Владимир Путин 24 йил давомида Россия раҳбариятида бўлиб, бешта хорижий ҳарбий интервенцияларни бошлаган ёки буйруқ берган: Чеченистон, Грузия, Сурия ва Украина (икки марта). Унинг ҳаракатлари асосан Кремлнинг "подшоҳи" сифатидаги мақсадлари билан боғланган. 1999 йилда ҳокимиятга келганидан буён Путин ҳарбий кучларни турли вазиятларда қўллаб, ўн минглаб одамлар, асосан тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлган.
1999. Чеченистон: Путиннинг биринчи уруши
1999 йилнинг августида Шамил Басаев бошчилигидаги чеченлар Доғистоннинг Ботлих туманига босқин уюштирди. Бу воқеа Сергей Степашиннинг бош вазирликдан четлатилишига ва унинг ўрнига Владимир Путиннинг тайинланишига олиб келди. Шу заҳоти Россия Чеченистондаги кенг кўламли ҳарбий кампанияни бошлади. - Уруш 26 август 1999 йилда расман бошланиб, 1 октябрда Россия қўшинлари Чеченистонга кирди. - Уруш натижасида Чеченистон Республикаси Ихчкериянинг мустақиллиги тугатилди ва Грозний шаҳарининг Россия назорати остига ўтишини таъминланди. Уруш натижалари: - Қурбонлар сони тахминан 25-50 минг мусулмонлар, асосан тинч аҳоли. - Россия расмий маълумотларига кўра, 5200 рус аскарини йўқотган. Бошқа манбалар бу рақамни 11 минггача оширади.
2008. Россиянинг Грузияга ҳужуми
2008 йилнинг августида Грузия сепаратист Жанубий Осетияни назоратга қайтариш учун ҳарбий ҳужум бошлади. Россия бу вазиятни баҳона қилиб, ўз қўшинларини Жанубий Осетияга киритди. Натижа: Россия Жанубий Осетия ва Абхазияни босиб олади, Грузия эса ушбу ҳудудларни назоратидан йўқотади. Уруш давомидаги йўқотишлар: - Россия: 64 аскар. - Грузия: 171 аскар.
2014. Украинага биринчи ҳужум
2014 йилда Евромайдон намойишлари ортидан Россия Қримни аннексия қилди ва Донецк ҳамда Луганскдаги сепаратист ҳаракатларни қўллаб-қувватлаб, мазкур ҳудудларни босиб олади. Бу воқеалар Украина учун оғир иқтисодий ва сиёсий оқибатларга сабаб бўлди. Владимир Путиннинг ҳарбий жиноятлари Россиянинг халқаро сиёсий майдондаги таъсирини кучайтиришга қаратилган бўлса-да, урушлар натижасида кўплаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган. Унинг режалари жаҳон ҳамжамияти томонидан қаттиқ танқид қилинган.
Киевдаги намойишлар (2013–2014)
2013–2014 йилларда Украинадаги Евромайдон намойишлари ортидан мамлакатнинг рус аҳолиси кўпчиликни ташкил этган айрим ҳудудларида Путин тартибсизликларни келтириб чиқаради. Бу ҳолат сепаратистик чақириқларга ва ниҳоят, Россиянинг Қримни аннексия қилишига (босиб олишга) сабаб бўлди. Украина учун Қримнинг оккупацияси 2014 йил 20–22 февраль кунлари, Россиянинг очиқ ҳарбий ҳаракатларни бошлаши билан бошланган. 2014 йил 23 февраль куни Россиянинг Жанубий ҳарбий округи тўлиқ жанговор ҳолатга келтирилди ва Қримда катта масштабли ҳарбий операция бошланди. 2015 йилда Владимир Путин «Қрим. Уйга қайтиш йўли» фильмида 2014 йил 23 февраль куни Қримда ҳарбий операцияни бошлаш буйруғи берилганини тасдиқлади.
Қримнинг аннексия қилиниши (босиб олиниши)
- 2014 йил 24 февраль кунидан бошлаб Россия ҳарбийлари, ҳарбий техникалар ёрдамида, Севастополдан чиқиш йўлларини тўсди. - 27 февраль куни Россия ҳарбий формасидаги, аммо белгиси йўқ 110 нафар аскар Қрим Олий Кенгаши ва Вазирлар кенгаши биноларини эгаллади. - 28 февраль куни Симферополь ва Севастопол аэропортлари блокланди. - 2014 йил 1 март куни Россия Федерация Кенгаши Владимир Путинга Украина ҳудудида ҳарбий кучларни қўллашга рухсат берди. Путин бунга «гуманитар миссия» деб таъриф берган бўлса-да, ҳарбий операция давом этди. 2014 йил 16 март куни Россия томонидан Қримда референдум ўтказилди. Расмий маълумотларга кўра, овоз берувчиларнинг 95% Қримнинг Россияга қўшилишини қўллаб-қувватлаган. Халқаро ҳамжамият бу референдумни тан олмади. 2014 йил 25 апрель куни Россия Қрим билан Украина ўртасида давлат чегарасини бир томонлама белгилади.
