| Қўнғирот | ||||
|
|
ҚЎНҒИРОТ — ўзбек халқи таркибига кирган қабилалардан бири. Илк ўрта асрларда Олтой, Мўғулистоннинг шим. қисмида яшаганлар. Ўрта Осиёда турли кўчманчи туркий қабила ва уруғлар Қўнғиротлар атрофида уюшиб, уларнинг қабилавий номини қабул қилишган. 14-а. да Хоразмда қ. зодагонлари орасидан суфийлар сулоласи ҳокимият тепасига келган. 16-а. да Қўнғиротлар Ўзбек улусидаги туркий қабилалар таркибига кирган. Улус парчаланиши билан Қўнғиротлар ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ ва б. халқлар таркибига кирган. 14—16-а. лар давомида Қўнғирот ларнинг айрим гуруҳлари Хуросон. Шим. Афғонистон ва ҲисорШеробод водийсига келиб ўрнашганлар. Хоразм ҳудудига ўтган Қўнғиротлар кейинчалик Хоразмнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишган. 18-а. нинг 2-ярми — 19-а. бошларида Хива хонлигини ўзбекларнинг қ. сулоласи бошқарган. Бу сулола 1920 й. большевиклар томонидан тугатилган. 19-а. охири —20-а. бошларида Қўнғирот ларнинг аксарияти ярим ўтроқ ҳолда яшаб, хўжалигида чорвачилик муҳим роль ўйнаган. |








