|

Ўлимидан олдин у ўзи учун камдан-кам учрайдиган хотиржам ҳолатда бўлган. Сўнгги йилларда уни шафқатсиз оғриқ хуружлари, қоронғу башоратлар, оғир виждон азоблари қийнаган. Гувоҳлардан маълумки, ўлим куни тонгда у касаллигидан бироз енгиллик сезган, илиқ ванна қабул қилган ва Бельский билан шахмат (ёки шашка) ўйнашга ўтирган. Бу куни у меҳрибон ва хотиржам бўлган. Ўйин вақтида унга зарба етган. Ўлаётган подшоҳ у олдиндан истаб қолдирган хоҳишига биноан, соч қирқиш маросими ўтказилган ва у тошдан ясалган подшоҳона тобутга қўйиб дафн этилган.
Бироқ, бу манбага тўлиқ ишониш мумкинми? (Подшоҳнинг ўлим олдида шашка ўйнагани ҳақидаги версия чет эллик шахсдан чиққан бўлиб, у Россия ҳукмдорининг сарой тартиб-қоидаларини етарлича билмагани кўринади.)
Қабр очилганда, олимлар дарҳол саркофагнинг ён деворлари жуда юпқа эканини пайқашган. Эҳтимол, уларни дафн олдидан шошилинч равишда яна қириб юборишган. Бу тафсилот подшоҳнинг касаллиги ҳақида айрим нарсаларни очиб беради. Кўринишича, марҳум ўлимга яқин пайтда жуда семирган ёки шишиб кетган ва олдиндан тайёрланган тобутга сиғмай қолган бўлиши мумкин.
Тўрт аср аввал вафот этган подшоҳнинг ўлим сабабини аниқлаш учун бир неча ой керак бўлган. Кимёвий таҳлил Иван IV организмида симоб миқдори жуда юқори бўлганини кўрсатган. Шунингдек, симоб организмга нисбатан узоқ вақт давомида кириб тургани аниқланган. Бу ўша давр тиббиётида қўлланилган симобли мазлар билан даволаш натижасими? Ёки ўлим сабаби заҳарланиш бўлганми?
Бу каби тахминларни рад этиш мумкин эмас эди. Якуний хулосалар учун вақт керак бўлган. Шу билан бирга, олимлар кўплаб суяк чиқиндиларини — остеофитларни аниқлаганлар. Улар умуртқа поғонасида, чаноқ суягининг илияк қисми қирғоқларида, бўғимлар атрофида жойлашган эди.
Ўша давр зодагонлари хонадонларида «тирик сув» (ёки «тирик кумуш») солинган идишни очиқ ҳолда сақлаш одати бор эди. Гўё бу эгасига узоқ умр бағишлар экан. Балки подшоҳ ҳам шундай қилгандир. Ўша пайтда симоб буғларининг зарарли таъсири ҳақида билишмаган.
Остеофитларнинг пайдо бўлиш сабаблари жуда хилма-хил. Бу қарилик артрози (бўғимнинг сурункали яллиғланиши) белгиси бўлиши мумкин, у кўпинча алоҳида бўғимларни зарарлайди. Остеофитлар эндокрин бузилишлар заминида ҳам пайдо бўлиши мумкин; ёмон сифатли ўсмаларда — масалан, простата бези саратонининг остеосклеротик метастазлари сифатида. (Кейинчалик патологоанатомлар тахминига кўра, айнан шу сўнгги вариант бизни кўриб чиқаётган ҳолатда энг эҳтимолли бўлган.)
Бу суяк ўсмалари баъзан секин ўсади ва беморга катта ноқулайлик туғдирмайди, аммо кўпинча оғриқлар ҳатто кичик ҳаракатларда ҳам пайдо бўлади, айниқса Иван IVда бўлганидек, бўғим юзаларининг қирғоқларида жойлашган «шиплар» ёки «тўсинлар» каби ўсмаларда. Оғриқлар кескин ва азобли бўлиб, қайта-қайта такрорланади — чунки ўсмаларнинг ўткир қирғоқлари нервлар ва қон томирларини сиқади, мушакларга санчилади.
Иван IVнинг сўнгги йиллардаги ҳаёти нақадар азобли бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас — на фақат уйғоқ ҳолатида, балки тунда ҳам, тўшакда тасодифий ҳаракатдан оғриқ пайдо бўлар, у инсонни ҳолдан тойдирар, уйқусиз қолдирган.