Донбассдаги сепаратистик ҳаракатлар
Қрим аннексияси ортидан Донецк ва Луганск вилоятларида Россия қўллаб-қувватлаган сепаратистик ҳаракатлар бошланди. Донецк ва Луганск Халқ Республикалари тузилиб, Украина ҳукуматига қарши қуролли ҳаракатлар бошлаб юборилди. 2014 йилнинг апрелидан 2014 йилнинг августигача бу ҳаракатларга россияликлар раҳбарлик қилди ва Россиядан келган кўнгиллилар ҳамда ҳарбий қўллаб-қувватлов кучайтирилди. Россия ўз ҳаракатларида «гибрид усул»дан фойдаланди: дезинформация, қуролли гуруҳлар, ҳарбийлар ва логистик ёрдам орқали Донбассни беқарорлаштиришга уринди. Бу ҳаракатлар 2022 йил февралида Россиянинг Украинага расмий ҳужумигача давом этди.
2015. Россиянинг Суриядаги интервенцияси
Суриядаги фуқаролик уруши 2011 йилда бошланган бўлиб, 2015 йил 30 сентябрда Россия Сурия ҳукумати илтимоси билан урушга аралашди. Россия ҳарбийлари шиа бўлган Башар Асад ҳукуматини қўллаб-қувватлади. Интервенция 2017 йилда тугагани эълон қилинган бўлса-да, 2022 йилгача жанговар ҳаракатлар давом этди.
- 600 мингдан ортиқ мусулмон қурбон бўлган, шулардан 22 минг нафари болалардир. - Россиянинг ҳаво ҳужумлари натижасида 8 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Сурия уруши ҳалигача тугамаган
Сўнгги ҳисоботларга кўра, Россия 2015 йилда Сурияда интервенция бошлаганидан бери, у ердаги жангариларни ўз сафига қўшиб олиб, уларни шаҳар урушидаги тажрибаларидан фойдаланиш мақсадида Украинадаги Киевни назорат қилишга ёрдам бериш учун жалб қилган. Америка расмийлари Россияда жангга тайёрланаётган айрим жангарилар борлигини қайд этган, бироқ уларнинг аниқ сони номаълум.
Сурия инқилоби халқаро иштирок билан кенгайиб, 130 ой давомида тахминан 600 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди, улардан 22 минг нафари болалар. 2,1 миллион тинч аҳоли яраланиб, умрининг охиригача майиб бўлиб қолди, 80 мингга яқин одам Асад режими қамоқхоналаридаги қийноқлардан ҳалок бўлган.
Суриядаги инсон ҳуқуқлари бўйича кузатувчилар маълум қилишича: - Россия ракеталари ва ҳаво ҳужумлари натижасида 8671 тинч фуқаро ҳалок бўлган, шулардан: - 5233 киши эркаклар, - 2098 киши 18 ёшгача бўлган болалар, - 1321 киши 18 ёшдан катта аёллар.
2022. Украинага кенг кўламли ҳужум
2022 йил 24 февраль куни Владимир Путин Украинага қарши ҳужумни бошлади. У бу ҳаракатни «демилитаризация» ва «денацификация» мақсадлари билан оқлади. Ҳужумдан аввал, 22 февраль куни Россия Донецк ва Луганск Халқ Республикаларининг мустақиллигини тан олган. Уруш икки томонга ҳам катта йўқотишлар келтирди. Унинг оқибатлари ҳали ҳам аниқ эмас, бироқ уруш Украина ва Россия муносабатларини тамомила бузди.
Владимир Путиннинг бошқаруви
Владимир Путин 1999 йил 31 декабрь куни Борис Ельцин истеъфосидан сўнг, Россиянинг вақтинчалик президенти этиб тайинланган. У 2000 йилда президентликка сайланиб, 2004 йилда қайта сайланган. 2008 йилда Конституциядаги чеклов туфайли учинчи муддатга сайлана олмаган, шунинг учун у қўғирчоқ Дмитрий Медведевни қўллаб-қувватлади, яъни ўрнига вақтинчалик президент қилиб қўйди. Медведев эса Путинни бош вазир этиб тайинлади.
2012 йилда Путин яна президентликка сайланди. Конституцияга киритилган ўзгартишлар натижасида 2018 йилда яна бир муддатга сайланди. Унинг бошқаруви 6 йиллик муддатларга узайтирилган бўлиб, ҳозиргача давом этмоқда.
Абу Муслим
|