 киши, “советларга қарши унсурлар”дан 3 минг 97 киши, жами 10 минг 700 киши қамоққа олинган. Улардан 3 минг 613 киши (1-тоифа) отувга, 7 минг 87 киши (2-тоифа) 8-10 йил муддат билан қамоқ жазосига, ГУЛАГ, меҳнат, тузатув лагерларига сургун қилинган.
1938 йил 4-14 октябрь кунлари Тошкентда СССР Олий суди Ҳарбий Коллегиясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистоннинг таниқли давлат, ҳукумат, вазирликлар ходимлари, партия ва совет органлари раҳбарлари, олимлар, ёзувчилар, шоирлар, журналистлар ва бошқа соҳадаги раҳбар ходимлардан 500 га яқини ўлим ҳамда 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Қатағон қилинганларнинг шахсий ишлари Ўзбекистон Ишчи ишлар халқ комиссарлиги ва Давлат хавфсизлик бўлимида қолдирилган. Ана шу 500 ўзбекистонлик ҳақидаги ҳукм баённомалари ҳозирда Россия Федерал хавфсизлик хизмати архивида сақланмоқда.
СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси қарори билан ушбу кун отувга ҳукм қилинганлар орасида Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ғози Олим Юнусов, Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошимов, Мажид Қодиров, Худойберган Девонов, Раҳим Иноғомов, Усмон Эшонхўжаев, Рустам Исломов, Файзулла Раҳимбоев, Акбар Исломов, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев каби шахслар бўлган.
Сталин вафотидан кейин, 1956 йили КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси ҳузурида 1937–1938 йиллардаги “катта террор”да қатағон қилинганларни қайта текшириш бўйича комиссия тузилган. Комиссия аъзолигига Ўзбекистондан 2 киши – Н.А.Муҳитдинов ҳамда академик, юрист Хадича Сулаймонова киритилган. Улар Ўзбекистон бўйича қатағон қилинганларнинг оқланишида улкан хизматлар кўрсатган. Бу икки юртдошимизнинг қилган саъй-ҳаракатлари ҳали тарихчиларимиз олдида турган улкан вазифалардан биридир.
Манба
|