Саналар
04.12.2024
Баннер
Баннер
Муҳаммад ибн Хоразмшоҳ қисмати
Муаллиф:    03.10.2023 21:41    PDF Босма E-mail

Мўғуллар Хоразмшоҳ давлатининг кўп қисмларини, шаҳар ва қалъаларини босиб олишди. Жумладан, Ўтрор, Хўжанд, Бамиён, Бухоро ва Самарқанд ишғол этилди. Бу ҳодисалар Хоразм давлатининг бошлиғи Алоуддин Хоразмшоҳга қаттиқ таъсир қилган эди. Самарқанд ишғолидан кейин тўпланган кенгашда бундан буёнига бошқа бирор кимсадан ёрдам келмаслигига қаноат ҳосил қилинди.

Воқеанинг давомини доктор Сиржоний шундай тасвирлайди: «Лаънати Чингизхон Самарқанддек гўзал, кўҳна шаҳарни илгари кўрмагани сабаб, унга маҳлиё бўлиб, Самарқандни ўзига қароргоҳ қилди. Сўнгра хаёлига келган илк фикр Хоразм давлати бошлиғини йўқ қилиш бўлди, чунки давлат бошлиғи ўлдирилса, ўзига қарши қўшин тўплай оладиган кимса қолмасдан, ўлкани хотиржам ва осонгина эгаллай оларди. Шу мақсадда Субутой, Жебе ва Чингизхоннинг куёви Тохучар бошлиқ[1] 20 минг[2] отлиқ изқуварларни Хоразм давлати бошлиғи Хоразмшоҳни тутиб келиш учун жўнатаркан уларга: «Хоразмшоҳни қаердан бўлса ҳам, агарчи осмонга чиқиб кетган бўлса ҳам топасизлар», деди.[3]

Шундай муҳим ва катта бир вазифага 20 минггина қўшинни жўнатиши Хоразмшоҳ ва Ислом умматининг устидан очиқчасига кулганлигига, мазаҳ қилганлигига ишора эди. Чунки миллионларча мусулмонларнинг ичига сафарбар этилган бу арзимаган сондаги 20 минг мўғул армияси мусулмонлар сонига нисбатан ҳеч қанча эмасди. 20 минг мўғул суворийлари тўғри пойтахт Урганч шаҳрига йўл олишди. Хоразмшоҳ Жайҳун дарёси, ҳозирги кундаги Амударёнинг ғарбий соҳилида эди. Мўғуллар дарёнинг шарқий соҳилига етиб келишди, дарё бу икки гуруҳни иккига ажратиб турарди. Мусулмонлар ўзлари билан мўғуллар орасини дарё ажратиб турганига ва мўғулларда қайиқлару, кемалар йўқлигига ишониб, ўзларини дадил тутардилар. Мўғуллар эса, ёғочдан бочкалар тайёрлашди, ўзлари сув ўтказмайдиган қилиб устларига сигир териларини кийишди, сўнгра бочкаларга қурол-аслаҳаларини, керак-яроқларини ва бошқа нарсаларини солишди. Сўнгра отларни сувга тушириб, думларига бочкаларни боғладилар. Маълумингизки, отлар сувда яхши сузиш қобилиятига эга. Отлар сувда сузиб, орқасига боғланган, ичига қуроллар ва бошқа нарсалар солинган бочкаларни олиб ўтар эди. Шу тариқа мўғуллар улкан дарёни кесиб ўтдилар.[4]

Муҳаммад ибн Хоразмшоҳнинг ҳамроҳлари, давлат ҳимоячилари бўлмиш Хоразм армиясининг кўзи қаерда эди?!

Мўғул аскарлари Урганч шаҳридаги мусулмонларни эсанкиратиб қўйди. Мусулмонларнинг адади жуда кўп бўлиши билан бирга қалблари мўғуллардан қўрқувга тўла эди. Ўзлари билан мўғуллар орасини катта дарё ажратиб турганига бўлган ишончларигина ўзларини йўқотмасдан туришини таъминларди. Лекин тонг отганда мўғулларни қаршиларида кўрдилар, мўғуллар етиб келибди, деб улар билан жанг қилишдими? Йўқ, аксинча, қочишдан бошқа чора топмадилар! Бу ҳодисани Ибнул Асир шундай баён қилади: «Муҳаммад ибн Хоразмшоҳ хос кишиларига ҳам қиё боқмай, қариндошларини, яхши кўрганларини ва оиласини тўплада-да, ҳозирги кундаги Эронда жойлашган Нишопурга қараб йўл олди. У шаҳардан бу шаҳарга кўчиб юрди, мунтазам армия эса, ҳар томонга тарқалиб кетди.[5] Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ.