Табиблар берган ҳеч қандай дори-дармонлар, ғарблик шифокорларнинг маслаҳатлари ҳам эҳтимол подшоҳга ёрдам бермаган, фақат вақтинча енгиллик бериб, оғриқни сусайтирган, холос. Ўша давр тиббиёти даражасида подшоҳни даволаб бўлмас эди. Ана шу узлуксиз азоблар Иван Грозний характеридаги даҳшатли ўзгаришларга олиб келган бўлиши мумкин, бу унинг кўплаб ҳаракатларини тушунтиради. Доимий оғриқ стрессида бўлган ҳолда, у мутлақо олдиндан айтиб бўлмайдиган одамга айланган.
Биринчи рус подшоҳининг кули эҳтиёткорлик билан картон қутиларга жойланиб, алоҳида эҳтиёт чоралари билан Герасимовнинг пластик реконструкция лабораториясига олиб борилган. (Кулни эски Калуга йўли орқали олиб боришган — тўрт аср аввал Иван IV ҳаётлигида бу йўлдан бир неча бор ўтган. Яқинда, ҳозир Москва университети шпили кўтарилиб турган Воробьёво қишлоғида, подшоҳ 1547 йил қўзғолони пайтида яшириниб турган эди.)
Лабораторияда қутиларни очишди ва бош суяк олимнинг иш столига қўйилди. Иван IV қиёфасини тиклаш бошланди. Аввало, бош суяк яна бир бор махсус, суякларни мустаҳкамловчи эритма билан синчиклаб ишловдан ўтказилди, консервация қилинди. Кейин гипс нусхалар олинди. Герасимов ана шу нусхалар билан ишлай бошлади, асл бош суяк эса дахлсиз ҳолда қолдирилиб, қабрга қайтарилишини кутди.
Дастлабки босқич — энг масъулиятлиси: юз мушаклари пайлари бириккан жойларни пухта ўрганиш, аниқ ва қайта-қайта ўлчашлар, олинган маълумотларни таҳлил қилиш… Ва фақат январь ойида (қабр очилганидан қарийб ярим йил ўтиб) Герасимов Иван Грозний юз қиёфасини реконструкция қилишга киришди.
Ўз усулига кўра, ҳайкалтарош подшоҳ бош суяги нусхаси устига пластилиндан мушак тўқималарини қўйиб чиқди, бош суякнинг барча хусусиятларига диққат билан амал қилди. Энг кичик нотўғри детал ҳам келажакдаги ҳайкал портретининг ишончлилигига таъсир қилиши мумкин эди.
Баъзан шубҳалар ҳам пайдо бўларди. Масалан, бош суяк томонининг чоклари жуда ёшдек кўринди, 53 ёшга тўғри келмайдигандек эди. Қўшимча синчиклаб текшириш шундан далолат бердики — ҳеч қандай аномалия йўқ.
Яна бир мисол. Грознийнинг жуда яхши сақланган тишлари антропологлар ва анатомларни ҳайратга солди. Барча тиббий маълумотларга кўра, тишлар подшоҳ ёшидан тахминан йигирма йилга ёшроқ эди — текис, мустаҳкам, ейилмаган, икки курак тиши умуман емирилмаган, қулоқ тишлар энди чиқиб келаётган эди — ёш одам тишлари каби.
(«Тасаввур қиласизми, солномаларда подшоҳ Иваннинг 40 ёшигача айрим тишлари сут тишлари бўлгани ҳақида ёзилган. Албатта, биз бунга ишонмаган эдик. Аммо ҳаммаси ҳақиқат бўлиб чиқди!» — деган эди бир куни Герасимов. Бу қандайдир генетик аномалия бўлган, аслида ижобий. Афсуски, бу белгини на юқори авлодларда, на қуйи авлодларда кузатиб бўлмади. Масала фақат фактни қайд этиш босқичида қолди.)
Қуйи жағ ёйи жуда тик бўлган, бундай ҳолларда тил оғиз бўшлиғида одатдагидан баландроқ жойлашади. Эҳтимол, Грозний бироз шивирлаб гапиргандир. Аммо подшоҳнинг бундай нутқ нуқсонлари ҳақида замондошлари одатда ёзиб қолдирмаган.
1964 йил март ойига келиб мушак тўқималари, ниҳоят, тўлиқ моделлаштирилди ва Герасимов якуний ишловга киришди… Иван IVнинг юзи тор, иродали, биқини чиққан катта бурни, кичик оғзи, баланд пешонаси, катта кўзлари, қуйи юз қисми бир оз олдинга чиққандек бўлиб чиқди.
Сақланиб қолган скелетга қараб подшоҳнинг гавдаси ҳам тикланди. Иван Грозний баланд бўйли, йирик, сал семиз, кучли ва бақувват бўлган. Унинг елкалари кенг, мушаклари яхши ривожланган эди.
