Бобуртепада ноёб деворий расмлар аниқланди
Босма

Келгусида олиб бориладиган археологик қазишмалар ва тадқиқотлар деворларида безаклар сақланиб қолган ушбу иншоотнинг дастлабки вазифасини янада аниқроқ белгилаш имконини беради.

ТОШКЕНТ, 27 август — Sputnik. Қашқадарёдаги Бобуртепа ёдгорлигида археологлар ноёб деворий расмларни аниқладилар. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Қашқадарё вилояти Қамаши туманида жойлашган Бобуртепа археологик ёдгорлигида олиб борилаётган археологик қазишмалар жараёнида қадимий иншоот қолдиқлари, шунингдек, деворий расмларнинг ноёб намунаси аниқланди», — дейилади хабарда.

Иншоот хоналаридан бирининг ғарбий деворидаги лой сувоқ устига лолалар ва оқ гуллар тасвирланган. Гуллар тасвири қизил рангдаги ингичка, тўлқинсимон чизиқлар билан безатилган. Кейинчалик деворий расмлар усти оқ оҳакли сувоқ қатлами билан қопланган.

«Бинонинг маҳобатли ва қалин деворлари, шунингдек, унинг сақланиб қолган безак элементлари мазкур иншоот милодий IV–V асрларда ибодатхона ёки бошқа диний маросимлар ўтказиладиган иншоот сифатида фаолият юритган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишга имкон беради», — дейилади хабарда.

Археологик тадқиқотларни Археология институтининг Самарқанд филиали ходими Санжар Абдураҳимов олиб бормоқда.

Унинг сўзларига кўра, келгусидаги археологик қазишмалар ва тадқиқотлар иншоотнинг дастлабки вазифаси, унинг меъморий тузилиши ҳамда тарихий аҳамиятини янада аниқроқ белгилаш имконини беради.

Абу Муслим (профессор) тайёрлади