Мўғул изқуварларининг вазифаси маълум ва аниқ: Муҳаммад ибн Хоразмшоҳни тутиб келиш эди. Шунинг учун улар Урганчга кирмадилар, Нишопурга қараб йўналдилар. 20 мингдан кўп бўлмаган ҳолларида Ислом ерларининг тобора ич-ичигача кириб борардилар. Чингизхоннинг ўзи эса, Самарқандда ўтирарди. Бу 20 минг мўғул аскарни Ислом диёрларининг тўрисига кириб келганларида ўртага олиб қириб ташласа бўларди, аммо мусулмонларнинг қалбларига мўғуллардан бўлган қўрқув ўрнашиб бўлган эди. Кўриб турганимиздек, давлатдан давлатга, шаҳардан шаҳарга қочиб юрган бошлиқлари Муҳаммад ибн Такаш Хоразмшоҳга эргашган ҳолатда қочиш йўлини танладилар. Бу қутурган мўғул изқуварлари олдиларидан чиққан шаҳарлар аҳолисини ўлдирмадилар, талон-тарож қилмадилар ва уларга қайрилиб ҳам қарамадилар. Чунки топшириқлари ва мақсадлари аниқ эди, вақтларини ўлдириш, ғаниматлар жамлашга сарф қилмадилар, фақат мусулмон бошлиқни ушлашни қасд қилдилар. Бошқа томондан, инсонлар ҳам мўғулларнинг ғазабини келтириб, ўзларига бало орттириб олмасликлари учун уларга қаршилик қилмади ва барча инсонлар уларга йўл очиб бердилар. Мана шу тариқа мўғул аскари жуда осонлик билан қисқа вақт ичида буюк Нишопур шаҳрига яқин келди. Мўғуллар ортидан қувиб келаётгани сабабли Хоразмшоҳ атрофига на ансорларни ва на армияни тўплай олди. Мўғуллар яқинлашиб қолганини эшитиши биланоқ, шаҳарни тарк қилди ва ҳозирда Эронда жойлашган Мозандарон шаҳрига йўл олди. Мўғуллар уни шаҳардан чиқиб кетганини эшитганида, улар ҳам унинг изидан Мозандаронга қараб юрдилар. У эса, Мозандарондан чиқиб, Ҳамадон шаҳрига отланди. Бу шаҳар ҳам Эронда жойлашган. Мўғуллар унинг пайида... У яна шармандаларча қочиб, яна Мозандаронга қайтди. Ундан сўнг, Хазар[6] денгизи соҳилида жойлашган Тобаристон шаҳрига юзланди.[7]

Насавийнинг хабар беришича, у маълум вақт соҳилдаги қишлоқларнинг биридаги масжидда мусулмонларга имомлик қилиб юрди. Агар Оллоҳ таоло мўғуллардан омонлик бериб, салтанатимни қайтариб берса, адолатни қоим қиламан, деб назр қилди.[8] Баногоҳ, яшириниб юрган жойи мўғул изқуварларга маълум бўлиб қолади ва унинг маконига ҳужум қилишади. Шунда у ердан қочиб, денгиз соҳилида кемага минади ва қочиб кетади, мўғуллар етиб келганида Хоразмшоҳ соҳилдан анча узоқлашиб қолган эди, улар кема тополмай, орқасидан камондан ўқ узишади, ўқлар ҳам мўлжалга тегмайди. Ўқлар ҳавога кетганини кўриб, жаҳл устида бир-бирларини ғиж-ғижлаб, кема ортидан баъзилари ўзини денгизга отади, Насавийнинг таъбири билан айтганда, сув уларни дўзах сари бошлади, яъни улар денгизга ғарқ бўлди.[9] Мусулмонларнинг буюк бошлиғи Муҳаммад ибн Такаш Хоразмшоҳнинг қочоқлиги ниҳоясига етган, мўғуллардан «ғоят зўр» қутулган эди.