Ҳа, у Черкасов ижро этган подшоҳга унчалик ўхшамайди. Репин чизган ўғилқотил подшоҳга ҳам, Антокольский ҳайкалига ҳам ўхшамайди…
Иван Грозний ёнида унинг ўғли, у томонидан ғазаб хуружида ўлдирилган, йигирма етти ёшли шаҳзода Иван дафн этилган. Унинг қабридан чиримай сақланган қалин, узун рус сочлари топилди. Шаҳзоданинг кийим матоси ҳам сақланган — ювилиб тозалангандан сўнг у ипак, олтинранг тусли тўқ сарғиш рангда экани маълум бўлди.
Аммо, афсуски, шаҳзоданинг бош суяги вақтга дош бермади. Биз шаҳзода Иван қандай ўлдирилганини ҳеч қачон билмаймиз. У отасига ўхшаганми-йўқми — бу ҳам номаълум.
Грознийнинг бошқа ўғли — подшоҳ Фёдорнинг бош суяги ҳам ёмон сақланган. Шунга қарамай, Герасимов Фёдорнинг портретини реконструкция қилди. Уни қандайдир сабаб билан жуда шошилиб дафн қилишган. Саркофаг қопқоғига ёзув ўйган усто сўзларни тўлиқ ёзиб улгурмаган. «Иисуса» ўрнига «Ису» деб ёзилган, «благочестивый» сўзида биринчи ва охирги ҳарфлар йўқ, «а» боғловчиси икки марта ўйиб ёзилган. Ёзувнинг юқори қатори тўғри кетган, пастида эса гўё «шошилган», қиялаб тушиб кетган.
Эҳтимол, вафот этган подшоҳ Фёдор билан ортиқча маросим қилиш шарт эмас деб ҳисоблашган. Унинг қайниниси Борис Годунов ҳокимиятга интилаётган эди…
Фёдор Иоаннович нимадан вафот этган? Солномалар бу ҳақда қисқа ёзади. Сабаб оддий — «хурматсизлик қилмаслик», яъни янги кўтарилган ҳокимият эгалари билан низога кирмаслик. Фақат Псков солномасида уни Годунов заҳарлаган, деган тахмин бор.
Замонавий кимёвий таҳлиллар Фёдор организмида мишьяк миқдори юқори бўлганини кўрсатди ва заҳарланиш версияси энг эҳтимолли деб топилди.
Қабрлар қаторидан илгари тўртинчиси ҳам бор эди — Борис Годуновники. Очиб қаралганда, у бўш чиқди…
Шу билан тарихий гувоҳлик тасдиқланди: Лжедмитрий I подшоҳ Бориснинг жасадини саркофагдан чиқартириб, камбағал ёғоч тобутда чекка Варсонофьев монастирига кўчириб боришни буюрган.
Лжедмитрийдан кейин тахтга чиққан бояр подшоҳ Василий Шуйский Иван Грознийнинг кичик ўғли Дмитрийнинг қолдиқларини Угличдан Москвага кўчириб, уларни Годуновнинг аввалги қабрига қўйишни буюрди. Аммо кичик Дмитрийнинг жасади ерга қўйилмай, Архангел соборининг марказида махсус ковчегга қўйиб, зиёрат учун қолдирилди. Кейин Шуйский Дмитрий қолдиқларини Угличдан аждодлар қабрига кўчиришни буюрганда, боланинг жасади чиримай сақлангани ҳақида миш-мишлар тарқалди… Москвага олиб кетилаётганда эса, гўё ярасидан қип-қизил қон оқиб чиққан, дейишди. Дмитрий айбсиз ўлдирилган, муқаддас шаҳид деб эълон қилинди.
Ростдан ҳам Архангел соборига Дмитрийнинг қолдиқлари олиб келинганмиди? Ёки чиримаслик саҳналаштирилиши учун бошқа, подшоҳ авлодидан бўлмаган чақалоқ ўлдирилганмиди?
Бу саволга жавоб бериш фақат чақалоқнинг бош суяги сақланган бўлса мумкин. Иван IV — отанинг қиёфаси тикланди. Кремлда Дмитрийнинг онаси Мария Нагойнинг қабри бор. Қолдиқларни солиштирма таҳлил қилиш (шунингдек, ота-она ва ўғил портретлари) ўтмишнинг яна бир сирини очиши мумкин.
Иван IV ва унинг ўғилларининг ўлим ҳолатлари мураккаб ва ноаниқ. Иван Грозний ва унинг ўғли Фёдор қиёфалари қайта тиклангандан сўнг, уларнинг қолдиқлари қабрларига қайтарилди. Оғир қабр тошлари ўз жойига қўйилди. Аммо Иван IV ва унинг болаларининг ҳаёти сири очиқ қолди.
Абу Муслим (профессор) тайёрлади
|