Президент Садир Жапаров Ўзганни айланиб ўтувчи йўл қурилишини ўз назоратига олгани маълум бўлди. Жорий йилнинг 30 октябрида Ўзганда ўтказилган тадбирда президентнинг Ўш вилоятидаги вакили Эльчибек Джантаев иштирок этиб, Ўзган шаҳри тарихи, ютуқлари ва бўлажак йирик лойиҳалари ҳақида тўхталиб, шаҳар ахолисини байрам билан табриклади.
У шаҳарни ривожлантириш ва ободонлантириш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилаётганини, шаҳар меъморчилигини тубдар яхшилаш, унинг ўртасини кесиб ўтувчи Бишкек-Ўш йўлидаги тирбандликни камайтириш, умуман шаҳар йўл тармоғини кенгайтириш, атроф-муҳит тозалигини сақлаш, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг эҳтиёж ва истакларини бажариш бўйича ишлар бошланганини таъкидлади.
Унинг нутқидаги асосий янгилик – президент Садир Жапаровнинг Ўзгандаги асосий масалалардан бири – йўлдаги тирбандлик муаммосини шахсий назоратига олгани ҳақидаги хушхабар бўлди.
“…Масала яқин келажакда президент Жапаров Садир Нурғўжўевичнинг шахсий назорати остида ҳал қилинади. Ўзган шаҳрини четлаб ўтувчи қўшимча йўл қурилишини бошлашга қарор қилинди. Бу хушхабарни сиз билан баҳам кўрмасдан иложим йўқ», – деди Эльчибек Джантаев.
Мамлакатнинг шимоли ва жанубини боғловчи, узунлиги минг чақирим атрофида бўлган Бишкек-Ўш-Боткен автомобил йўли Ўзган шаҳрининг қоқ ўртасидан ўтгани боис, бу ерда доимо тирбандлик мавжуд. Шаҳар бозорининг айнан шу магистрал бўйида жойлашгани муаммони янада кучайтиради. Бу масала кўп йиллардан бери кўтарилиб, ҳамон ҳа бўлмай келади.
Тантанали тадбирда Ўзган шаҳар мэри Дамир Мўнғўлдўров ҳам нутқ сўзлаб, шаҳарда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Байрам давомида Ўзган тарихи ва ҳозирги иқтисодий аҳволи ҳақида ҳикоя қилувчи консерт дастури намойиш этилди. Шу билан бирга тарихий воқеалардан саҳналар, «Манас» достонидан парча ижро этилди. Ёқимли қўшиқлар ва рақслар билан байрам давом этди. Шунингдек, махсус кўргазма ташкил этилиб, шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ўсишига катта ҳисса қўшган бир қатор фаолларга фахрий ёрлиқлар топширилди.
Тадбирда Қирғизистон Республикаси Жўғўрқу Кенгешининг «Мекенчил» депутатлар гуруҳи етакчиси Эльмурза Сатибалдиев, «Ишеним» фракциясининг раҳбари Улуғбек Ўрмўнов ҳамда маҳаллий муассасалар раҳбари ва шаҳар ахолиси иштирок этди.
Ўзган шаҳри бой тарихга эга. Бунга гувоҳ сифатида тарихий миноралар ва мақбаралар ҳанузгача сақланиб қолган. Ҳозирда шаҳарда 65 минга яқин киши истиқомат қилади. Улар ўндан ортиқ миллатлар вакиллари бўлиб, аҳоининг 90 фоиздан кўпроғини ўзбеклар ташкил қилади.
Ўзган – Қирғизистондаги қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, милоддан аввалги II-I асрлардаёқ одамлар истиқомат қиладиган жой сифатида вужудга келган. Ўзган шаҳри ҳақида араб ва форс тилларида ёзилган илк маълумотлар IX-X асрларга тўғри келади. Бу даврда Фарғона водийсида тўртинчи йирик шаҳар (Ахсикен, Қуба ва Ўшдан кейин) эди. X асрнинг 30-йилларида Ўзганда хунармандчилик ва савдо ривожланган.
XI асрнинг иккинчи ярмидан XIII асргача Қорахонийлар давлатининг маркази бўлган. Ўша пайтларда биринчи танга пуллар зарб этилган.
Мўғиллар босқинидан олдин Ўзгандан кўплаб олимлар чиққан. Соҳибқирон Амир Темур даврида ҳам бу шаҳар аввалгидек савдо ва сиёсий марказ сифатида сақланиб қолган. Кейин у йирик сиёсий марказ сифатида аҳамиятини йўқота бошлади. Ўрта асрларнинг оҳирига келиб, шаҳар ҳудуди сезиларли даражада кичрайиб, кичик шаҳарчага айланди. XIX аср бошларида Қўқон хонлиги тасарруфига ўтди.
Таниқли адабиётшунос, филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” китобида эътироф этилишича, Ўзган шаҳри номининг келиб чиқиши ҳақида таҳминлар жуда кўп. Уларнинг бирига кўра, шаҳар шунчалик катта бўлган эканки, бирон уйнинг томига чиққан одам ундан тушмасдан томма-том юриб, Қашқаргача етиб бора олган экан. Шу туфайли катталикда ҳамма шаҳарлардан ўзган, ўзиб кетган деган маънода ушбу номни олган экан.
Бу масала хусусида номи тилга олинган китобдан маълумотлар олишингиз мумкин.
Оқбура, Бишкек. Расм интернетдан олинди |