Хоразмшоҳ шармандаларча қочиб Обискун[10] оролида жойлашган Амина қалъасига ҳолдан тойган ва касал ҳолда етиб олади.[11] Ушбу қалъада қаттиқ фақирлик ва оғир ҳаёт кечиришга рози бўлади. Бепоён давлатнинг подшоси, ҳисобсиз мол-мулкнинг соҳиби эди, лекин ўлимдан қочиб, буларга рози бўлган эди. Аммо у ўлимдан ҳеч ким қочиб қутула олмаслигини унутган кўринади. Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ кўп ўтмасдан зотилжам касали оқибатида[12] 617 йил 22 зулҳижжа/1221 йил 24 феврал куни шу оролда, ўша қалъа ичида ёлғиз, бадарға қилинган, қочоқ ва фақир ҳолатда оламдан кўз юмди.[13]

Ҳатто кафанлик ҳам тополмасдан, уни эгнидаги кўйлагига кафанладилар.[14] Субҳаноллоҳ!
«Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олур».[15]
«Ҳар бир жамоат учун ажал бордир. Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соат кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар».[16]
Мусулмон подшоҳни номаълум оролда хор бўлиб ўлгани афзал эдими ёки қадди рост, мағрур, собитқадам ва қалби хотиржам ҳолатда жанг майдонида ўлганими?!
Ортига қиё боқмай қочқин ҳолатда ўлган яхшими ёки шаҳид ҳолатда кетганими?!
Инсон ўлим вақтини белгилай олмайди, лекин ўлим йўлини танлай олади. Шижоат умрни ҳеч қачон қисқартирмаганидек, жангдан қочиш ва қўрқоқлик ҳам умрни узайтирмайди. Оллоҳнинг йўлида жангда юрган киши тўшагида ўлса ҳам, Оллоҳнинг йўлида ўлган ҳисобланади. Имом Муслим ўзининг «Саҳиҳ»ларида Саҳл ибн Ҳунайф разияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ким Оллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи тўшагида ўлса ҳам, Оллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади».[17]

Абу Абдуллоҳ Шоший

-------------

[1] Рашидуддин «Жомиъут-таворих» (1/371, 374).
[2] Ибнул Асир «ал-Камил фит-Тарих» (12/369). Жувайний ва Насавийнинг ривоятида 30 минг экани айтилади. Насавий «Сийратус-султон» (102-бет), «Мўғул истилоси» (171-бет).
[3] Ибнул Асир «ал-Камил фит-Тарих» (12/371), Ибн Касир «ал-Бидаяту ван-Ниҳоя» (17/91), Сиржоний «Қиссатут-татар» (34-бет).
[4] Ибнул Асир «ал-Камил фит-Тарих» (12/370), Ибн Касир «ал-Бидаяту ван-Ниҳоя» (17/92).
[5] Ибнул Асир «ал-Камил фит-Тарих» (12/370), Ибн Касир «ал-Бидаяту ван-Ниҳоя» (17/93), Насавий «Сийратус-султон» (104–106-бетлар).
[6] Каспий денгизи.
[7] Ибнул Асир «ал-Камил фит-Тарих» (12/371), Ибн Касир «ал-Бидаяту ван-Ниҳоя» (17/93).
[8] Насавий «Сийратус-Султон» (106), Саллабий «ал-Мўғул» (121).
[9] Насавий «Сийратус-Султон» (106-бет).
[10] Рус. Абескун. Баъзи манбаларда Ашура ороли деб келган.
[11] Насавий «Сийратус-Султон» (106), Саллабий «ал-Мўғул» (121-бет).
[12] Насавий «Сийратус-султон» (106-бет).
[13] Ибнул Асир «ал-Камил фит-Тарих» (12/371), Саллабий «ал-Мўғул» (121), Насавий «Сийратус-султон» (107-108).
[14] Насавий «Сийратус-султон» (108-бет).
[15] Нисо: 78.
[16] Аъроф: 34.
[17] Муслим ривояти (3/1517), (1909).

 
Баннер